Алишер Навоий “маъно аҳли” деганда ҳақиқат йўлига кирган комил инсонни назарда тутганлар. “Маърифат – илм, ирфон, маориф” дея таъриф беради.
Япония қазилма бойликлари, ер-суви билан гуллаб яшаётгани йўқ, у маърифати, ақли тарихи билан ХХ асрда устуворликка эришган. Маънавий қашшоқ халқ ҳеч қачон бой бўлмайди. Ўз ҳуқуқини билмаган, ўз қонунлари кучини англаб етмаган ва тушунишни истамаган инсоннинг шон-шавкати тупроқ билан тенгдир.
Маърифат барча даврларда ўз кўринишига эга бўлган. Юнон-рим фалсафасида “маърифат” сўзи “тафаккур ва соф билим” дея ифодаланган.
Ўрта асрлардаги ислом илм-фанида “маърифат” тушунчаси илоҳиёт фанида катта билимдонликни, ўқимишлиликни билдирадиган. Кишиларни маърифатли қилиш ва уларни маънавий баркамол этиб тарбиялашда илоҳиётнинг таъсири беқиёс бўлган.
Буюк аждодларимиз Имом ал-Бухорий, Хаким ат-Термизий, Аҳмад Яссавий, Баҳовуддин Нақшбанд ўзларининг беқиёс билимлари билан умуминсоний маданиянинг ривожланишига улкан ҳисса қўшиб келганлар. Ҳаким ат-Термизий “Китоб байан-ал-илм” номли рисоласида билимни нур яъни ёруғликка қиёслаган.
Марказий Осиёдаги илоҳиёт фанида, шунингдек, араб илоҳиёт фанида “маърифат-ақл-илм-одоб” ёки “илм-амал-одоб” тушунчалари ўзаро боғлиқ тушунчалар ҳисобланган. Ўрта асрдаги мусулмон олами олимларининг нуқтаи назарига кўра кишининг одоби, хулқи унинг маърифати, билимдонлиги билан чамбарчас боғлиқ инсон қанчалик маърифатли бўлса, унинг ахлоқий хулқи шунчалик яхши ва мукаммал, яъни ахлоқ билан билим ўзаро мустаҳкам боғланган ҳодисадир.
Бу бой маданий мерос бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Аз-Замаҳшарий: “Ҳаракат заиф бўлган жойда кучли билим фойдасиздир. Ҳаракатсиз билим - ипсиз камалак ўқидир” деган эди. (Аз- Замаҳшарий. Мақолалар. Қоҳира, 1335).
Ғарбда маърифатчилик ХVIII асрда оқим сифатида шаклланди, “маърифат” атамаси эса машҳур файласуф Иммануил Кантнинг “маърифат нима?” номли мақоласида (1784 йил) “маърифат” деганда инсон ақл-идрокининг кучига ва билимлари тантасига чексиз ишонч даври англаши деб таъриф берди.
Маърифатли – билимли, муайян соҳада маълумоти бор дегани бўлиб инсонпарварлик маънавият заминидагина ўз моҳиятига эга бўлади. Кишиларнинг билимини, маданиятини оширишга қаратилган таълим-тарбия ҳам маърифат деб қаралади. Бу сўз илму урфон маъноларида ишлатилади. Маърифатни ҳаётга сингдириш, билим ва маданиятнинг қўшма мазмуни бўлиб, маориф эса ана шу мазмунни ёйиш қуроли, воситасидир. Маориф асосан умумий ва ўрта махсус билим берувчи мактаб ва ўқув юртлари тармоқларини қамраб олади. Маърифат тушунчаси эса кенгроқ бўлиб, билим ва маданиятни ёйиш ва юксалтиришнинг ҳамма турлари ва соҳаларини ўзида қамрайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |