Энг аввало интеллектуал мулк интеллектуал фаолият натижасидир. Барча интеллектуал фаолият ҳам интеллектуал мулк бўла олмаслиги аниқ. Инсон фикрлайди, унинг ҳаёлида беҳисоб ғоялар, лойиҳалар туғилади, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам ҳаётда амалга ошмай, қолиб кетади. Фақат бошқалар томонидан объектив равишда қабул қилинадиган, яъни ўзининг муайян чегараларига эга бўлган ғоя ва фикрларгина мулк бўла олиши равшандир.
Интеллектуал фаолиятнинг кейинчалик бирор-бир объектив (моддий) шаклда ифодалана оладиган натижаларигина интеллектуал мулк бўлади деб айтиш мумкин.
Табиийки, ўз интеллектуал мулкига ҳуқуқлар, агар улар амалга оширилган, яъни ишончли муҳофазаланган бўлсагина ниманидир билдириши мумкин. Зеро, ҳеч кимнинг муайян шахснинг интеллектуал мулкига тажовуз қилиш, уни ноқонуний олиб қўйиш ёки унинг натижаларидан фойдаланишга ҳуқуқи йўқ. Бунда иқтисодий ривожланишдан манфаатдор давлатнинг асосий вазифаси ҳар бир кишининг ўз интеллектуал мулкига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи ишончли муҳофазаланадиган тизимни таъминлашдан иборат.
Яна бир бор таъкидлаб ўтиш лозимки, интеллектуал мулкнинг ўзига хос хусусияти ўз эгаларига фойда келтиришдан иборат, демак, мулк эгаларининг ўз мулкига мутлақ ҳуқуқи муҳофазаланган ҳолдагина бутун жамият фойдасига хизмат қила олади. Бир дақиқа бўлсагина интеллектуал мулк ҳуқуқлари муҳофаза қилинмаганда нима бўлишини тасаввур қилиб кўрайлик. Бунда асарларнинг яратувчилари ноҳалол рақобат курашининг қурбонларига айланиши, рақобатчилар ёки “қароқчилар” ўзгаларнинг ғоялари, техник ечимларини ўзлаштириб, бозорга уларнинг товарларига ўхшаш, лекин нархлари анча паст товарларни чиқаришлари мумкин. Чунки улар товар ишлаб чиқариш учун илмий тадқиқот, лойиҳалаш ишларига маблағ сарфламайди. Бундай вазиятда янги товарлар, технологиялар яратиш, инновация ишларини амалга ошириш фойдасиз бўлиб, иқтисодий жиҳатдан норентабел, умуман олганда зарар келтириши равшан. Бу инсониятнинг индустриал, техник, маданий ривожланиши секинлашиши, умуман тўхтаб қолишига олиб келиши мумкин эди.
3-расм. 1879 йилдаги Эдисон телефони. Коммуникацияларнинг янги асри
4-расм. Сони фирмасининг 1968 йилдаги Тринитрон телевизори.
Телевидение оммавийлашмоқда.
Хулоса гиёки, интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя қилмасдан туриб XXI асрда илмий-техниканинг ривожланишига кенг йўл очилмайди.
Лекин интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя этиш билан масала охиригача ҳал бўлмайди. Жаҳонда ноҳалол рақобат кураши тобора авж олиб бораётгани кузатилмоқда. Умуман олганда интеллектуал мулк ҳуқуқлари фақат етакчи индустриал мамлакатларда тан олинган ва унга қатъий риоя этилади. Барча мамлакатларда тегишли ҳуқуқий меъёрларни жорий этиш, уларга оғишмай риоя қилиш ва энг асосийси инсонларда тегишли менталитетни шакллантириш бўйича катта ишларни амалга ошириш зарур. Ҳар бир шахс бошқаларнинг ҳуқуқларига риоя этиш охир-оқибатда ривожланишга ва фаровонликка олиб келиши, ҳуқуқларнинг бузилиши эса жамиятга ҳам катта зарар етказишини тушуниб етсин.
Ҳар бир давлат ноҳалол рақобат курашининг олдини олиш учун қандай механизмларни ишга солиши керак? Тарихдан маълумки, энг ишончли механизм бу ҳуқуқ бўлиши мумкин, зотан айнан ҳуқуқий механизмлар интеллектуал мулкни муҳофазалашга ишончли ва маданий ёндашувни таъминлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |