Монийлик (Манихейство) таълимоти
Моний тарғиб қилаётган диннинг асоси нур ва зулмат ўртасидаги азалий кураш таълимотидир. Унинг мазмун-моҳияти эса нурнинг зулмат устидан ғалаба қозонишига кўмаклашиш ғоясидир. У бутун борлиқ – жонли ва жонсиз табиат инсоният жамияти ўз ибтидосидан бошлаб ана шу икки қарама-қарши дунёнинг қутбларида туриб курашиб келадилар, деб тушунтиради. Монийликдаги нур ва зулмат тушунчалари эзгулик ва ёвузлик каби ижтимоий-ахлоқий категорияларнинг тимсоли сифатида ифодаланади.
Монийлик зардуштийлик ва христианликнинг хусусиятларини ўзида жам қилган. Монийлик христианликдан мессия (халоскор) ҳақидаги ғояларни олган. Зардуштийликдаги дуализм — яхшилик билан ёвузлик, нур билан қоронғулик, руҳий олам билан моддийлик орасидаги кураш Монийлик эътиқодининг асосини ташкил этади. Биринчи оламда худо, иккинчисида – шайтон (Иблис) ҳукм суради. Икки олам кураши фалокат билан тугайди. Натижада моддийлик ҳалокатга учраб, руҳ озодликка чиқади.
Монийлик таълимотига кўра, бу дунё ёвузлик дунёсидир. Инсон икки унсурдан – нур фарзанди бўлган руҳ ва зулмат фарзанди ҳисобланмиш жисмдан иборат. Шунинг учун ҳам у зулматга қарши курашда нур кучларига мадад бера олади. Моний ўзини Исо ишининг давомчиси, Инжилдаги “Фораклит” (Параклет) деб атади.
Зардуштийликдан фарқли ўлароқ, дуализм таълимотига кўра, нур ва зулмат азалийдир. Зардуштийлар таълимотида эса зулмат, баъзи сабабларга кўра, кейинчалик пайдо бўлади. Монийликда нур ва зулмат азалийлик жиҳатидан тенг бўлиб, жавҳар (ядро), табиат (характер), феъл-ҳаракат, жойлашган тараф ва жойи, унсурлари, жисм ва руҳлари жиҳатидан турличадир. Ҳеч бир нарса йўқдан бор бўлмайди. Азалда бор нарса йўқ бўлмайди. Шунинг учун ҳам нур ва қоронғулик азалий ва абадийдир. Бу иккала куч ҳам кучли, эшитувчи, кўрувчи, сезгир, билимдондир. Аммо ўзига хос хусусиятларига кўра бир-бирига қарама-қарши муносабатда бўлган.
Моний ўз динига тарғиботни, аввало, ўз оиласи ва яқинларини даъват қилишдан бошлади. Месопотамия (Бобил), Эрон шароитида анъанавий динларнинг мавқеи анча баланд бўлгани сабабли Моний таълимоти у ерларда унча муваффақиятга эриша олмади. Натижада Моний Шарққа қараб ўз динини тарғиб қилиш мақсадида сафарлар қилди. У Хуросон, Ҳинд, Турон, Шарқий Туркистон ўлкаларида бўлди ва муваффақият қозонди. Бу ўлкаларда моний таълимотини қўллаб-қувватловчи диний жамоалар пайдо бўла бошлади.
Моний сафардан қайтгач, Сосоний подшоҳи Ардашир Папаканнинг Феруз (Пероз) ва Миршоҳ исмли ўғиллари унинг динига кирдилар. Сулоланинг иккинчи вакили Шопур I даврида Монийнинг подшоҳ саройида мартабаси янада ортиб у давлатнинг руҳий-ғоявий раҳнамосига айланди. Шундан бошлаб Моний сарой аъёнлари сафида Шопур билан бирга кўп йиллар ёнма-ён яшади. Моний барча тадбирларда, шунингдек, сафарларда подшоҳга ҳамроҳлик қилди.
244-261 йилларда Моний Миср ва бир қатор Ғарбий Европа мамлакатларида Марказий Осиё ва бошқа Шарқий Осиё ўлкаларида ўз динининг миссионерлик тарғиботларини ғоят самарали олиб борди. Бу ишда унинг Мар-Аммо сингари издошлари катта хизмат қилдилар. Моний ўзининг асарларидан бирида “менинг диним ҳар бир элда, ҳар бир юртда ва ҳар қандай тилда барча учун қуёшдай равшан бўлади ва узоқ мамлакатларга тарқалади”, – дея башорат қилган эди. Монийликнинг тарқалишида Эроннинг шарқий ўлкалари, собиқ Парфия ерлари ҳамда Марказий Осиё таянч майдони бўлиб хизмат қилди. VIII-IX асрларга келиб худди шу ўлкалар орқали Моний дини Шарқий Туркистон, Марказий Осиё бўйлаб кенг тарқалди.
Монийликнинг уйғур, туркий, суғдий, парфия тиллардаги кўплаб ёдгорликлари унинг Буюк Ипак йўли тармоқлари бўйлаб ёйилган халқаро дин даражасига етганлигидан далолат беради.
Шопур I вафот этгач Эрон тахтини унинг ўғли Ормазд I эгаллади. Лекин унинг подшоҳлиги узоққа чўзилмай, Шопурнинг бошқа ўғли Варахран I (Баҳром) тахтга келди. У зардуштийлик динига эътиқод қилувчилардан эди. Шунинг учун унинг ҳумронлиги даврида зардуштийликнинг мавқеи мавжуд барча динлар, жумладан, Монийликка нисбатан анча юқори бўлган. Зардуштийлик динининг коҳинлари Монийнинг таълимотига кескин қарши чиққанлар. Варахран I зардуштийликнинг кўзга кўринган мўъбадларидан бири Сосонийлар давлатининг олий судьяси ва “шоҳлар шоҳининг” диний устози унвонига эга бўлган Картирнинг кўрсатмаларига асосан Монийликни бошқа динлар қаторида таъқиб қилди. Бу жараён 275 йилда Монийнинг қамоққа олиниб, 277 йилда қатл этилишига олиб келди. Оқибатда, Эронда зардуштийликнинг давлат дини даражасига кўтарилишига замин яратилди. Монийлик жамоалари эса қувғинга учраб Шарқ ўлкалари бўйлаб тарқалиб кетдилар. Картир ушбу воқеаларни тасвирлаб, шундай деган: “Яҳудий, буддавий роҳиблар, брахманлар, назарейлар, христианлар, Монийлар барчаси йўқ қилинди, улар худоларининг тасвирлари ҳамда ибодатхоналари вайрон қилинди, кўплаб оташ ибодатхоналарга асос солинди”.
Монийлик Сосонийлар давлати билан бир қаторда Кушон империясида ҳам тарқалган. Бу ҳақда кўплаб тарихий ёзма манбалар гувоҳлик беради. Моний дини Марказий Осиё ўлкалари бўйлаб III асрдан то XV асргача ўз жамоаларига эга бўлиб келган. Бу диннинг тарқалиши ва тақдири ҳақида Абу Райҳон Беруний шундай дейди: “Моний даъватини қабул қилганларнинг қолдиқлари ислом шаҳарларининг бирор жойида жам бўлишлари мумкин бўлмайдиган даражада тарқалиб кетганлар. Ислом мамлакатидан ташқарида эса, Шарқ туркларининг, Хитой, Тибет аҳолисининг аксари, ҳиндларнинг баъзилари моний динига эътиқод қиладилар”.
Марказий Осиёда Монийликнинг йирик марказлари Марв шаҳри ва Самарқандда бўлган. Бу диннинг Шарқда кенг тарқалишида ушбу марказларнинг роли катта бўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: |