Темир бирикмаларининг бўлиши. Темир ер ости сувларида эриган икки валентли темир шаклида учраса, ер усти сувларида эса коллоид ёки юпқа дисперс зарраларнинг комплекс бирикмаси шаклида учрайди.
Марказлашган сув таъминоти тузимида ичимлик сувида темирнинг миқдори 0,3 мг/л дан ортиқ бўлмаслиги керак.
Сувнинг актив реакцияси. Водород ионларининг сувдаги концентрацияси унинг рН актив реакциясини аниқлайди. Турғун ҳолатда рН=7, кислотали ҳолда рН ≤ 7 ва асосли реакцияларда рН ≥7 бўлиб ГОСТ талабига биноан ичимлик сув рН кўрсаткичи 6,5-8,5 оралиғида бўлиши керак.
Ичимлик сувларини сув тармоқларига узатилишларидан олдин турли касаллик чиқарувчи бактериялардан халос бўлиши керак. Сувнинг бактериялар билан ифлосланганлик даражасини белгиловчи кўрсаткич сифатида Ошқозон – ичак касаллигини келтириб чиқарувчи таёқча (Коли - титр) миқдори билан белгиланган.
2. Сув тозалаш иншоотларининг асосий вазифалари ва сувга ишлов бериш жараёнлари. Табиий манбадаги сув сифатини ўрганиш, сувни тозалаш ва унга ишлов бериш жараёнларини характерини аниқлашга ёрдам беради. Айрим ҳолларда тозалаш иншоотига сув манбасидаги маълум камчиликни ёки камчиликлар мажмуасини бартараф қилиш билан бирга, истеъмолчи талабидан келиб чиқадиган ҳолларда унга сунъий хусусиятларни бериш ҳам талаб қилинади.
Сув тозалаш иншооти қуйидаги асосий вазифаларни бажаради.
Сув таркибидан муаллиқ (эримайдиган аралашмалар) моддаларни чиқариш, унинг лойқалигини камайтириш сувни тиндириш жараёни деб аталади:
Сувга ранг берувчи моддалардан тозалаш жараёнини cувни рангсизлантириш деб аталади.
Сувдаги бактерияларни шу жумладан касаллик тарқатувчи бактерияларни йўқотиш-сувни зарарсизлантириш деб аталади.
Сув таркибидан кальций ва магний катионларни чиқариш юмшатиш деб аталса, умумий туз миқдорини 1000 мг/л гача туширилиши чучуклаштириш деб айтилади.
Сувни тиндириш, рангсизлантириш ва тузсизлантириш жараёнлари сув истеъмоли характери билан боғлиқ.
Тозалаш иншоотларига алоҳида махсус - сувдан эриган газларни чиқариш, сувнинг таъми ва ҳидини яхшилаш вазифалари ҳам қўйилиши мумкин.
Сувни тиндириш учун, кўп ҳолларда лойқаликларни махсус тиндиргичлардан жуда кичик оқим тезлигида ўтказилиб муаллақ моддаларнинг заррачаларини ўлчами ва оғирлигига боғлиқ ҳолда чўктирилади ва фильтрлардан ўтказилиб тиндирилади. Лойқалик заррачалари кичик коллоид аралашма ҳолатида бўлганда тиндириш самарадорлиги кам бўлади, самарадорлигини ошириш учун сувга махсус коагулянт деб аталувчи кимёвий моддалар аралаштирилади.
Коагулянтлар муаллақ моддаларни ўзига сингдириб катта ўлчамлардаги момиқларни ҳосил қилади ва уларни тиндиргичларда, яхши ва тез чўкишини таъминлайди. Лойқа бўлган дарё сувларини тозалашда тиндиргичлардан ўтгандан сўнг, фильтрларга юборилиб, у фильтрловчи қатламлардан кўшимча тозаланиб истеъмолчига юборилади. Коагуляция ва фильтрлаш жараёнларидан ўтган сув маълум даражада бактериялардан ҳам холос бўлиб, унинг санитар сифати яхшиланади.
Сув таркибидаги бактерияларни, шу жумладан касаллик тарқатувчи бактерияларни йўқотиш билан боғлиқ бўлган махсус жараёнларни сувни зарарсизлантириш деб аталади. Сувни зарарсизлантириш учун хлорлаш, озонлаш ва ультрабинафша нурлар ёрдамида бактериацид нурлантириш усуллари қўлланади. Сувнинг сифат кўрсаткичларини яхшилаш учун уни юмшатиш, тузсизлантириш, газсизлантириш ва бошқа усуллар ҳам ишлатилади. Сув узатиш иншооти мажмуаси сув таъминоти тизимидаги иншоотлар таркибидаги асосли элементлардан бири бўлиб, унинг қолган иншоотлари билан узвий боғлангандир. Сув тозалаш амалиётида энг кенг тарқалган тасвирлардан бири сувни иншоотлар бўйлаб ўзи оқиш ҳаракати билан боғлиқ бўлиб, унда 1 -босқич насос станциясидан узатилган сув тозалаш иншоотидаги барча босқичлардан ўзи оқиб ўтиб тоза сув ҳавзасига йиғилади ва 2- босқич насос станцияси ёрдамида истеъмолчиларга узатилади. Сув манбасидаги сувнинг сифатига боғлиқ ҳолда тозалаш жараёни бир ёки икки босқичда амалга оширилиши мумкин. Икки босқичли сувни тиндириш, рангсизлантириш ва зарарсизлантириш усулларининг тасвири аҳолига ичимлик сувини тайёрлаш вазифасини бажаради ва бу жараён қўйидагиларни ўз ичига олади.
1-Расм
1-тоза сув ҳавзаси; 2-фильтр; 3-тиндиргич; 4-момиқлар ҳосил қилиш камераси; 5-аралаштиргич; 6-ювинди сув минораси; 7- бирламчи хлорлаш хлораторлари; 8-иккиламчи хлорлаш хлораторлари; 9-коагулянт эритиш сиғими; 10-когулянт сақлаш сиғими; 11-когулянт сарфлаш сиғими; 12-оҳакни сўндириш сиғими; 13-гидравлик аралаштиргич; 14- гидросиклон; 15- оҳак сути дазоторлари; 16- парракли аралаштиргич; 17-қалқиб тўрувчи улушлагич ўрнатилган полиакриламидни сарфлаш сиғими; 18-актив кўмир дозатори; 19-вакуум – бункер; 20- вакуум насос; 21-фтор эритмали сатуратор; 22- ротаметр; 23-кремнифтор натрийни идишда сақлаш; 24-активлаштирилган кўмирни идишда сақлаш; 25- кўмир аралашмасини сарфлаш сиғими; 26- насос; 27-сувни қайта ишлатиш тугуни.
Сувга коагулянт, флокулянт ва актив кўмир киритиш, уни бўйлама (горизантал) тиндиргичлардан, фильтрлардан ўтказиб тиндириш ва хлор ёрдамида зарарсизлантиришдан иборатдир.
1- босқич насос станциясидан узатиладиган сув аралаштиргич -5 га коагулянт эритмаси билан қўшиб аралаштирилади. Аралаштиргичдан сув момиқлар ҳосил қилиш камераси-4 га юборилади ва кетма-кет бўйлама тиндиргич-3 ва фильтр-2 иншоотлари орқали ўтиб тозаланади ва тоза сув ҳавзасига йиғилади. Тоза сув ҳавзасига сув юборувчи қувурга хлоратор -8 дан хлор киритилади. Сув билан хлорнинг ўзаро контакти шу ҳавзада рўй беради. Айрим ҳолларда сувга хлор 2 марта киритилади. Аралаштиргичдан олдин (бирламчи хлорлаш-7) ва фильтрдан кейин (иккиламчи хлорлаш-8), табиий сув таркибида ишқор етмаган ҳолларда аралаштиргич-5 га коагулянт билан биргаликда дозатор-15 ёрдамида оҳак эритмаси киритилади.
Коагуляция жараёнининг самарадорлигини ошириш учун момиқлар ҳосил қилиш камераси-4 дан ёки фильтр-2 дан олдин дозатор-17 ёрдамида флокулянт-полиакриламид ППА-10 киритилади. Сувнинг таъми ва ҳидини яхшилаш мақсадида тиндиргич ёки фильтрдан олдин насос дозатор-18 ёрдамида фаолланган кўмир киритилади.
Ичимлик сув таркибида фторнинг талаб даражасида бўлишини таъминлаш учун тоза сув ҳавзасидан олдин сатуратор-21 ёрдамида фтор эритмаси киритилади. Бир босқичли тозалаш иншоотларида сувни рангсизлантириш фильтр ёки контакли тиндиргич иншоотларидан бирида амалга оширилади. Бу усул кам лойқаликка эга бўлган рангли сувларни тозалашда яхши самара беради. Ер ости сувларини ичимлик сифатида ишлатилганда уни тозалаш талаб қилинмайди, уни фақат зарарсизлантириш етарли бўлади. Агар ер ости сувлари қаттиқ бўлса ва темир миқдори кўп бўлганда уни юмшатиш ва темирсизлантириш талаб қилинади. Тозалаш иншооти мажмуасидаги иншоотлар сув истеъмолининг максимал суткалик сув сарфи миқдори ва тозалаш иншоотининг ўз эҳтиёжи учун ишлатиладиган сув сарфлари йиғиндиси қийматлари билан ҳисоблаб топилади.
Сувнинг сифат кўрсаткичига унинг оксидланиш даражаси ҳам киради ва бу кўрсаткич сув таркибида бўлган органик ва неорганик моддаларнинг миқдорини аниқлашда ишлатилади.
Сувнинг оксидланиш даражасини унга калийли марганцовка оксидини – KMnO4 қўшиш орқали аниқланади. Оксидланиш даражаси (1 литр сувда 10мг дан юқори KMnO4 эриган бўлса) бу сувлар юқори даражада ифлосланганлигини кўрсатади.
Сув таркибида органик моддалар кўплиги сувда азотли моддалар борлигидан дарак беради (N2O3 ва N2Q5), бу эса сув таркибида оқсил моддаси парчаланаётганлигини ҳам кўрсатади.
Шунинг учун, манбалардаги сувнинг сифатини унинг таркибида бўлган аммиак, нитритлар ва нитратлар, яъни азот кислотасининг тузлари билан сувнинг бактериологик таҳлилини ва унинг санитар-гигиеник ҳолатини кўриб чиқиш зарур бўлади.
Сув таркибида аммиак ва унинг тузлари бўлмаслиги сувнинг ифлосланиши анча олдин юз берганлигини, аммиакнинг борлиги ва нитрат тузларнинг йўқлиги эса уни яқиндагина ифлосланганлигини кўрсатади.
Сув таркибидаги нитратларнинг (азот кислотаси аралашмаси) миқдори 15-40 мг/л дан ошмаслиги керак, акс ҳолда одам қони таркибида метгемоглобин миқдори кўпайиб, қоннинг қуюқлашишига олиб келади.
Сувдаги хлорид тузлари 30-50 мгл ни, сульфат тузлари эса 60 мгл атрофида бўлиши керак, аммо бу кўрсаткичларни Ўзбекистон шароитида сувларда (Қорақалпоғистон, Хоразм) талаб даражасида бўлишига эришиш қийин.
Д.И. Менделеевнинг хулосасига кўра 1 литр сув таркибида 1 грамм ҳар қандай тузларнинг бўлиши уни истеъмол қилиб бўлмайдиган ҳолатга келтиради.
ГОСТ 2761-97 да келтирилишига кўра, сув таркибидаги қуруқ қолдиқ миқдори 1 литр сувда 1000 мг дан ошмаслиги керак.
Сув таркибидаги инсон соғлиғи учун зарур бўлган элементларнинг бўлмаслиги ҳам ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин (масалан йод). Узоқ вақт фтор моддаси бўлган (1,5 мгл юқори) сувни истеъмол қилиш тиш эмалини емиради, камлиги эса (0,5 мгл дан паст) тиш кариесини келтириб чиқаради. Шунинг учун сув таркибидаги фтор моддаси миқдори 0,8 мгл дан 1,5 мг/л оралиқда бўлиши керак.
Назорат саволлари.
Сувнинг сифат кўрсаткичларига қандай талаблар қўйилган ва сув таркиби нималардан иборат?
Сувнинг лойқалиги, ранги, ҳиди ва таъми, ҳарорати ҳамда қаттиқлиги нима ва ичимлик суви таркибидаги уларнинг меъёри қанча бўлиши керак?
Сувда газлар, темир бирикмалари ва бактерияларнинг бўлиши нималарга боғлиқ ва уларнинг меъёрий кўрсаткичлари қанча бўлиши керак?
Давлат ягона нусхаси Ўз ДСТ; 950-2011 бўйича органолиптик ва бактериолигик кўрсаткичлари нималардан иборат?
Сув тозалаш иншооти қандай вазифаларни бажаради?
Сувни тиндириш ва коагуляция қилиш жараёнлари қандай амалга оширилади?
Бир ва икки босқичли сувни тиндириш, рангсизлантириш ва зарарсизлантириш жараёнлари тасвирида келтирилган асосий иншоотларнинг вазифаларига нималар киради?