2-§. Антропогенез ҳақидаги ҳозирги замон фани
Антропогенез назарияси фанлараро тадқиқотлар соҳаси сифатида
Антропогенезнинг ҳозирги замон илмий назарияси эндиликда тор тармоқ соҳаси эмас, балки табиий ва ижтимоий фанларнинг туташув чегарасидаги мажмуавий фанлараро тадқиқотлардан иборат.
Бугунги кунга келиб фан одамнинг келиб чиқиш жараёнини муайян даражада тиклаш имконини берувчи кўп сонли маълумотларни тўплаган. Ушбу муаммони ҳал этишда археология ва антропологиядан тортиб то молекуляр биология ҳамда атом физикасигача бўлган кўплаб фанлар иштирок этмоқда.
Ҳозирги замон таснифлари маълумотларига кўра, одам турига, умуртқалилар кичик турига, сут эмизувчилар синфига, приматлар гуруҳига, гоминоидларнинг катта оиласига, гоминидлар оиласига, Hоmо турига мансубдир.
Одамнинг ҳайвондан келиб чиққанлигини тасдиқловчи далиллар қиёсий анатомия, физиология, эмбриология, палеонтология, генетика фанлари берган маълумотларга суянади. Барча тирик организмларда ҳужайра тузилиши, одам ва ҳайвонларнинг скелетларининг ҳамда аъзоларининг ўхшашлиги, одамдаги рудиментар аъзолар (копчик умуртқалар, оҳирги жағ тишлар, кўричак ва ҳоказо ҳаммаси бўлиб 90дан ортиқ), атавизмлар (жабра ёриғи, тананинг тўлиқ жун билан қопланиши ва бошқалар), инсон эмбрионида ҳайвонот дунёсига хос эволюция босқичларининг такрорланиши ва ҳоказо.
Одам ҳозирги замон биология фани томонидан яхши ўрганилган приматлар билан энг кўп генетик ва анатомо-физиологик ўхшашликларга эгадир. Одамнинг приматлардан келиб чиққанлиги палеоантропология томонидан ҳам қазишмалар чоғида топилган гоминидлар ва антропоидлар шаклларини морфологик таҳлили асосида тасдиқланади. Молекуляр биологиянинг сўнгги йиллардаги ютуқлари одам билан приматларнинг насли бир эканлигини кўрсатувчи янги далилларни аниқлади. Маълумки, яқинда инсон геноми сирлари очилди ва эълон қилинди. Генетика берган маълумотларга кўра генлар бўйича биз инсоннинг ҳозир яшаётган қариндошларидан энг яқини бўлган шимпанзедан атиги 1% дан сал ортиқроқ фарққа эгамиз. ДНК молекулалари нуклеотид изчиллигининг ўзгариш тезлигига асосланган маълумотларга кўра («молекуляр соатлар» методи) бизнинг ҳозирги маймунлар билан аждодимиз бир бўлган. Уларнинг аждолари билан одамга келиб туташувчи гоминид линиянинг ажралиш бундан 5-7 млн йил илгари юз берган. Агар шимпанзе назарда тутилса, у ҳолда бу дивергенция 5 млн йил илгари бўлган, гориллалар ва орангутанлар илдизларининг ажралиши эса ундан ҳам олдинроқ рўй берган44.
Антропогенез назариясида топилган суяк қолдиқлари ва тош артефактларнинг санасини белгилаш муҳим аҳамиятга эга. Бу ўринда физика ва химия ёрдамга келади. Замонавий табиий-илмий усуллардан (ураннинг спонтан бўлиниши треклари бўйича санани аниқлаш, калий-аргонли, палеомагнит, термолюминесцент усуллар) антропогенезнинг мутлақ хронологиясини яратишгда муҳим рол ўйнайди. Археологик топилмаларнинг микротузилмасини ўрганишда физикавий-кимёвий усуллардан (рентген нурланиши, электрон микроскопия) ҳам фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |