2-§. Ишларни бажаришга оид шартномалар
Тадбиркорлик муносабатларида ишларни бажариш билан боғлиқ иқтисодий муносабатлар тадбиркорларнинг ўз фаолиятларини юритиш жараёнида намоён бўлади.
Тадбиркорлик фаолиятида тузиладиган шартноманинг ушбу тури бошқа фаолиятлар (маҳсулот тайёрлаш ва сотиш, хизматлар кўрсатиш)дан асосан ўзинингтартибга солиниш асоси билан фарқ қилади. Бу фарқ шундан иборатки, ишларни бажариш мажбуриятлари хўжаликлар ўртасидаги муносабатлардан вужудга келади ва ишларни бажаришга доир шартномалар воситасида тартибга солинади. Шартномалар ишларни бажариш муносабатларини тартибга солишнинг ҳуқуқий шакли бўлиб ҳисобланади.
Ишларни бажаришга доир мажбуриятларга бир қатор шартномалар, яъни:
пудрат;
қурилиш пудрати;
илмий-текшириш ва конструкторлик ишларини бажариш;
лойиҳалаш ва қидирув ишларини бажариш учун тузиладиган пудрат ва бошқа шартномалар киради.
Ишларни бажаришга доир мажбуриятларнинг субъектлари шу шартномаларда иштирок этадиган томонлар ҳисобланади. Субъектларнинг хўжалик фаолияти, яъни ишларни бажаришга доир мажбуриятлари уларнинг ўз Уставларида белгилаб қўйилади.
Пудрат шартномасида буюртмачи ва пудратчи сифатида қатнашувчи шахслар тадбиркор шахслар бўлиши мумкин. Шартномада буюртмачининг тогшшриғига биноан маълум бир ишни унинг ёки ўзининг материалидан бутун масъулиятини ўз зимасига олиб бажариш мажбуриятини олувчи шахс-пудратчи бўлса, иккинчи томондан, бажарилган ишни қабул қилиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олувчи шахс-буюртмачи хисобланади.
Бу шартномада қатнашувчи тарафлар ҳар икки томондан ҳам мулкчилик шакллари турли тадбиркор ташкилотлар ва фуқаролар бўлиши мумкин. Баъзи бир ташкилотлар бошқа ташкилотнинг буюртмасини бажариш учун махсус ваколатга эга. Маиший хизмат кўрсатиш корхоналари, ателье каби ташкилотларни ана шундай махсус ташкилотлар қаторига киритиш мумкин. Ўзбекистон республикасининг мулкни тасарруфдан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунига асосан маиший хизмат кўрсатиш корхоналари хусусийлаштирилиб, улар юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган бир қанча кичик корхоналарга айлантиридди. Мазкур кичик корхоналар ишларни бажариш бўйича бошқа ҳуқуқий шахслар билан пудрат шартномасини туза оладилар.
Қурилиш пудрати шартномасида пудратчи билан буюртмачи томонлар бўлиб ҳисобланадилар. Пудратчи сифатида тадбиркор қурилиш ташкилотлари иштирок этади.
Ишларни бажаришга доир мажбуриятларнинг объекти пудратчи ташкилотларнинг бевосита хўжалик фаолияти, яъни шартномада иштирок этувчи субъектлар — тарафларнинг ҳуқуқ ва бурчлари қаратилган ҳаракат ҳисобланади. Пудрат шартномасида пудратчи, яъни маиший хизмат кўрсатиш кичик корхоналари буюртмачи корхоналарнинг кийим-кечак, пойабзал маҳсулотларининг кичик партиясини ёки мебель, тери маҳсулотларини тайёрлаш учун берган буюртмаларини тайёрлаб беришга қаратиллган ишнинг натижаси бўлади.
Қурилиш пудрати шартномасида эса, турли қурилиш объектларини қуриш, шартноманинг асоси бўлиб ҳисобланади.
Ишларни бажаришга доир мажбурият субъектларининг муайян ҳуқуқ ва бурчлари, шартноманинг бандлари, мажбуриятнинг мазмунини ташкил этади.
Пудрат шартномасида пудратчи ишни лозим даражада, сифатли қилиб белгиланган муддатда бажаришга мажбур. Ишнинг сифати шартнома шартларига, буюртмачининг топширигига, шунингдек, стандартларга, техник шартларга ёки шундай ишлар учун одатда қўйиладиган талабларга мувофиқ бўлиши керак. Пудратчи ишни ўзи ташкил этиб, унга раҳбарлик қилиши лозим. У ҳамма ишларни бажаришга буюртмачи олдида жавобгар шахс ҳисобланиб, бош пудратчи сифатида айрим ишларни бажариши учун бошқа ташкилотлар билан ёрдамчи пудрат шартномасини тузиши мумкин. Буюртмачининг бурчи асосан пудратчи томонидан бажарилган ишни қабул қилиш ва бунинг учун ҳақ тўлашдан иборат бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |