Ер кўчишлари ва тоғ ўпирилишларининг олдини олиш ҳамда оқибатларини бартараф этиш.
Ер кўчкиси ва тоғ ўпирилишлари бўйича олиб бориладиган тадбирлар пассив ва фаол турларга бўлинади. Пассив тадбирларга қияликлар ҳолатини кузатиш, кўчки ва ўпирилишлар хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда қурилиш, портлаш ишларини тўхтатиш, тоғ яйловлари ва буталарини ҳимоя қилишни ўз ичига олади.
Фаол тадбирларга қуйидагилар киради:
кўчиши мумкин бўлган тоғ жинсларини бошқа томонга буриб юбориш учун махсус деворлар қуриш;
тупроқ ҳаракатини кузатиш учун махсус станциялар ва постларни яратиш.
Селнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф қилиш. Сел ҳосил бўлишига сабаб бўладиган омиллар сонининг хилма-хиллиги ва ушбу омиллар ўзаро таъсирининг мураккаблиги селнинг келиб чиқиш вақтини аниқлаштиришни қийинлаштиради. Бироқ сел мавсумини аниқлаш қийинчилик туғдирмайди.
Селга мойил бўлган деярли барча жойлар мутахассислар ва маҳаллий аҳолига яхши маълум. Ҳар бир минтақанинг сел тошқини сабаблари бўйича ўз статистикаси мавжуд. Масалан, тоғли ҳудудларда сел тошқини сабаблари қуйидагича тақсимланади: ёмғир ва жала 85%, абадий қорларнинг эриши - 6%, музли кўлларнинг эриши - 5%, сув йўли кўчки билан тўсилиши натижасида ҳосил бўлган кўлнинг ёриб чиқиши - 4%. Шундай қилиб селга сабаб бўладиган энг асосий омил ёмғир ҳисобланади.
Сел хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда селнинг такрорийлиги ҳар хил. Жала бўлиб турадиган, мавсумий қор билан тўйинадиган, натижада тупроғи доимий равишда юмшоқ бўлиб турадиган жойларда селлар тез-тез такрорланади (йилига бир неча мартадан 2-4 йилда бир мартагача). 2-4 миллион кубометр сув ҳосил қиладиган кучли сел камдан-кам ҳолларда - 30-50 йилда бир марта такрорланади.
Селнинг оқибатларини башорат қилиш учун унинг кучи ҳар хил усулларда баҳоланади. Масалан, селнинг умумий ҳажми. Бунда ҳар хил ҳажм ёки кучдаги сел учун объектлар ва иншоотларнинг ҳар хил даражада шикастланиши хос.
Муҳофаза чоралари. Сел тошқини билан курашиш учун ер юза қисми ўрмонлар ҳосил қилиш орқали мустаҳкамланади, тоғ ёнбағирларида ўсимлик қоплами кенгайтирилади, сел хавфи бор жойларда, тоғларда тўпланиб қолган сувлар оқизиб юборилади, сел омборлари, сел тўғонлари, сув йўналишини ўзгартирувчи ариқлар қурилади. Дарё қирғоқлари мустаҳкаланади, бунинг учун қирғоқларни мустаҳкамловчи деворлар қурилади. Иссиқ қуёшли кунларда тутун ҳосил қилувчи воситалар ёрдамида тутунли парда ҳосил қилиш йўли билан қор эришини камайтириш мумкин. Тутун пайдо бўлганидан 15-20 минут ўтгач, ер юзасидаги ҳаво қатламининг ҳарорати пасаяди. Бу сув ҳажмининг икки баравар камайишига сабаб бўлади. Кучли насос агрегатлари ёрдамида музли, кўчки натижасида ҳосил бўлган кўлларнинг сувларини тортиб олиш (камайтириш) мумкин.
Селга қарши курашнинг яна бир самарали усули – дарё ва сойлар оқими бўйлаб ёки уларнинг бошланиш жойида чуқурликлар қазиш йўли билан маълум миқдордаги сувни ушлаб қолиш ҳисобланади.
Аҳолини селлардан муҳофаза қилишда ўз вақтида хабар бериш имконини берувчи яхши ишлайдиган хабар бериш тизими муҳим аҳамиятга эга. Сел хавфи бўлган жойларда сув тошқини ҳақида хабар берувчи хизмат ташкил этилмоқда. Ушбу хизматнинг вазифаси сел хавфи мавжуд бўлган жойларнинг ҳолатини кузатиш, сел оқимини прогноз қилиш ва уларнинг пайдо бўлиши вақти тўғрисида хабар беришдан иборат. Аммо шуни ҳам ҳисобга олиш лозимки, баъзи ҳолларда огоҳлантириш учун бўлган вақт жуда оз бўлади ва аҳолини бир неча ўн дақиқаларда (камдан-кам ҳолларда 1-2 соат ёки ундан кўпроқ) яқинлашиб келаётган хавф тўғрисида огоҳлантириш керак бўлади.
Олимлар сел шаклланишининг уч турини ажратиб кўрсатишади. Ушбу турларга қараб селнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар бир-биридан фарқ қилиши мумкин.
Сел ҳосил бўлишининг эрозив механизмида, сув (ёмғир) маълум ҳудудда ер юзасидаги жисмларни ювиб ўзанга йиғилади ва сел тўлқинини ҳосил қилади. Бунда сув ҳажми кўп бўлмайди. Сув оқими ўзан бўйлаб ҳаракатланади.
Ёриб чиқувчи сел оқимида мавжуд сув тўлқини селга айланади. Бунда сел ҳосил қилувчи сув тезлиги ҳамда унинг ҳар хил жинслар билан лойқаланиши ва тўлқин кучи юқори бўлади. Бундай сел тўлқинини бошқариш қийин кечади.
Ер кўчиши ва ўпирилиш натижасида ҳосил бўладиган селда сув ҳар хил жинслар (шу жумладан, қор ва муз) билан тўйинган бўлади. Сел тўлқини билан унниг ҳар хил жинслар билан тўйиниши бир вақтда кечади. Бундай селнинг тўлқини хавфли бўлади.
Сув тошқинларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш. Сув тошқини бу кўп миқдорда қор эриши, жала ҳисобига дарё, сув омбори, кўл каби сув ҳавзаларига оқиб келаётган сув миқдорининг ортиши ёки кучли шамол сув ҳавзасида тўлқин ҳосил қилиши, ўзанлар, каналлар ва бошқаларда сув йўлларининг тўсилиб қолиши натижасида улардан сувнинг тошиши ёки тўғонларнинг бузилиши оқибатида маълум ҳудуднинг сув остида қолиши.
Сув тошқинларидан муҳофазаланиш чора-тадбирлари қуйидагилардан иборат:
сув оқимини қайта тақсимлаш йўли билан унинг ҳажми ва кучини камайтириш;
сув омборлари ёрдамида сув оқимини тартибга солиш;
дарё ўзанларини тўғрилаш;
тўғон (дамбалар) қуриш;
қирғоқларни мустаҳкамлаш ва дарё ўзанини чуқурлаштириш ишларини олиб бориш;
қияликларда ерни кўндалангига шудгорлаш, дарё ўзанларида бутазорлар ташкил қилиш;
қияликларда “зина”лар ташкил қилиш (қияликларда кетма-кет келадиган текисликлар ҳосил қилиш), дарахтлар, буталар ва ўсимликларни муҳофаза қилиш.
Тезкор профилактика чораларига қуйидагилар киради:
аҳолини сув тошқини хавфи тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш;
аҳолини, қишлоқ хўжалик ҳайвонларини, моддий ва маданий бойликларни сув босиши мумкин бўлган ҳудудлардан ўз вақтида эвакуация қилиш;
хавфли ҳудудларда жойлашган корхоналар, ташкилотлар, муассасалар фаолиятини қисман чеклаш ёки тўхтатиш, моддий бойликларни муҳофаза қилиш.
Тошқинлардан муҳофазаланишда йўллар қопламаларининг, электр ва алоқа тармоқларининг мустаҳкамлигини таъминлаш, шунингдек, тўғон қуриш учун қурилиш материалларининг заҳирасини жамлаш каби муҳандислик-техник тадбирлар ҳам олиб бориш лозим.
Сув тўғонининг ёрилиши ёки тошиб кетиш билан боғлиқ сув тошқини ҳалокатли сув тошқини деб аталади. Ҳалокатли сув тошқини одамлар, уй ҳайвонлари ва ўсимликларнинг нобуд бўлишига, мол-мулкнинг зарарланишига ёки нобуд бўлишига, шунингдек, атроф-муҳитга катта зарар етказади. Шу билан бирга кўплаб турар-жойлар, саноат корхоналари ва муҳандислик коммуникациялари сув остида қолади.
Do'stlaringiz bilan baham: |