17.2.3. «Миръот ул-мамолик»
«Миръот ул-мамолик» («Мамлакатлар кўзгуси») ХVI асрда ўтган турк адмирали Сейди Али Реис асаридир. Муаллифнинг тўлиқ исми Сейди Али Ҳусайн ўғли, шеърларини Котибий Румий тахаллуси билан ёзган. Сейди Али Реис кенг маълумотли денгизчи бўлиб, султоннинг
Мағриб денгизи, Ўрта Ер денгизи да олиб борган барча урушларида, Хайруддин пошо ва Синон пошо раҳбарлигида иштирок этган. Отабоболари Ғалатиядаги доруссалохийи омира, қурол-яроғ омборига бошчилик қилганлар.
Унинг хавф-хатарлар билан тўла саргузаштлари 1554 йилнинг феврал ойида Суриянинг Басра шаҳридан бошланади. Турли саргузаштларни бошдан кечириб, денгизчи ўз ҳамроҳлари билан Ҳиндистон, Бадахшон, Мовароуннаҳр, Хоразм, Дашти қипчоқ, Хуросон ва Ироқи Ажам (Ғарбий Эрон)да бўлган. У ўз юртига 1556 йилда қайтиб боргунча ўша мамлакатларда кўрган-билганларини бир китобга жамлаб уни «Миръот улмамолик» деб атади.
Асарда муаллифнинг кўрган-кечирганлари, ўзи бўлган мамлакатларнинг ХVI аср ўрталаридаги ижтимоий-сиёсий аҳволи ва халқи ҳақида қимматли маълумотлар учратамиз.
Масалан, Сейди Али Реис ўша пайтларда Мовароуннаҳрни эгаллаб турган Наврўз Аҳмад Бароқхон ва Шайбонийлар билан Туркия ўртасидаги муносабатлар ҳақида мана бу маълумотларни келтиради; «Самарқанди беҳишти монандга доҳил бўлдик. Бу ерда Наврўз Аҳмадхон, яъни Бароқхон билан кўришиб, унга келтирган фақирона тортиғимизни тақдим этдик. Хон бу фақирга битта от, бош-оёқ сарупо марҳамат қилди. Бундан аввал саодатли подшо (Султон Муҳаммад Фотиҳ) шайх Абдуллатиф ва Додош элчи орқали Бароқхонга бир миқдор милтиқ отувчилар ва бир қанча қалъа тўплари юборган эди. Элчилар келган пайтда Самарқанд подшоси Абдуллатифхон вафот этиб, Бароқхон Самарқандда хонлик тахтига ўтирган, Балхда Пирмуҳаммадхон, Бухорода эса саййид Бурхон султон ўз номларига хутба ўқитганлар. Бароқхон шу икки хонга қарши бирор чора кўришга қодир бўлмаса-да, кейинроқ уларнинг ўзаро низоларидан фойдаланган. Аввал Самарқандни олгач, кейин Шаҳрисабзга бориб у ерда ҳам кўп уришган. Бу урушда румлик(турк)ларнинг бир қанча бошлиқлари ўлган. Ниҳоят, Шаҳрисабз унинг қўлига ўтган. Яна у ердан Бухорога бориб шаҳарни бир неча вақт қамал қилган. Бухоро хони саййид Бурхон Бароқхонша бардош беролмай, Қоракўлни Балх хони Пирмуҳаммадга берган. Пирмуҳаммадхон ўз инилари юбориб, Қоракўлни қўлга киргизган. Охири саййид Бурхон дош беролмай, Бароқхондан омонлик тилаб, ўртада сулҳ тузилган. Бароқхон Бухорони яна саййид Бурхонга топшириб, ўзи Қоракўл устига юрган. Пирмуҳаммадхоннинг инилари Бароқхондан омонлик тилаб, Қоракўлни унга топширганлар. Бароқхон уни ҳам саййид Бурхонга қайтариб, ўзи Самарқандга қайтган... Бароқхоннинг ёнида атиги 150 га яқин румлик найзабоз қолган. Қолганлари унинг ўғиллари ёнида қолган». («Миръот ул-мамолик», 101-102- бетлар).
Сейди Али Реиснинг Қазвинда Эрон подшоси шоҳ Таҳмосиб (15241576 йй.) билан учрашуви ҳақида келтирган маълумотлар ўша йиллари Туркия Шайбонийлар давлати ва Эрон ўртасидаги муносабатларини тушунишда жуда муҳимдир. Асарда хусусан мана буларни ўқиймиз; «Шоҳ (Шоҳ Таҳмосиб) нинг элчиси Собит оға Табриз йўли орқали подшоҳ ҳазратлари (Султон Сулаймон соний қонуний, 1520-1566 йй.) ҳузурига биздан олдин жўнаб кетган эди, шоҳ (шу сабабдан) бир неча ойгача бизга кетишга рухсат бермай, бир неча марта чақириб, кўп суҳбатлашди. Бир кун суҳбат вақтида «Рум диёри Бароқхонга ёрдам бкриш учун 300 та яничар98 юборилган экан»,- деди. Мен улар Бароқхонга ёрдам бериш учун эмас, балки шайх Абдуллатиф ҳазратларини қўриқлаб Румга олиб кетиш учун юборилган эди, чунки Аштархон (Астрахан) йўлида хожа Аҳмад Яссавийнинг авлодлари Бобо шайхни черкас шаҳид қилгани сабабли, бу йўллар ёлғиз юришга хатарли ҳисобланиб қолган эди. Агар ёрдам учун юборилганда, фақат 300 тагина эмас, балки бир неча минг аскар юборилар эди»,-деб жавоб бердим.» («Миръот ул-мамолик», 122-бет).
«Миръот ул-мамолик»да адмирал ва унинг шериклари босиб ўтган мамлакат ва шаҳарлар , уларнинг осори атиқалари ҳақида ҳам қимматли махлумотлар келтирилган.
«Миръот ул-мамолик» матнини Аҳмад Жавдод тошбосма усули билан 1895 йили Истанбулда чрп этган. Уни Г.Вамбери инглиз тилига таржима қилиб 1899 йили Лондонда чоп этган. Асар Ш.Зуннунов томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, 1963 йили Тошкентда нашр этилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |