Инвестиция фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш мақсадлари Инвестиция фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш Ўзбекистон Республикасини ва унинг ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг давлат вазифалари бажарилишини таъминлайдиган инвестиция сиёсатини амалга ошириш, инвестициялар самарадорлигини ошириш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги турли инвестиция объектларига қўйилмалар учун хавфсиз шарт-шароитларни таъминлаш мақсадида давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.
Инвестиция фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш усуллари инвестиция фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш;
инвестиция фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолатларини тақдим этиш;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида махсус иқтисодий зоналарни ва кичик саноат зоналарини барпо этиш;
асосий фондларни тезлаштирилган амортизация қилиш ҳуқуқини бериш;
техник жиҳатдан тартибга солиш нормалари, қоидалари ва талабларини белгилаш;
рақобатни қўллаб-қувватлаш чораларини қўллаш;
ер участкаларига ва бошқа табиий ресурсларга эгалик қилиш ҳамда улардан фойдаланиш шартларини белгилаш.
Инвесторларга бозорда уларни устувор мавқега қўювчи мутлақ қоидалар (монопол) ва ҳуқуқлар берилишига йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги инвестицияларни ва инвестиция фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органидир.
Инвестицияларни ва инвестиция фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органининг асосий ваколатлари қуйидагилардан иборат:
салоҳиятли инвесторларга фаолиятининг ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа масалалари бўйича маслаҳат бериш ҳамда уларга юзага келадиган масалаларни ҳал этишда зарур ёрдам ва кўмак кўрсатиш;
ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга ошириш ҳамда инвестиция фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;
ҳамкорлик йўналишларини ва лойиҳаларини мажбурий равишда келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ва хўжалик бошқаруви органларининг чет эл ваколатли органлари, чет эл ҳукумат молия ташкилотлари ҳамда халқаро молия институтлари, шунингдек компаниялар ва салоҳиятли чет эллик инвесторлар билан инвестициявий ҳамкорлик масалаларига доир ўзаро алоқаларни таъминлаш;
инвесторлар билан доимий икки томонлама алоқани таъминлаш, ҳудудлар ва маҳаллий юридик шахсларга инвестицияларни жалб қилишда кўмаклашиш, инвестиция таклифлари ишлаб чиқилишини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалаш ва халқаро инвестиция ҳамжамиятлари ишида иштирок этиш;
инвестицияларни жалб қилиш, инвестиция муҳитини ривожлантириш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги инвестиция фаолиятини такомиллаштириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш.