Амир Темур давлатининг ташкил топиши арафасида Хитой ва Ҳиндистон XIV асрда Деҳли султонлиги худуд жиҳатдан Ҳиндистондаги энг катта давлат ҳисоблансада, табора кучсизланиб бораётган эди. Амир Темурнинг замондоши бўлган Ҳинд султони Ферузшоҳ даврида султонлик ўз вассалларининг исёнларини бўйсундириб туришгагина қудрати базўр етаётган давлат эди. Натижада Ҳиндистонда жуда кўп мусулмон ва ҳинд феодал давлатлари бир-бирлари билан узлуксиз кураш олиб борардилар. 50 ва 60- йиллар давомида Деҳли Султонининг вассал рожалар билан олиб борган урушлари натижасида Бенгалия, Синд, Орисса ва Гужарат вилоятлари ғоят хонавайрон бўлган эди. Тўхтовсиз ички феодал урушлари Деҳли султонлиги таназзулининг асосий сабаблари бўлди. 70—80- йилларда Деҳли султони ўз қўлида қолган озгина ерларни ҳам ҳимоя қилишга қодир эмасди.
XIV асрда Хитойда мўғул императорига қарши саройда бир неча марта фитна уюштирилди. Аҳолининг кенгроқ доиралари ўртасида ўз олдига мамлакатни чет элдан келган ҳукмронлардан озод қилишни мақсад қилиб қўйган миллий ташкилотлар тузилди. 1351 йилда Хэнань ва Шаньдунь вилоятларида «Оқ нилуфар» деган иттифоқ томонидан тайёрланган «қизил пешанабоғлилар» қўзғолони бошланди. 1356 йилда «қизил пешанабоғлилар» мўғул сулоласининг пойтахти бўлган Яньцзин (Пекин) шаҳрини таҳдид остида қолдирдилар. XIV асрнинг 60- йилларида Хитой вилоятларннинг кўпчилигида мўғулларга қарши қўзғолонлар бўлди. Миллий ҳаракатни ишга солувчи асосий куч дсҳқонлар бўлди. Қўзғолончи деҳқон армиясининг раҳбарларидан Чжу Юань-чжан император деб эълон қилинди (1369 йил). У таъсис қилган янги династия Мин династияси деб аталадиган бўлди. Бу династия 1368 йилдан то 1644 йилгача Хитойни идора қилди. Бу династия дастлаб Нанкин шаҳрини ўзига пойтахт қилиб олди, лекин кўп ўтмай (мўғуллар давридаги каби) марказ яна Яньцзин шаҳрига кўчирилади, бу шаҳар энди Пекин деган янги расмий ном олди.
Ўз ички аҳволини мустаҳкамлаб олган династия янги ерлар босиб олиш ҳамда Хитойнинг ташки бозорларини кенгайтириш мақсадида истилочилик юриши уюштирди. Чжу Юань-чжан замонидаёқ Корея билан Тибет Хитой императори ҳукмронлиги остида эди. Унинг ворислари Аннамни истило қилдилар ва Индонезияга, Ҳинди-Хитойга, Малаккага ҳарбий экспедициялар юбордилар. Бу мамлакатлардаги кичикроқ. ҳокимларнинг бир қисми Хитой императорининг олий ҳокимпятини тан олди. Хитойлар Индонезия билан Ҳинди-Хитойга кўплаб кўчиб бора бошладилар. Мин ҳукумати Ҳинди-Хитой, Индонезия, Ҳиндистон ва ҳатто Шарқий Африка қирғоқларига систематик тарзда йирик ҳарбий денгиэ экспедицияларини юбориб турди. Адмирал Чжэн-Хэ бошчилигидаги 1403—1433 йиллар мобайнида юборилган еттита денгиз юришлари айниқса катта бўлган эди. Хитой императорлари ўз худудларини ғарб томонга ҳам кенгайтиририб боришга интилишлари кейинчалик Амир Темур давлати билан тўқнаш келишларига олиб келиши мумкин эди.
Юқоридагилардан хулоса қилиб шуни алоҳида таъкидлаш мумкинки, Чиғатой улуси парчаланиб, унинг ўрнида Мовароуннаҳр ва Мўғулистон (Дуғлат) амирликлари пайдо бўлди. Мўғулистон ҳукмдори Тўғлуқ Темур Чиғатой улусини тиклаш ниқоби остида Мовароуннаҳрни босиб олишга тайёргарлик кўра бошлади. Эрон ўзаро низолашаётган бир қатор давлатларнинг урушлари натижасида табора вайрон бўлиб бораётган эди. Худди шу ҳолатни Ҳиндистон ва Олтин Ўрда давлатларида ҳам кузатишимиз мумкин эди. Лекин, Олтин Ўрда Тўхтамиш даврида ўз қаддини қайта тиклаб яна ўз даврининг буюк давлатларидан бирига айланди. Амир Темур давлати пайдо бўлаётган даврда Кичик Осиёда Усмонли турклар давлати, Мисрда мамлуклар султонлиги, Хитойда эса Мин сулоласи ўз худудларини кенгайтириб янги буюк давлатга асос солаётган эдилар. Кейинчалик, бу давлатлардан Олтин Ўрда, Усмонли турклар, Миср мамлуклари давлатлари Амир Темур давлати билан жиддий тўқнашдилар. Хитой билан бошланган низолар эса Амир Темур вафоти туфайлигина жиддий тўқнашув даражасига етиб бормади.