СУИЦИД ХАҚИДА ТУШУНЧА
Жаҳон бўйлаб ҳар йили бир миллионга яқин одам ўз жонига қасд қилади. Бу рақамни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 10 сентябр - ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини бартараф этиш халқаро куни муносабати билан эълон қилди. Сана муносабати билан Ўзбекистон учун ҳам фожиа бўлиб қолаётган муаммога бир назар ташладик.
Ҳар 40 сонияда дунëда бир одам ўз жонига қасд қилмоқда.
Бу ҳақда бонг урган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобига кўра, кунига миллион киши ўзини ўлдирмоқда. Айни ташкилот мутахассислари кўп ҳолларда суициднинг олдини олиш мумкин, деб ҳисоблайди.
10 сентябр ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини бартараф этиш куни деб жорий қилинган. Айнан шу куни курраи замин фожиасига айланган ўз жонига қасд қилишни бартараф қилиш йўллари ҳақида машваратлар ўтказилади, йўл-йўриқлар изланади.
Биров турмуш ташвишларига чидай олмасдан ўзини ўлдирган бўлса, яна бирови бадавлат бўлсада яшашдан мақсад топмагани учун жонига қасд қилмоқда. Дунëдаги барча уруш талаш ва қотилликлар боис ўлганлардан кўра ўзини ўлдирганлар сони анча кўп экани аниқланган.
Ҳар 40 сонияда дунëда 1 киши ўзини ўлдириши баробарида 20 киши ўз жонига қасд қилишга уринади.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари кўп холларда суициднинг олдини олиш мумкин деб ҳисоблайди.
- Бунинг учун эса, мамлакатда бу муаммони очиқ шаффоф муҳокама қиладиган матбуот, одамларни ўзини ўлдиришга мажбур қиладиган мулозимларни жазолайдиган мустақил суд тизими ва энг муҳими эҳтимолий ҳудкушларни қароридан қайтарадиган руҳшунослар маркази лозим, дейди Озодлик билан сухбатлашган соҳа мутахассиси.
Gallup ташкилоти тадқиқотига кўра, суицид шарқий Европада энг кўп кузатилади. Исломий давлатлар хусусан Қувайтда ҳудкушлик энг кам рўй беради.
Ўтган асрнинг 80-йилларида ўз жонига қасд қилиш (суицид) ҳолатлари Ливан, Қувайт ва Шри-Ланка давлатларида учраган бўлса, 90ғйилларга келиб, у Исроил, Ҳиндистон, Панама, Жазоир, Покистон, Аргентина, Хорватия, Туркия, Танзания ва Кения каби давлатларига ёйила бошлади.
Июн ойида деярли уч минг нафар япониялик ўз жонига қасд қилган, бу бир йил олдинги рақамлардан 8 фоиз кўп. Бу ҳақда мамлакатнинг полиция бошқармаси хабар қилди. Суицид билан боғлиқ ҳолатлар энг юқори кўрсаткичи пойтахтда ва Япониянинг иккинчи иқтисодий маркази Осака шаҳрида қайд этилган. Яқинда зилзиладан энг кўп жабр кўрган Мияги ва Иватэ вилоятиларида эса, аксинча, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари камайган.
Оламнинг қайси бурчагида бўлишидан қатъий назар, инсоннинг дунёга келиши қувончли воқеа сифатида қарши олинади. Ўз вужудида фарзандини тўққиз ой, тўққиз кун, тўққиз соат ва тўққиз дақиқа кўтариб юрган онанинг кўзларига дунё чароғон кўринади. Халқона ибора билан айтсак, «кўзи ёрийди». Бола туғилиши, ўсиб-улғайиши, камол топиши, оила қуриши, фарзанд кўриши, уларни тарбия қилиши, ҳаётга тайёрлаши ва ниҳоят, сўнгги манзилга равона бўлиши, бир сўз билан айтганда, ўз авлодлари занжирини боғлашдаги бир халқага айланиши ҳар бир киши ҳаётида кузатилади ва такрорланади. Айрим халқлардан фарқли ўлароқ, мусулмонларда киши бандаликни бажо келтирганда она қорнида яшаган даври ҳам ёшига қўшиб айтилади. Бу ёши улуғ кишилар ҳаётдан кўз юмганда, ибратомуз ҳолат ҳисобланади. Тириклик билан ўлим орасида азалдан кураш кетса ҳам гоҳо бирининг енгилган, иккинчисининг ғолиб келган ҳолати қайд қилинаверади. Оламнинг, ақлли мавжудоти — инсон умри ҳақида, унинг ўз томонидан не бир ҳикматлар айтилмаган, қандай битиклар битилмаган, ҳайратомуз тасвирлар чизилмаган, оламшумул тадқиқотлар ўтказилмаган. Инсоният ўтмишидан то бизга қадар нимаики етиб келган бўлса, бугунги авлод уларни қайсидир маънода хазина ёки мерос сифатида қабул қилишга одатланди.
