Ғилдирак, камон ва унинг ўқи, эшкак ва қайиқ, урчиқ, кулолчилик ускунаси, плуг ва бошқаларнинг ихтиро қилиниши инсониятнинг энг буюк ютуқлари қаторига киради.
Бугунги кунда бизни ўраб турган борлиқ ва барча нарсалар, кундалик уст-бош ва рўзғор буюмларидан тортиб коинотдаги йўлдошларгача қачонлардир инсон томонидан ихтиро килинган ва унинг интеллектуал фаолияти натижаси ҳисобланади.
Интеллектуал фаолият инсоният жамияти ривожланишининг асосий сабабидир. Интеллектуал фаолиятнинг энг муҳим турлари фан, саньат ва техник ижодиёт халқлар ва миллатлар, давлат ва цивилизациялар ривожининг доимий йўлдошидир. Лекин фан ва техника тараққиёти кўп асрлар мобайнида фақат инсоният жамиятининг эҳтиёжларини қондириш воситаси бўлибгина хизмат қилиб қолмади. Аксинча, тарихдан маълумки, фан ва техниканинг ривожланиши, адабиёт ва санъат асарлари аксарият ҳолларда тескари таъсир кўрсатиб, инсоният муносабатларининг ривожланишида асос бўлган ва нафақат айрим кишилар, балки бутун бир давлатлар ва цивилизациялар тақдирига таъсир этган. Бундай таъсир айниқса XX асрда, илмий-техника инқилоби иқтисодий ва индустриал ривожланишда катта ўзгаришларга олиб келган вақтда ёрқин намоён бўлди ва бугунги кунда жаҳонда шаклланган иқтисодий ва сиёсий тизимни белгилаб берди.
1.2. Рақобатнинг ташкил топиши ва унга курашиш
Инсоният жамияти ўз бошидан қулдорлик, феодализм, капитализм, социализмни кечирди. XXI асрнинг бошида, асосий ривожлантирувчи кучи рақобат бўлган бозор иқтисодиёти энг самарали иқтисодий тизим эканлиги тан олинди. Маълумки, рақобатсиз ривожланиш бўлмайди, шу боис ҳозирги замонда рақобат кураши барча соҳаларда, давлатлар, бутун бир минтақалар ва иқтисодий иттифоқлар ўртасида юз бермоқда. Рақобат ҳар доим жамиятнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлган, шунинг учун инсоният ривожланишини ҳеч бир муболағасиз рақобат кураши тарихи, дейиш мумкин.
Айнан рақобат техникани ривожлантириш, технологияларни такомиллаштириш, янги буюмлар яратиш ва бозорга харидоргир товарлар таклиф этиш, доимо уларнинг сифатини яхшилаб бориш, маҳсулот таннархини пасайтириш, жами имкониятларни амалга оширишга ундовчи объектив иқтисодий омилдир. Ҳамма вақт ҳам рақобат курашида ким интеллектуал имкониятлар ва интеллектуал фаолият натижаларидан унумли фойдалана олса фақат ўша муваффақиятга эришиши мумкин.
Шунинг учун етакчи индустриал давлатлар олдида бутун жамият фаровонлиги йўлида яратилаётган ихтиролар, янги технологияларнинг узлуксиз оқиб кириши, янги товарларнинг бозорга чиқарилиши учун қандай шароит яратиш зарур деган вазифа турибди.
Жавоб ўз-ўзидан аён. Ҳамма вақт ҳам иқтисодиётнинг асосини мулкчилик ҳуқуқи ташкил этиб келган. Инсон муайян нарсага хўжайинлик ёки мулкка эгалик ҳуқукини қўлга киритган такдирдагина ундан самарали ва оқилона фойдаланиш йўлларини излайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |