Халқ оғзаки ижодида нутқ одоби тавсифи
Ҳикматхон Аҳмедова, Қўқон ДПИ катта ўқитувчиси
Аннотация. Мақолада қисқа, лўнда, оз, аниқ, маъноли, мазмунли, мантиқли, рост, таъсирчан сўзлаш каби нутқ одоби ва маданиятига доир халқ оғзаки ижоди намуналарининг мазмун моҳияти хусусида фикр юритилган.
Калит сўзлар: нутқ маданияти, мақол, топишмоқ, достон, эртак, қўшиқ, ширинкаломлик, нутқ одоби.
Нутқ маданияти башариятнинг сўздек муқаддас неъмат билан зийнатланган куни билан тенгдош экан, табиийки, ҳали ёзув бўлмаган пайтдан, оғзаки ижод намуналари пайдо бўлган замондан мазкур масалага эътибор қаратилган. Халқ оғзаки ижодининг турли жанрлари – мақол, топишмоқ, достон, эртак, аския, ривоят, афсоналарда чиройли нутқ, маданиятли нутқ ҳақида кўп сўз борган, қаҳрамонлар тилининг ширинлиги, муомаласининг некбинлиги билан халқнинг орзу-умидларидаги қаҳрамонлар сифатида яшовчанлик касб этган. Айтимчилар ўз қаҳрамонларининг нутқига алоҳида эътибор билан қараган – уларнинг диолог, монологларида сўз нафосатининг қайралган ва кутилмаган гўзалликларини инкишоф этганлар. Сўз ва нутқнинг фасоҳати халқ яратган мақол ва топишмоқларда ҳам ўз ифодасини топган.
Лингвистиканинг асоси сўз бўлгани каби, нутқ маданиятининг асосини ҳам сўз ташкил этади. Бу соҳада сўзнинг ўзигина эмас, балки шу сўз ким томонидан, қандай шароитда ва қай йўсинда истифода этилаётгани муҳим. Шу сабабдан қадимдан то бугунгача яратилган ва яратилаётган оғзаки ва ёзма манбаларда сўз ва унинг ижросига (нутқ маданиятига) эътибор муҳим бўлиб келган. Халқнинг оғзаки ижоди намуналари бўлмиш асотир (миф), афсона ва эртакларда асарларнинг бош қаҳрамонлари ёвуз кучлар (девлар, монстрлар, ялмоғизлар ва б.)га дуч келганларида ширинкаломлик билан салом беришлари уларни тасодифий фалокатлардан асраб қолганликлари – “Саломинг бўлмаганида икки ямлаб бир ютар эдим” деган клешаларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган. Ёки “Зумрад ва Қиммат” эртагида Зумрад ўрмонда адаштириб келинганида ширинсуханлиги, саломини канда қилмаганлиги, меҳнатсеварлиги туфайли бойликларга сазовор бўлиб, соғ-саломат ўз хонадонига қайтганлиги, Қимматнинг эса, инжиқ ва эркатойлиги, қўполтиллилиги оқибатида шарманда бўлганлиги воқеалари ҳам ботинан тил маданиятига, бинобарин, нутқ маданиятига алоқадорлиги билан эътиборни тортади. “Алпомиш”, “Кунтуғмиш”, “Маликаи айёр”, “Равшан”, “Юнус пари”, “Мисқол пари” сингари халқ достонларида айтимчиларнинг тил маҳорати туфайли насрий ва назмий матнларнинг тил материаллари билан шаклланишидаги фасоҳати, уларда истифода этилган лингвистик унсурлардаги коннотативлик, таъсирчанлик даражаси ҳам нутқ маданиятининг ўзига хос кўринишлари сифатида эътирофга лойиқдир. Чунончи, халқ достонларида кўп дуч келинадиган сажъларда айтимчи нутқининг фасоҳати янада бўртиб намоён бўлади. Шу жиҳатдан “Тоҳир ва Зуҳра” достонида бундай сажъ намунасига дуч келинади. Куютир саҳросида саргардон бўлиб кезган Тоҳир юра-юра Гўшаи товусон деб аталадиган бир чаманзор жойга етишади. Бахши сажъ санъатидан маҳорат билан фойдаланиб, ҳар жойида мармардан ҳовузлар қилинган бу ажойиб гўшани “думини чодир қилиб юрган товуслар, булбуллар сайраган, тўтилар куйлаган, жами қушлар гир теварагини тўйлаган, кўрганни ҳайрон айлаган” деб таърифлайди. Ёки “Кутуғмиш” достонида Холбека таърифида айтилган ушбу сажъ ҳам нутқнинг гўзал кўриниши сифатида эътиборни тортади: Холбеканинг юзлари тўлин ойдай, юришлари чопқиллаб юрган тойдай, сочлари шарқираб оққан сойдай; у ёғида тўқсон беш, бу ёғида тўқсон беш, ўн кам икки юз кокили бор; бир томонини тилла сувига ботирган, бир томонини кумуш сувига ботирган, шамолда қотирган...
Халқ қўшиқлари матнида ҳам шеърий нутқнинг бениҳоя жозибали, маданий нутқ унсурлари билан зийнатланган мисраларга дуч келинадики, булар ҳам ўзбек халқи нутқ маданиятининг илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалиши, уларда инсон кайфияти, ақлу заковати, диду фаросатининг юксак даражада бўлганини кузатиш мумкин. Улардаги ташбеҳлар, метафора ва бошқа кўчимлар, муболағалар эшитгувчининг юрагини “жиз” эткизиш баробарида, руҳиятига-да таъсир ўтказади. “Сунбула” аталмиш халқ қўшиғида бундай дейилади:
Фарғонада ўт ёқсам,
Андижонда тутуни.
Бу дунёда бормикан
Юрак бағри бутуни.
Бу дунёда бор бўлса,
Юрак-бағри бутуни
Қоғоздан ўчоқ ясай,
Гулдан қилай ўтинни...
Ёки “Галдир” (“Ишқда девона”) қўшиғидаги тил жозибаси, назокати ушбу мисралар мағзидан сезилиб туради:
Оқ илон, оппоқ илон,
Ойдинда ётганинг қани!?
Мен ёмондан айрилиб,
Яхшини топганинг қани!?
Оҳ урарман, оҳ урарман,
Оҳларим тутгай сани.
Кўз ёшим дарё бўлиб,
Балиқлари ютгай сани.
Айниқса, халқ мақолларида сўзнинг ва нутқ эгасининг нутқ жараёнидаги иштироки масаласига алоҳида диққат қилинган намуналари кўплаб учрайди. Ана шу нуқтаи назардан, халқ мақолларига, уларда сўзнинг қудрати, жозибаси, кишиларнинг нутқида сўзнинг иштироки мавзуларига дахлдор айрим намуналарини кўриб чиқайлик.
Мақол, биринчи навбатда, халқ оғзаки ижодининг шаклан кичик, мазмунан теран намунаси ҳисобланади. Унинг луғатлардаги маъноси ҳам “сўз” демакдир. Луғатларда мақолларга тубандагича таъриф берилади: “Мақол – халқнинг доно фикрларининг лўнда ифодаси”.[1:105] Дарҳақиқат, мақоллар халқнинг узоқ йиллик тажрибалари натижасида юзага келади ҳамда реал ҳаётга сингиб, кишиларнинг оғзидан оғзига кўчиб юради ва шу орқали умрбоқийлик касб этади. Қадим-қадимда пайдо бўлган мақолларнинг бугунги кунда ҳам истемолда қўлланиши ёки уларнинг яқин эквивалентларининг пайдо бўлиши шундан. Тил, фалсафа ва бадиий ижоднинг ўзига хос ҳодисаси сифатида юзага келган халқ мақоллари фольклорнинг ихчам шакл, аммо теран мазмунга эга бўлган бир жанри ҳисобланар экан, мақолларнинг ҳар бири тилимиз кўркини, нутқимиз нафосатини, ақл-фаросат ва тафаккуримиз мантиқини ҳайратомуз бир қудрат билан намойиш этган ва эта олади. Бундай бадиият қатралари халқимизнинг кўп асрлик ҳаётий тажрибалари ва маиший турмуш тарзининг бамисоли бир ойнаси. Бу бадиий ойнада унинг ҳаётга, табиатга, инсон, оила ва жамиятга муносабати, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, ахлоқий-эстетик ва фалсафий қарашлари, қисқаси, Ўзи ва Ўзлиги тўла намоён бўлгандир. Шунинг учун ҳам мақоллар ғоятда кенг тарқалган бўлиб, асрлар давомида жонли сўзлашув ва ўзаро нутқий муносабатларда, бадиий, тарихий ва илмий асарларда, сиёсий ва публицистик адабиётда доимий равишда қўлланилиб келган ва қўлланмоқда. Йиллараро, даврлараро уларнинг янгилари яратилиб турган, эскиларининг — жонли муомалада, тилда мавжудларининг маъно доираси кенгайиб ёки торайиб борган. Ҳатто уларнинг муайян қисми унутилиб кетган. Чунки ўзбек халқининг бундай улкан фольклор мероси фольклористик нуқтайи назардан кейинги асрларгача деярли тўпланмай ва ўрганилмай келинган. Бундан халқ мақоллари ўтмиш адиблари, шоирлари, тарихчилари эътиборидан мутлақо четда экан, деган хулоса чиқармаслик лозим. Мақолга адабий нуқтайи назардан қизиқиш, асар бадиийлигини ошириш ва бадиий тил равонлигини таъминлаш учун ундан фойдаланиш ҳамма замон ва маконларда сўз санъаткорларининг диққат марказида бўлган. Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғатит турк”, Алишер Навоийнинг лирикаси ва эпик мероси, Мавлоно Лутфий шеърияти, Гулханийнинг “Зарбулмасал”и, Абдулла Авлонийнинг “Туркий Гулистон ёки ахлоқ” қўлланмаси, Абдулла Қаҳҳор ва бошқаларнинг ҳикоя, қисса ва романларида халқ мақолларидан у ёки бу даражада истифода этилгани буни яққол далиллаб беради. [2:3] Мақоллар кўп асрлик ҳаётий тажрибалар, доимий кундалик кузатишлар хулосасини тугал фикр тарзида қатъий қутбийликда ифодалар экан, уларда ҳар бир сўзнинг маъно хилма-хиллиги, ибораларнинг турғунлиги, шаклий барқарорлик устунлик қилади. Аммо қўлланиш ўрнига қараб, уларнинг маъно доираси доимий равишда кенгайиб боради. Шунинг учун ҳам мақолдаги ҳар бир сўзга алоҳида эътибор бериш керак. Уларда шундай сўзлар борки, бу сўзлар тарихан бутунлай бошқа маъноларни англатган. Масалан, “туз” сўзи бугунги кунда минерал моддани билдиради. Тарихан бу сўз “тўғри, одобли; дала, текислик” маъноларини англатган ва фақат мақоллардагина сақланиб қолган.
Сўз санъатининг маҳсули сифатида мақоллар ҳам бадиият ҳодисаларидир. Уларда бир сўзнинг ўнлаб маъно қирралари, бадиий тасвир воситалари, поэтик кўчимларининг барча намуналарини учратиш мумкин. Масалан, қайси мақол таркибида келишига қараб, биргина “ёмон” сўзи ёмонликдан ташқари, худбинлик, текинхўриик, эгрилик, инсофсизлик, душманлик, қўрқоқлик, нодонлик, илмсизлик, одобсизлик, бахиллик, манманлик, ношудлик, ёлғончилик, сабрсизлик, бевафолик, очкўзлик, номуссизлик, исрофгарчилик ва ҳоказо маъноларни ифодалайди. Бу — мақолларда сўзларнинг маъно имкониятлари нақадар кенглигини кўрсатади. Мақоллар сўз санъати маҳсули сифатида ўз маъносида, кўчма маънода ва ҳар иккала маънода қўлланиши мумкин. Шунинг учун уларда бадиий-тасвирий воситаларнинг хилма-хил шаклларига дуч келинади.
Мақолларнинг мавзу тармоқлари ҳам турли-туман: ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, ширинсўзлик, тўғрилик, ростгўйлик ва ёлғончилик, сахийлик ва бахиллик каби. Уларнинг ичида сўз, сўзчи ва нутқ одоби борасидаги кўплаб мақолларга дуч келиш мумкин. Бу мақолларда сўзнинг қудрати, сўзнинг инсон ҳаётидаги ўрни, сўзчининг нутқий маҳорати ва сўз танлашдаги иқтидори ёки сўзни ўринли қўллай олмаслигидаги нуқсони каби мавзуларда ҳам кўплаб мақоллар яратилган. Профессор Н.Улуқов ва Л.Абдуҳамидова билан ҳаммуаллифликда ёзилган “Нутқ маданияти таҳлил ва талқинлари” номли рисоласида мазкур масалага алоҳида эътибор қаратиб, “Сўз – бир, сайқал – қирқ (ўзбек халқ мақолларида нутқ одоби талқини)” номли мақолани ҳам тақдим этган. Уларнинг қайд этишларича, “...доно халқимиз қадим-қадимдан нутқ одоби масалаларига алоҳида эътибор берган. Халқимиз томонидан асрлар давомида яратилган нутқ одоби ҳақидаги ҳикматлар, мақоллар бунинг далилидир:
Илиқ сўз шакардир,
Do'stlaringiz bilan baham: |