Оламнинг буюк хилқати — одамга берилган умр ўлчовли. Айтишларича, у туғилмасидан илгариёқ қанча умр кўриши пешонасига ёзиб қўйилар экан. Балки бу ростдир, чиндан ҳам умр деб аталган неъматни ҳар ким ўзи истаганчалик йиллар билан яшаб ўтказа олмайди. Ахир ким ҳам юз йил яшашни истамайди? Кимдир саксон йил умр кўрса, кимдир йигирма йилдаёқ хазон бўлади, биров касаллик билан, биров фожиадан, биров тасодифан. Бу ёруҚ олам билан Оллоҳ томонидан юборилган ажал орқали кетишга ҳеч ким ширк келтириши керак эмас. Аммо ўлимнинг шундай тури борки, уни одамнинг ўзи қасддан уюштиради ва аслини олганда, бундай ўлим ҳам ўз-ўзидан рўй бермаслиги ҳақида турли тахминлар, талқинлар, хулосалар бор.
СИНЯКОВНИНГ ТАДҚИҚОТИ
Ҳаммамиз афсус-надомат билан бош чайқайдиган фалокатлар — автомобиль, поезд ёки самолёт ҳалокати, ер силкиниши, кимнингдир ўз жонига қасд қилиши бесабаб содир бўлмаслиги, бундай кўнгилсизликлар замирида диалектик қонуниятнинг қандайдир омиллари яширинганини кўпинча ўйлайвермаймиз. Фожиалардан сўнг бунга нима сабаб бўлгани хусусидаги тортишувлар бошланади. «Ахир шундай бўлмаслиги мумкин эди-ку!» дея бир-бирига саволомуз қарашади одамлар. Чиндан ҳам кўнгилсизликнинг келиб чиқмаслиги чоралари белгиланса бўларди. Аммо ҳалокатни олдиндан кўра билмаслик бунга имконият яратмайди.
Улкан сайёралардан бири — Ерда рўй бераётган ва одамларни лол қолдираётган фожиалар Санкт-Петербург аэрофазовий қурилмалар давлат академиясининг профессори Александр Синяков тадқиқотига кўра, муайян бир нуқтадаги геофизик резонанс (таъсир) ҳодисаси ҳисобланади. У таъкидлайдики, бундай фожиаларнинг келиб чиқиш сабаблари нималарга боғлиқ эканлигини нисбийлик назариясининг асосчиси Альберт Эйнштейн ўйлаб ҳам кўрмаганди. Эйнштейн физик фазовий кенгликда моддаларнинг тақсимланишини тавсифлаш тенгламасини чиқарган эди. Бинобарин, тенгламадан «чиқолмаслик», унга ўз изланишлари бўйича қўшимча маълумотлар тўплашни тақозо қиларди. 1923 йилда математик Александр Фридман бунга ўз нуқтаи назарини билдириб, шундай деган: «Жаноб Эйнштейн, сиз ноҳақсиз, ўзгармас миқдорни излаш фойдасиз, ҳақиқий тенглаштириш шуни кўрсатадики, галактикадаги моддалар қўшилиши ва сочилиб кетиши мумкин». Сал вақт ўтиб, 1929 йилда америкалик астроном Эдвард Хаблл юлдузларнинг бир-биридан йироқлашишини тасдиқловчи ўзига хос қизил қоришма, деб номланган натижани аниқлаган. Мантиқан олиб қаралганда, илгаридан, яъни миллиард йиллар муқаддам жамики моддалар оламнинг битта нуқтасида жойлашган. Олимлар тахмин қила бошлашди: сайёраларнинг пайдо бўлишига портлашлар сабаб бўлмаганмикан? Агар шундай бўлса, ушбу портлашлар нимадан келиб чиқиши мумкин? Синяков улкан портлашлар назариясини яратишда шуни англадики, кўриш майдонидан ташқарида ҳам фазовий кенглик мавжуд. Аммо ўша бўшлиқда Ер силкинишлари, тўфонлар, бошқа табиий офатлар, хилма-хил техникавий фожиалар билан боғлиқ бўлган жараёнларни ҳеч ким ўрганмаган. Фазовий бўшлиқда жонли ва жонсиз мавжудотларга таъсир ўтказадиган электромагнит тўлқинлар тарқалиб туради, энергиянинг тебраниш ҳодисаси кузатилади. «Мен бу маконга бир қадар тегишли бўлган физик параметрлар модулини ишлаб чиқдим, — деб ҳикоя қилади Синяков. — Илмий деталлар тафсилотига берилмайман, барча параметрлар, маълум бўлишича, бир-бирлари билан узвий боғлиқ. Содда қилиб айтганда, бир қанча планеталарнинг биргаликда ҳаракатланиши кучли энергетик туғёнга олиб келади. Икки ёки ундан ортиқ планеталарда тебранма ҳаракат тезлиги даражасининг қўзғалиши мос тушганда, муайян нуқтадаги геофизик резонанс ҳодисаси муқаррар равишда рўй беради. Унинг давом этиш вақти унчалик узоқ эмас — 10-15 дақиқа, аммо бу вақтда резонанс ҳодисаси табиий ва техник жараёнда жуда катта ва қисқа муддатда содир бўладиган вакуум параметрлари ўзгаришига тушиб улгуради.
1995 йилнинг ёз ойларида Синяков Новокузнецк конларидан бирига таклиф қилинган. Сабаби, бу ерда кон портлаган бўлиб, Синяков ҳалокатнинг рўй беришини ўз илмий хулосалари билан асослаган эди. Бу ерда кончилардан ташқари директор ва унинг ўринбосари ҳам ўтиришарди. Профессор ушбу фожиада ҳеч ким айбдор эмаслигини, портлаш тасодифий равишда отилган метан туфайли рўй бергани хусусида сўзлайди. Шубҳасиз, унинг фикрлари ўта жўн бўлиб туюлди. Ер, муайян нуқтадаги геофизик резонанс ҳодисаси бутун Қуёш системасига доир планеталарнинг ўзаро ҳаракатларида рўй берар экан. Синяков бунга 15 йил муқаддам амин бўлганини таъкидлайди. Бунга қадар у коинот, хусусан, физикадаги доимий миқдор ҳолати билан боғлиқ муаммоларни ўрганди. Нега шундай? Бу қандай вужудга келади? Доимий миқдорнинг тортишиш кучи нимада?
Кучли вакуум (бўшлиқ) муҳитининг бузилиши барча табиий ва техник объектлардан иборат тузилмаларнинг ўз ҳолатидан чиқиб кетишига олиб келади. Одамзот катта қувватга эга бўлган электромагнит майдонда жойлашган. Синяков буни таҳлил қилади ва солиштириш оқибатида Қуёш системасидаги планеталарнинг ўзаро ҳаракатда бўлишини тушунишга имкон берадиган қоидалар мажмуини ишлаб чиқади. Ва Ер силкинишлари оламдаги планеталар ҳолати билан тўғридаг-тўғри боғлиқлигини аниқлайди. Муайян нуқтадаги геофизик резонанс назарияси авиафожиалар, конлардаги портлашлар, ҳаттоки, инсоннинг ўзини ўзи ҳалок этиш сабабларини ҳам ойдинлаштиради. Тадқиқотчи яқин ўтмишда қайд қилинган бахтсизликларнинг тасодифан рўй бермаганини, аксинча, улар ҳам ўша назария билан боғлиқ равишда кечишини мухбирларга етарлича асослаб берган. Хусусан, Синяков 1968 йилда Юрий Гагариннинг фожиаси ҳақидаги вазиятни тадқиқ этган, хулосаларини мухбирларга шундай ҳикоя қилиб берган: «Мен бу воқеа ҳақида жуда кўп ўқидим. Экипаж учишга пухта тайёргарлик кўрган эди. Мен махсус компьютер дастурлари ёрдамида геофизик вазиятнинг экипажга таъсирини тикладим: у 208-параметрли жуда қисқа лаҳзалик резонанс ҳолатига тушиб қолган, бу ҳолат кўпинча ғайритабиий зона — номаълум учар жисм деб қабул қилинади. Натижада, Серегин ва Гагарин экипажни бошқариш мувозанатини йўқотиб қўйишди. Муайян нуқтадаги геофизик резонанс тугаганидан сўнг, экипажни ўз ҳолига қайтаришга баландлик етарли бўлмаган. Мен бундай экспертизаларни жуда кўп текширдим. Ўшлигимда Маяковскийнинг ўзини ўзи қай ҳолатда отиб қўйганлиги қизиқтирарди. Бу шоирнинг машҳурлиги, мени унинг тақдиридаги қалтис ўйин сабабларини аниқлашга ундади. Унинг ҳаётига дахлдор зарурий маълумотларни кутубхоналарда сақланаётган эски манбалардан тўпладим. Бу маълумотларга кўра, шоирнинг ўзини ўзи отиши 1930 йилнинг 14 апрелида содир бўлган. Шу вақтда Москва шаҳри 123-параметрли муайян нуқтадаги геофизик резонанс ҳолатига кирган эди. Бу вазият 9:30 дан 10:25 га қадар давом этган. Оралиқдаги дақиқалар Маяковскийга етарли эди. Нега энди бу шоир ўзини ўзи ҳалок этди? Москванинг ярим аҳолиси ҳам шу вақт ичида бундай ҳолатга тушмади-ку? Бу жуда оддий нарсалар эмас, маълум шароитлар бир-бирига мос тушиши керак эди, яъни инсоннинг оғир руҳий ҳолати ҳам фожиага сабабчи бўлиб, у муайян нуқтадаги геофизик резонанс ҳодисасининг таъсир кучи билан муносабатга киришади ва ўз жонига қасд қилиш билан якун топади. Шу нарса маълумки, Маяковский ўзини ўзи отишдан аввал маъшуқаси Ольга Полонская билан учрашиб, гаплашган эди. Эҳтимол, улар бир-биридан аразлаган бўлишлари мумкин. Шундан сўнг у ярим соат ёлғиз қолмаганида эди, мудҳиш ҳодиса содир бўлмасди. Афсуски, у ўша дақиқада резонанс ҳолатига тушди, бу ёғи ўзингиз билган фожиа содир бўлди».
Сергей Есениннинг ўз жонига қасд қилиши ҳам шундай ҳодиса. У жуда ҳиссиётга берилган, нозик қалб эгаси бўлган ва яхшигина ичар эди. Сал гапга тушкунликка тушар ва ич-этини еб, ўзини қўярга жой тополмасди. 1975 йилнинг 27 декабридан 28 декабрига ўтар кечаси Ой Меркурий, Венера ва Уран планеталари билан ўзаро фаол ҳаракатда бўлган. Битта резонанс ҳодисаси ўтиб, эрталабки 4 ларга яқин 219-параметрда иккита МНГР бошланган (Венера, Марс, Сатурн). Замондошларининг хотирлашларича, Есенин ўша кечаси очиқ ҳавода сайр қилган, қўлида ҳеч қандай қурол бўлмаса-да, ўзини ўзи ўлдиришга имкон топган.
Ҳаммамизда нариги дунёга равона бўлган кишилар ортидан ачиниш ҳисси кечиши табиий. Шу тамойилга кўра, умидсизликка тушмайдиган киши топилмайди. Фақат кимлардир ўзини қўлга ола билади, кимлардир барчасидан биратўла қутилиб қўя қолишни афзал билади. «Муайян нуқтадаги геофизик резонанс ҳодисасининг доимий зонаси борми?» деб берилган саволга Синяков: «Бундай зоналар «сузиб» юради, лекин уларнинг қаердалигини топиш мумкин. Бунинг учун аниқ маълумотлар керак» деб жавоб қилган.
Дарвоқе, Синяковнинг назарияси америкаликларни ҳам жуда қизиқтириб қолди. Чунки, ушбу мамлакат ҳаётида ҳам турли кўнгилсизликлар ва муваффақиятсизликлар кўп учрайди. Инсон миясини операция қилаётган икки тажрибали шифокор беморнинг ўнг ва чап ярим шарларини адаштириб қўйишди ва иш муваффақиятсиз якун топди. Шундан сўнг клиника шифокорлари кутилмаган воқеанинг экспертлар томонидан йиғилган маълумотларидан бир пакетини юборишган. Буни ўрганиш чоғида тадқиқотчи операциянинг 138-параметрда резонанс ҳолатида олиб борилганлигига амин бўлди.
Ҳозир АҚШда Синяковнинг тадқиқотларини ўрганиш ва қўллаш бўйича махсус жамғарма ҳам очилган. Бу жамғарма турли нохушликларнинг сабабини ўрганувчи назарияни дунё миқёсида кенг ёйиш тарафдори. Шу жиҳатдан ҳам унинг тузилгани қўллаб-қувватлашга молик.
ИХТИЛОФ
Ҳаётдаги энг мураккаб муносабат кишилар ўртасидаги муомала ҳисобланса керак. Кузатганмизки, қайнона келинни, келин қайнонани ғийбат қилади, фарзанд ота-онасидан нолийди, ота-она эса ўғил-қизидан, тоға жиянидан, опа синглисидан ҳасрат қилиши мумкин. Агар улар орасидаги келишмовчиликларни таҳлил қилиб чиқсангиз, ҳеч қайсиси ўзларини ноҳақ деб билмасликлари ҳақидаги бир хулоса тайёр бўлади. Чиндан ҳам низо ва жанжаллар кишиларнинг бир-бирлари билан муросаи-мадора қилолмасликлари оқибатида келиб
чиқади.
СУИЦИД ҲАҚИДА МУТАХАССИСНИНГ ФИКРИ
Жон ширин, у фақат Яратганнинг амри билангина узилади ва бундай ҳолатда бандаликнинг сўнгги шартини бажо келтириш атайлаб уюштирилган ўлимга нисбатан осон кўчади. Илмий тилда ўз жонига қасд қилишни суицид деб атайдилар. Ўзини ўзи ҳалок этишни психология фани тадқиқ этади. Дунё миқёсидаги глобал муаммо ҳар қайси мамлакатда бир хил: арқон билан осиш, ўзини ёқиш, поезд тагига ташлаш, заҳар ичиш, пичоқ санчиш, кўп қаватли уйлардан ўзини пастга улоқтириш, тўппонча билан отиш... Муаммо битта, нега инсон ширин жонини ўлим билан юзлаштиришга қарор қилади? Бундай фожиага қўл уришдан нима учун ўзини тўхтата олмайди?— Шахсий, оилавий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётда рўй бераётган ўзгаришлар, янгиланишлар одамларнинг шундай вазиятларга мослаша олмаслигини, гоҳида руҳий зўриқишга дуч келишини таъминлайди. Шахснинг ўзини, ўз хулқини назорат қилиш даражаси камаяди. Ақл билан иш олиб бориш ўрнига ҳиссиётларга берилиш, ўзини бошқара олмаслик кескин кучаяди, натижада ўзининг ширин жони ҳам кўзига кўринмай қолади. Ўз ҳаётига қасд қилиб, мавжуд муаммолардан қутилиб кетиш хоҳиши кучаяди.
Суицид бир қанча кўринишларда намоён бўлади. Биринчиси: оилавий низолар туфайли. Бунда эр ва хотин, келин ва қайнона, келин ва унинг турмуш ўртоғининг яқинлари, ота ёки онанинг ўз фарзандлари билан муносабатлари зиддиятли характерда бўлиши кузатилади. Ота-оналар ва уларнинг ёқувчи ёки талаба фарзандлари орасидаги келишмовчиликлар ҳам кўпинча ўз жонига қасд қилишга замин тайёрлайди. Ота ва онанинг фарзанди руҳиятида юз бераётган ҳиссий, жисмоний, ёш ўзгаришларини инобатга олмаслиги бунда бирламчи рол ўйнаши мумкин. Меҳнат қилишга ўрганмаган, енгил ҳаёт кечириш кўникмаси шаклланган болаларда бу ҳолат кўпроқ намоён бўлади. Иккинчиси: иш жойидаги ихтилофлар. Иш жойида хизмат вазифаларининг бажарилиш жараёнида ноўрин нақорат, тушунмаслик ёки атайлаб уюштирилган қарши ҳаракатга нисбатан норозилик аломати сифатида рўй беради. Учинчиси: ёш инқирози билан боғлиқ. Айрим ёш даврида кузатиладиган психологик хусусиятлар инсонни ички зўриқиш, ўзини ва бошқаларни тушунмаслик ҳолатига солиб қўяди. Натижада, муомала ва мулоқотнинг усулларини қўллай олмаслик кузатилади. Бундай кишининг назарида ҳеч ким уни тушунмайди ва у қалтис ҳаракатни танлайди. Тўртинчиси: руҳий касалликларнинг шахсда мавжудлиги туфайли. Шахснинг руҳий ҳолати, бош мия фаолиятидаги туғма оғишлар ва нуқсонлар руҳий касалликларнинг турли даражада намоён бўлишига имконият туғдиради. Бу тоифадаги одам ўзидан ўзи жаврайдиган, ўзига кўпроқ эътибор қаратилишини истайдиган, ўз айтганини қилдиришга одатланиб қолади. Бу, табиийки, атрофдагиларнинг иззат-нафсига тегади ва ҳалиги киши аямасдан ҳақоратланади. Натижада суицид юзага келади. Бешинчиси: ўзини ночор, касалманд, ҳеч кимга кераксиздек ҳис этиш ва ўз оғирлигини яқинларига солишни хоҳламаслик туфайли.
Бу сабаблар инсонни руҳий танглик ҳолатига олиб келадики, бунда ёлғизлик ҳисси, ваҳима кучайиши, ишончнинг йўқолиши, ҳаётга умидсизлик кайфияти, яшашдан мазмуннинг хиралашиши, ўзига нисбатан баҳолашнинг паст даражага тушиб қолиши кузатилади. Айни пайтда кишининг қисқа муддатда ўзини ўзи бошқариб бўлмайдиган ҳолатга тушиши бошдан кечирилади. Хатарли жиҳати шундаки, шахс ўз бошидан кечираётган муаммолар гирдобига тушиб қолади, ўзини чорасиз сезади, ғам-ғусса, ваҳима уни ҳар томонлама чирмаб олади. Ягона чора ўзини ўзи ҳалок этиш бўлиб туюлади. Ўтказилган кузатиш ва тадқиқотлардан кўринадики, суицид мавсумий характерга ҳам эга экан. Яъни баҳор фаслида организмдаги витаминлар тақчиллиги ва ҳиссий ўзгаришлар бунга кўпроқ замин яратади. Ўш йигит-қизлар ва аёлларда руҳий танглик нисбатан кўп учрайди.
— суицид нохуш ҳодиса. Унинг олдини олиш мумкин, деб ўйлайсизми?
— Бунинг учун бир қанча тадбирларни амалга ошириш керак. Оқилона маслаҳат беришга қодир, тажрибали, малакали мутахассислар фаолият олиб борадиган «Ишонч марказ»лари очиш лозим. Руҳий тушкунлик ҳолатига мубтало бўлган кишилар ихтиёрий равишда ана шундай марказларга мурожаат қилишларига кенг йўл ва имконият яратиш керак. Қолаверса, инсонга ҳаёт бир марта берилади, унга қасд қилиш ҳам ҳаётий, ҳам диний жиҳатдан ирода заифлигининг ифодаси эканлиги ҳақидаги тушунчага ҳар кимнинг эга бўлиши муҳим роль ўйнайди. Бунинг учун бирор касб-ҳунарни эгаллаш, яқин кишилари ва атрофдагиларнинг ҳурматини қозониш, ўзини ўзи севиш, ҳаётнинг мазмуни нимадан иборат эканлигини тушуниш муҳим аҳамият касб этади. инсонга умр кўриш имконияти бир марта берилади. Бундан шундай фойдаланиш керакки, киши ҳақида «У заиф, ночор эди, шунинг учун ўз жонига қасд қилган» деган хотира эмас, балки «У ибратли ҳаёт кечирди, ўзидан жуда кўп яхши амалларни қолдирди» деган эътироф қолишига нима етсин!
МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛАДИ?
Мақоламизнинг бошида келтирдик: туғилиш — қувонч, ўлим — қайғу. Ҳамма ҳам вақти келиб дорилбақога рихлат қилади. Аммо буларнинг барчаси Яратганнинг амри билан бўлади ва ана шу азму иродага қарши чиқиш Оллоҳга ширк келтириш ҳисобланади. Ўзини ўзи ўлдириш муқаддас китоб — Қуръони каримда жуда аниқ таъриф билан қораланади.
«Саҳиҳи Бухорий» ва «Саҳиҳи Муслим» китобларида ривоят қилинишича, ҳазрати Расулуллоҳ ўз ҳадиси шарифларида «Кимики тоғ тепасидан ташлаб, ўзини ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлур. Агар заҳар ичиб, ўзини ўзи ўлдирса, жаҳанамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлур. Кимики ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ул шахс темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолур» дейдилар. Қиссадан ҳисса тариқасида шуни айтмоқчиманки, ҳаётда ўзини ўзи очиб, ёқиб, сувга отиб, поезд тагига ташлаб ўлдириш ҳоллари учраб турибдики, бу қоралашга лойиқ ишдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |