3.2.Узлуксиз таълим тизимида мусиқий фанларини ўқитишда инновациялар.
“Мусиқа таълими” таълим йўналишида таълим олаётган талабаларнинг ақлий имкониятларини ўстириш, уларда бадиий эстетик борлиқни бутун таровати ва жозибаси билан ҳис этишни тарбиялаш муҳим педагогик-психологик вазифа бўлиб, устоз-мураббийлардан тинимсиз меҳнат ва ташаббускорликни талаб этади.
Олий таълим тизимида ўқитиладиган мусиқий фанларнинг изчиллик ва мантиқийлик асосида режалаштирилган бўлиб, бакалавриат босиқичи талабаларида ақлий имкониятларни маълум тизим асосида ривожлантириб боришга йўналтирилган.
Мутахассислик фанлари қаторига кирувчи “Мақом асослари”, “Анъанавий хонандалик”, “Чолғу ижрочилиги ва ансамбли”, “Вокал ва замонавий мусиқа”, “Ўзбек халқ мусиқа ижоди”, “Хор ва хоршунослик”, “Чолғушунослик” ва қолаверса “Мусиқа назарияси”, “Гармония”, “Мусиқа асарлари таҳлили”, “Сольфеджио” каби фанлар талабаларнинг мусиқий билим ва тафаккурини, идрокини ўстиришда кенг имкониятлар эшигини очади.
Кейинги йилларда халқимизнинг маданий меросини, жумладан мусиқий қадриятларни ўрганиш, тиклаш ва ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилди. Айниқса, санъат олийгоҳлари талабалари орасида мумтоз мусиқа намуналари - мақомларни, халқ ашулалари ва куйларини ўрганиш, миллий созларимизда чалиш истаги ортиб бормоқда. Ана шулар эътиборга олиниб, Республикамизда фаолият кўрсатаётган олий ўқув юртларининг ўқув режаси ҳам такомиллаштирилиб, мусиқий фанларга ажратилган соатлар кўпйтирилмоқда.
Мазкур фанлар сарасига “Чолғушунослик” фанини ҳам киритиш жоиздир. Ушбу фан асосан миллий созларимизнинг пайдо бўлиши тарихи, шаклланиши, тузилиши ва уларнинг ҳозирги мусиқа ижрочилигидаги ўрни ҳақида маълумот беришга йўналтирилди.
Фан орқали талабаларда миллий чолғуларнинг анъанавий ва таъмирланган нусхалари, тузилиши ва ижро этиш маҳоратини шакллантириш, шунингдек, уларда халқимизнинг бой мусиқий ижоди ҳақида билим ва тасаввурларни оширишдан иборат.
Дарслар жараёнида миллий созларнинг гуруҳларга бўлиниши камонли созлар, нохун билан чалинадиган, пуфлаб чалинадиган ҳамда зарбли созлар ҳақида талабаларга кенг маълумот берилади. Шунингдек, гуруҳлардаги ҳар бир чолғу асбобининг тузилиши, парда хусусиятлари (аппликатураси) анъанавий ва академик (таъмирланган) турларини таққослаш йўли билан уларнинг ижро хусусиятлари таҳлил этилади.
Шунингдек, миллий созларимизнинг бастакорлик ижодиёти билан ўзаро муносабати, уларни якка ва ансамбл (жамоа бўлиб) чалиш имкониятлари ҳамда чолғуларимизнинг ўтмиши ва ҳозирги замон устоз ижрочилари ижоди билан бакалаврларни таништириш кўзда тутилган. Шу билан бирга миллий созларнинг умумтаълим мактабларида мусиқа маданияти дарсини ўтишдаги имкониятлари борасида ҳам кенг маълумот берилади.
Шуни айтиш жоизки, “Чолғушунослик” фани мусиқа мутахассислиги бўйича таълим олаётган талабаларнинг касбий билимлари ва дунёқарашини бойитиш билан бирга, уларнинг миллий мусиқий меросимиз, мақомларга бўлган қизиқишларини оширади, ўз касбларига бўлган муҳаббат ва эътиқодларини янада мустаҳкамлайди ва шу орқали тафаккур ҳамда идрокни тарбиялашга олиб келади.
Мазкур дарс жараёнида талабалар жамоа бўлиб мусиқий асарларни чаладилар ва чолғушунослик фани бўйича эгалланган назарий билимларни амалга тадбиқ этадилар.
Миллий созларимизнинг пайдо бўлиш тарихи ўзбек миллий давлатчилигининг шаклланиши тарихи билан муштаракдир. Манбалардан маълумки, миллий мусиқа чолғу асбобларимизнинг тарихи олис замонларга бориб тақалар экан, яъни, эрамиздан аввалги ХIII минг йилликдаёқ, дастлаб урма зарбли чолғулар сўнгра шовқинли созлар пайдо бўла бошлаган. Нега айнан урма зарбли созлар илк бор кашф этилишини буюк олимлар энг қадимги меҳнат қўшиқлари - ишнинг ритмик тузилиши билан бевосита боғлиқликда юзага келганидан, дея изоҳлайдилар11. Кейинроқ халқ усталари томонидан қамиш ёки бамбук поясидан сурнай, най, ҳуштак, шақилдоқ ва чилтор (арфа) сингари чолғулар ясалади. Маълум муддатдан сўнг торли мезробли ва торли камонли мусиқа чолғулари яратилади. Кейинчалик кўп асрлик маданий тараққиёт жараёнида ўзига хос тузилиш ва жарангдорликка эга бўлган дутор, танбур, рубоб, ғижжак, чанг сингари анъанавий созлар ижод қилинган. Дунё эндигина оҳангни кашф эта бошлаганида Турон заминида анчагина ютуқлар қўлга киритилганининг ўзиёқ мусиқий меросимизнинг шажараси жуда узоқлигига ишонч ҳосил қилиш мумкинлигини изоҳлойди.
Жамиятнинг эволюцион ривожланиши жараёнида халқ чолғучилари Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатлари халқларининг турмуши ва меҳнат фаолиятига сингиб инсон фаолиятининг ажралмас таркибий қисмига айланиб қолди ва бу чолғулардан халқлар ўз миллий маросим ҳамда оилавий байрамларида кенг фойдаланиб келишган. Шубҳасиз, бу даврда чолғу ижрочилиги санъати ҳам маълум даражада ривожланиш босқичига кўтарилиб, халқ орасидан моҳир ва истеъдодли якканавоз созандалар етишиб чиқади. Шундан сўнг якканавозлик ижрочилиги билан бир қаторда аста-секин жўрнавозлик ижрочилиги ҳам шаклланиб омма орасида тарқала бошлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |