Ўзбекистан ва Туркманистон «иттифоқдош» республикалари, Тожикистон ва Қора-Қирғизистон . (Қирғизистон) мухтор вилоятлари тузиш ҳакидаги таклифи ва унинг томонидан ишлаб чиқилган миллий-ҳудудий чегаралаш ўтказиш бўйича режаси РКП (б) МК Ўрта Осиё бюросининг 1924 йил 11 майида бўлиб ўтган йиғилишда тасдиқланди.
Кўриниб турибдики, Ўрта Осиё халқлари учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган чегаралаш масаласи бор йўғи 12 кун ичида ишлаб чиқилиб ҳал қилинди.
Марказнинг Туркистонни парчалаб юборишга йўналтирилган сиёсати жойларда ўлкани бундан ҳам кичик маъмурий-ҳудудий бирликларга бўлиб юбориш ҳаракатини юзага келтирди. Масалан, Туркистон советларининг XII сьездига Фарғонадан сайланган делегатлар РКП (б) Марказий комитети, Ўрта Осиё бюроси ва Туркистон компартияси Марказий Комитетига ёзган хатларида Фарғонада алоҳида мухтор вилоят тузиб уни бевосита РСФСР таркибига қўшишни таклиф қилган эдилар.
Дастлаб чегаралаш ўтказиш ғояси Хоразм ва Бухоро раҳбарларининг қаттиқ қаршилигига учради. Бу вақтта келиб ушбу республикалар амалда ўз мустқилликларини йўқотган эдилар. Хоразм ва Бухоро компартияларининг РКП (б) таркибига киритилиши, РКП (б) Ўрта Осиё бюросининг тузилиши рублнинг бу ўлкаларда ҳам ягона тўлов воситаси деб тан олиниши, СредАзЭкосонинг (Ўрта Осиё иқтисодий кенгаши) ташкил топиши ва Россиянинг Бухоро ва Хоразм билан янги иқтисодий шартномалар тузиши натижасида бу давлатларнинг сиёсий, иқтисодий ва молиявий жилови тўласинча большевистик марказ қўлига ўтган эди. Чегаралаш ўтказиш ғояси Бухоро ва Хоразм давлатларининг расмий мустақиллигига барҳам бериб, уларни ҳудудий жиҳатдан совет давлати таркибига олиш имконини берар эди.
Мустақилликнинг охирги белгиларидан ажралиш Хоразм халқи манфаатларига жавоб бермаслигини яхши тушунган республика компартиясининг масъул котиби К.Одинаев, ички ишлар нозири Абдусаломов ва бошқалар Хоразм ҳудудида чегаралаш ўтказишга қарши чиқдилар. Уларнинг қаршилиги К.Одинаев 1924 йил июнь ойида масъул котиблик вазифасидан озод қилингандан кейингина синдирилди.
Бухоро компартияси ҳам 1924 йил февралида чегаралаш ўтказиш тартибига салбий муносабат билдирилган Ф.Хўжаев тезисларини қабул қилди. Унда Ўрта Осиёнинг маъмурий тузилиши юзасидан таклиф этилаётган барча туркий халкларнинг илдизи бирлигини ҳисобга олмайдиган сиёсат ўтмиш истилочилари билан аслида бир хилда айтилди. Лекин, тез орада Ф.Хўжаев марказ тазйиқи билан ўз позициясини ўзгартирди ва Средазбюро платформаси томонига ўтди. Ф.Хўжаев «Ягона тўғри йўл» мақоласида ягона Туронни ташкил этиш тарафдорларини танқид қилади.
Ташкил этилаётган республика ва автоном вилоятларнинг ҳудудий чегаралари, давлат мулкларини аниқлаш билан бевосита марказий ҳудудий комиссия шуғулланди. Марказий комиссия қошида ўзбек, туркман, қирғиз ва қозоқ, миллий комиссиялари, тожик ва қорақалпоқ подкомиссиялари ташкил этилган эди. Улар ўзларининг расмий хужжатларида чегаралаш ўтказилишини миллатлар ўртасидаги тинчлик ва дўстликни мустаҳкамловчи омил сифатида қайд этган бўлсаларда, аслида, бу тадбир миллий муносабатларни кескинлаштириб юборди ва миллатчиликнинг кучайишига олиб келди. Чегараларни аникдаш пайтида ҳар бир қишлоқ волость учун тортишувлар авж олиб кетди.
Ҳудудий бўлиниш Ўрта Осиё аҳолиси турли қатламларининг кескин эътирозига, чуқур этнографик ва статистик тадқиқотлар ўтказилмаганлигига, унинг оқибатлари ҳисобга олинмаганлигига қарамасдан қисқа муддат ичида ўтказилди.
1924 йилнинг октябрига келиб, яъни чегаралашни ўтказиш билан бевосита боғлиқ жараён бошлангандан кейин бор ёғи 10 ой ўтиб, Туркистон, Бухоро ва Хоразм республикалари ўрнига Ўзбекистон ССР, Туркманистон ССР, Тожикистон АССР, Қорақирғизистон ва Қорақалпоғистон автоном вилоятлари ташкил топди.
Миллий-ҳудудий чегаралаш марказ ҳукмронлигининг Марказий Осиёда янада мустаҳкамланишига олиб келди. Жуда катта салоҳиятга эга бўлган Туркистон АССР тугатилди. Бу биринчидан.
Иккинчидан, расман бўлсада мустақил бўлган Бухоро ва Хоразм республикалари тугатилиб, уларнинг ҳудудлари СССР таркибига киритилди.
Учинчидан, чегаралаш ўтказиш баҳонаси билан Оренбург вилояти ва ҳозирги Омск вилоятининг жанубий ҳудудлари Қозоғистон таркибидан чиқарилиб РСФСРга берилди.
Тўртинчидан, чегаралаш даврида миллий низолар чиқишига олиб келиши мумкин бўлган хато ва камчиликларга йўл қўйилди. Натижада Марказий Осиёдаги бирорта ҳам миллат ушбу тадбирни ўтаказилишидан қоникиш ҳосил қилмади.
Бешинчидан, миллий-ҳудудий чегаралаш ўлкада коммунистик ғоянинг асосий душмани бўлган туркийлар бирлиги мафкураси ва амалиётига сезиларли зарба . берди. Миллий республикалар ташкил этилиши билан минтақа халқларининг диққати Марказга қарши курашдан ички муаммоларга йўналтирилди. Худди ана шу даврдан бошлаб бутун Туркистон ҳудуди Советлар давлатига мустаҳкам боғланиб қолди.
Ўзбекистон ССР таркибига собиқ ТАССР дан Самарқанд вилояти Жиззах, Каттақўрғон, Хўжанд уездларининг 41 та волости, Сирдарё вилояти Тошкент ва Мирзачўл уездларининг 24 та волости, Фарғона вилоятининг Андижон, Қўқон, Наманган ва Фарғона уездлари киритилди. Бухоро республикасидан Ўзбекистонга Бойсун , Бухоро, Ғузор, Қарши, Кармана, Нурота, Шаҳрисабз, ва қисман Сариосиё вилоятлари олиб берилди. Хоразм республикасидан эса Ўзбекистон таркибига кейинчалик Гурлан, Янги Урганч ва Хива уездларини ташкилқилган 23 та район ўтди. Ўзбекистон ССР таркибига кирган Тожикистон АССРга Бухоро республикасининг Ғарм, Ҳисор, Кўлоб, Қўрғонтепа, Душанба ва қисман Сариосиё вилоятлари, Самарқанд вилояти Самарқанд ва Хўжанд уездларинигнг 12 та волости Фарғона вилоятининг Помир тумани берилди. 1924 йилда ташкил топган Ўзбекистон ССР таркибига юқорида номи тилга олинган маъмурий тузилмалар асосида қуйидаги автоном республика ва вилоятлар шакллантирилди: 1)Тожикистон АССР; 2)Тошкент вилояти; 3)Самарқанд вилояти; 4)Фарғона вилояти; 5)Хоразм вилояти; 6)Зарафшон вилояти; 7)Сурхандарё вилояти; 8)қашқадарё вилояти.
Ўзбекистон таркибига кирган вилоятларни шартли равишда 2 гуруҳга бўлиш мумкин. 1- гуруҳга собиқ Бухоро ва Хоразм республикалари таркибида бўлган Тожикистон автоном республикаси, Зарафшон, Хоразм, Сурхандарё ва Қашқадарё вилоятларини киритиш мумкин. Бу ҳудудлар маъмурий-ҳудудий тузилиши жиҳатидан ниҳоятда хилма-хиллиги билан ажралиб турар эди. Уларда амир, хон ва чоризм замонидан қолиб кетган амлокдорлик, аминлик,кент, дума ва 1920 йилдан кейин тузилган шўролар сақланиб қолган эди. Иқтисодий жиҳатдан ҳам улар анча орқада эди. 2- гуруҳга кирган ва илгари Туркистон таркибида бўлган Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари уезд, волост, қишлоқ советларига бўлинган эди ва республиканинг энг тараққий этган ҳудудлари ҳисобланар эди. Айрим ҳолатларда бу маъмурий тузилмаларнинг чегаралари ҳудудларнинг бир-бирига иқтисодий , маънавий ва этник яқинлигига ва боғлиқлигига қараб эмас, балки чорим томонидан қачон забт этилганлигига қараб белгиланган эди. Оқибатда маъмурий районлар анчагина жойларда иқтисодий районларга мос келмайдиган тарзда тузилган эди. Масалан, иқтисодий ҳаёти кўп жиҳатдан Фарғона вилояти билан боғлиқ бўлган Хўжанд уезди маъмурий жиҳатдан Самарқанд вилоятига бўйсунтирилди. Оқибатда савдо , банк, кооперация, пахтачилик тармоқлари Фарғона ташкилотларига бўйсунган Хўжанд уезди Самарқанд вилояти таркибига киритилиши каби ғоятда тутуруқсиз ҳолат вужудга келган эди.
Буларнинг барчаси Ўзбекистон ССРда маъмурий-ҳудудий ўзгаришларнинг амалга оширилиши объектив зарурат эканлигидан далолат беради. Бироқ бу ўзгаришлар республика манфаатларини, маҳаллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда эмас, балки собиқ Иттифоқдаги маъмурий тузилиш андозасида амалга оширилди. Аввало Республика давлат бошқаруви органлари Иттифоқ органлари тартибида тузилди. Бу иттифоқдош республикаларни Марказдан туриб бошқаришнинг энг осон ва оддий ва шу билан бирга такомиллашган мустаҳкам шакли эди. Бундан ташқари маъмурий буйруқбозлик тизими доирасида маҳаллий ҳокимият органлари вужудга келтирилди. Республикада 1925 йилда шакллантирилган бошқарув тизими 5 бўғинли эди (Республика, Вилоят, Уезд, Волост, Қишлоқ Совети). Ҳокимиятни марказлаштириш ва маъмурий буйруқбозлик тизимини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистонда 1927 йилда янги маъмурий ҳудудий бўлиниш амалга оширилди. Натижада 7 вилоят, 25 уезд, 225 волост ва 1000 та қишлоқ совети (РЦХДНИНИ ф.62, оп.2, д.641, л.28) ўрнига 10 округ (Андижон, Бухоро, Зарафшон, Қашқадарё, Сурхандарё, Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Хўжанд, Хоразм), 96 туман,ва 2000 атрофида қишлоқ советлари тузилди.Бошқарув тизими ҳам 4 бўғиндан иборат бўлди (Республика, Округ, Район, Қишлоқ Совети).
20- йилларнинг охири, 30- йилларнинг бошларида маъмурий – буйруқбозлик тизими тўласинча шаклланди. Бу жараён ҳокимиятнинг янада марказлаштирилиши сиёсати билан биргаликда кечди. Худди шу даврда СССРнинг сиёсий раҳбарияти партия-совет аппаратини қишлоқ, колхоз ва совхозларга яқинлаштириш лозим деган хулосага келди. Натижада 1930 йилда округлар тугатилиб, 3 бўғинли (Республика,Туман, Қишлоқ Совети) бошқарув тизими қарор топди Ва туман ҳамда шаҳарлар бевосита республика органларига бўйсунтирилди. Бу тадбир марказий ҳокимиятнинг туманлар,қишлоқлар устидан бевосита назорат ўрнатиш, уларнинг “социалистик қурилиш” жараёнидаги иштирокини фаоллаштириш мақсадида амалга оширилган эди . Лекин у кутилган натижани бермади. Округ звеносисиз айниқса узоқда жойлашган туманларни бошқаришда қийинчиликлар туғилди. Шу сабабли йирик шаҳарларнинг барчасида 1930 йилнинг июл – август ойларида шаҳар партия ва совет ташкилотлари тузилди. Бундан ташқари ушбу шаҳарлар яқинидаги қишлоқ туманлари уларнинг таркибига киритилди. Масалан, Самарқанд таркибига Юқори Дарғом, Термез таркибига Патта Ҳисор туманлари олинди. Бу тадбирлар етарли натижа бермагач, узоқда жойлашган туманлар яна округларга бирлаштирила бошланди. 1932 йилда Хоразм округи, 1934 йилда Қашқадарё ва Сурхандарё округлари қайтадан тикланди. 1936 йилда Қорақалпоқистон АССР Ўзбекистон таркибига киритилди.
Маъмурий буйруқбозлик тизими кучайган сари, партия органларининг роли оша борди. 30- йилларга келиб бу органлар давлат аппарати билан амалда бирлашиб, унинг ўзагига айланди. Партия органларининг ташкилий тузилиши ҳам ўзгарди. Функционал бўлимлар ўрнига халқ хўжалиги, совет . жамоат ташкилотлари ва бошқа муассасаларга бевосита раҳбарлик қилиш имкониятини берадиган саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, савдо, маъмурий органлар, фан ва ўқув муассасалари каби тармоқ бўлимлари шакллантирилди. Бу жараён республикамизда вилоятларни қайтадан тиклаш билан бир вақтда амалга оширилди.
1938 йилда республика туманларининг барчаси вилоятларга бирлаштирилади ва Бухоро, Самарқанд , Тошкент, Фарғона, Хоразм - жами 5 та вилоят ташкил этилади. 1941 йилда Фарғона вилояти учга: Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларига, Бухоро вилояти икки қисмга: Бухоро ва Сурхандарё вилоятларига бўлинади. 1943 йилда Бухоро вилояти таркибидан яна бир вилоят , Қашқадарё вилояти ажратилиб. Вилоятлар миқдори 9 тага етказилади. 1960 йилда Қашқадарё. Наманган вилоятлари тугатилиб, уларнинг ҳудудлари қўшни вилоятлар орасида тақсимланади. Лекин . тез орада (1967й.) иккала вилоят ҳам қайта тикланиб, Сирдарё вилояти ташкил этилади (1963й.) ва вилоятлар миқдори 10 тага етади. 1973йилда республика вилоятлари сафига яна бир янги вилоят – Жиззах вилояти қўшилади ва ниҳоят 1982 йилда республикамиздаги 12- вилоят – Навоий вилояти ташкил қилинади. Қайта Қуриш йилларида Қашқадарё, Навоий, Сирдарё, Наманган вилоятлари тугатилиб, бошқа вилоятлар таркибига киритилган эди. Лекин тез орада уларнинг барчаси яна қайтадан тикланади. Кўриниб турибдики, Советлар даврида Ўзбекистоннинг маъмурий- ҳудудий тузилиши ниҳоятда кўп маротаба ўзгартирилган экан. Бундай ислоҳотларнинг фақат йириклари Бухоро ва Хоразм республикаларида 3 мартадан, Ўзбекистон ССРда эса 6 маротаба ўтказилган эди. Уларнинг барчаси партия совет органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларни халққа яқинлаштириш , аҳоли эҳтиёжларини тўлароқ қондириш баҳонасида ўтказилган бўлсада, аслида улар коммунистик раҳбарият томонидан совет партия давлат аппаратининг чексиз ҳукмронлигини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилган эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |