Миллий ўзини-ўзи англаш – бу ҳар қандай миллатнинг асосий белгиларидан бири бўлиб, у миллатнинг ҳудудий бирлиги, тили, хўжалик юритиш усули, миллий характери ва бошқалар орқали аниқланади. Айрим шахс учун ўзини-ўзи англаш – бу унинг у ёки бу миллатга мансублигини, унинг тарихи, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини англашдир.
Бизнинг шароитимизда миллий ўзликни англаш, биринчидан, тарихни тиклаш, юртимиз қадимги цивилизация ўчоғи эканлигини билиш, халқимизнинг кўп асрлик, тарихий ҳодисаларни бошидан кечирганлиги, бу тарихий даврларда тинч яратувчилик меҳнати ҳам, кўплаб урушлар чоғида эса ғалабалар, мағлубиятлар ҳам бўлганини, А.Темур ва Бобур каби давлат арбобларининг тарихий аҳамияти тикланганлигини англаш демакдир. Иккинчидан, ўзини-ўзи англаш ўтган авлодлардан қолган маънавий қадриятларимизнинг тикланиши билан боғлиқдир. Бизнинг халқимиз қадимги ва бой маданиятга эга. Муҳаммад ал-Хоразмий ва Аҳмад ал-Фарғоний табиатшунослик фанларининг ривожланишига улкан ҳисса қўшганлар. Абу Наср Форобий, Ибн Сино, Беруний – фалсафий фикрлар ривожланишига, Мотуридий, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбандий, Нажмиддин Кубро – диншуносликни, Алишер Навоий ва Камолиддин Беҳзод адабиёт ва санъатнинг ривожланишига катта ҳисса қўшганлар ва ҳоказо. Учинчидан, ўзини-ўзи англаш ва миллий онгнинг ўсиши миллий урф-одатлар, байрамлар ва анъаналарнинг тикланиши билан боғлиқ. Маълумки, совет даврида уларнинг аҳамияти ерга урилган, улар унутилган ёки таъқиқлаб қўйилган эди. Бундан ташқари, кўп асрлар давомида халқнинг маънавий ҳаётида муҳим роль ўйнаган ислом динининг тикланиши ҳам катта аҳамиятга эга.
Ўзбек халқининг ўзини-ўзи англаши ўзининг дунёда ўз ўрнини, мамлакатимизнинг потенциал имкониятлари ва реал ривожланиш истиқболларини англаб етиш билан ҳам боғлиқдир. Юқорида кўрсатилган омиллар халқимизда ҳозирга ва келажакка бўлган ишончни мустаҳкамлаб, миллий ғурур, Ватанга муҳаббатни, фидоийликни уйғотади. Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек халқининг миллий ўзини-ўзи англаши умуммиллий ўзини-ўзи англашига қарши бўлмай, балки у билан ҳамоҳангдир. Бунда Ўзбекистонда истиқомат қилувчи 100 дан ортиқ миллат ва элатлар кўзда тутилади. Уларнинг ҳаммаси бир хил ҳуқуққа, ўзларининг миллий урф-одатлари ва байрамларига эга бўлиб, фарзандлари ўз миллий мактабларида, миллий тилларида ўқиши, ўз она тилидаги матбуот органларига эга бўлиб, диний урф-одатларини республикада фаолият кўрсатаётган саккизта конфессия орқали амалга оширишлари мумкин.
Шу билан бирга миллий мафкуранинг ҳозирги даврдаги жудда катта аҳамиятига қарамай жамиятнинг маънавий ҳаётининг ҳамма томонини унга киритиш мумкин эмас. Мафкура ва маънавият бир-биридан фарқ қилувчи тушунчалардир. Мафкура бу ғоялар тизимидан иборат бўлиб, маълум вақт оралиғида у ёки бу ижтимоий гуруҳ ва давлатнинг манфаатларини, айниқса, сиёсий манфаатларини ҳимоя қилади. Халқ маънавияти эса, ўзининг мазмунига кўра чуқур ва кенг тушунчадир. У чуқур тарихий илдизларига эга бўлиб, у ёки бу халқнинг тақдири, миллий хусусияти ва менталитетини ифодалайди. Маънавият учта – маърифий, маънавий ва эстетик асосга эга. Шунинг учун ҳам фан ва фалсафа, этика (шу жумладан диний ва дунёвий ахлоқ) ва санъат мавжуддир. Маънавиятнинг ҳамма соҳалари бир-бири билан боғлиқдир. Уларнинг юраги ахлоқийликдир.
Маънавиятни тушунишнинг яна бир йўналиши мавжуддир. Одатда «маънавият» тушунчаси инсоннинг ҳайвондан фарқини билдирувчи ақл ва иродасини ифодалайди. Шахс иродасининг маънавий кучи унинг қобилияти орқали ифодаланади. Замонавий мазмунда маънавият – олий маънавий қадриятлар сифатида қабул қилинади. Унинг асосий категориялари Ҳақиқат, Эзгулик, Гўзалликдир. Маънавиятсизлик эса эзгу мақсад ва қадриятларнинг бўлмаслиги билан ифодаланади.
Маънавий қадриятлар стихияли равишда пайдо бўлмайди. Улар маълум мақсадга қаратилган, ижодий интелектуал фаолият натижасидир. Тарихда маънавий ижодкорларнинг уч тури шаклланган – билувчи (мутафаккир, донишманд), авлиё, бадиий ижодкор (шоир, ёзувчи, композитор ва бошқалар). Ҳар бир жамият учун ривожланишининг ҳар бир босқичида ўзига хос маънавий элитаси мавжуддир. Унга нафақат маълум даражадаги профессионализмгина хос бўлиб қолмасдан, унга маънавий хусусиятларнинг элементлари – поклик, юқори даражадаги аҳлоқийлик ҳам хос бўлади.
Маънавий қадриятлар яратилгандан сўнг ўзининг ҳаётига эга бўлади. Улар авлоддан авлодга ўтиб, янги мазмун билан бойиб боради. Аммо улар кенг халқ оммасига етиб боргандан кейингина ҳақиқий аҳамиятга эга бўладилар, улар ҳаётининг бир қисмига айланадилар. Бу эса, фақат маърифат орқали амалга оширилади. Маърифат таълим тизими, махсус маърифий муассасалар фаолияти, санъат асарларини ва унга оид билимларни ёйиш ва ташвиқот қилиш орқали олиб борилади. Ўзбек халқига чуқур маънавий ва маърифий анъаналар хосдир. Улардан мамлакатда бошланган маънавий-маърифий ислоҳотларда фойдаланилади.
Ўтиш даврининг мураккаб, зиддиятли даврда, Республикада баъзи бир маънавий ва ахлоқий қадриятларга тўғри келмайдиган салбий ҳодисалар ҳам юзага келди. Коррупция, порахўрлик, ўғрилик, фирибгарлик кабиларнинг маълум даражада ривожланиши кузатилди. Айниқса, ёшлар орасида бойишга ўта интилиш, эгоизм, инливидуализм каби иллатлар тарқалди. Бу бозор муносабатлари шароитида маънавий-ахлоқий қадриятларнинг жамият ҳаётида пасайиши, маданият ва маънавиятнинг иккинчи даражага сурилиб қўйилганини табиийлигини билдирмайди. Гап шундаки, биринчидан, бозор муносбатлари давлат томонидан бошқарилиб, улар замонавий доирага олиб кириш керак. Бизнинг шароитимизда бозор муносабатларига ўтиш деганда жамиятнинг ҳар бир аъзосини фаровон яшаши учун керакли шарт-шароитларни яратиш билан бирга, маънавият соҳасига ҳам аҳамият беришни талаб қилади. Бундай жамиятни қуриш ва унинг фаолият кўрсатиши учун билимли, юқори малакали, ҳалол, виждонли, адолатли – умаман олганда маънавиятли кишилар зарур. Мамлакатимизда ўрта ва олий таълим кадрларини тайёрлаш, уларни янги шароитга мослаштиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширила бошлади. Фан ва маданият соҳаларини, зиёлиларни ҳамда интеллектуал ва ижодий меҳнат кишиларини давлат томонидан самарали қўллаб-қувватлаш борасида ҳам катта ишлар қилиниши кўзда тутилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |