XX- аср АҚШ социологияси.
Эмпирик социологиянинг вужудга келиши “социал образлар” ёки “далилларни тадқиқ қилиш” деб аталган нарсаларни эълон қилишдан бошланган эди. Бу ўринда гап муайян социал далил ва ҳодисаларни батафсил баён қилиш ва ишлаб чиқариш тўғрисида боради. Социологик муаммоларни ҳал қилишнинг бундай усули тез орада биринчи бўлиб АҚШда, айниқса, кенг тарқалди. Эмпирик социология шаклланишининг маркази Чикаго университети бўлди (уни Чикаго “ҳаёт маркази” деб ҳам аташган). Бу ерда 20-30 йилларда эмпирик социологиянинг яққол ривожланишини ифодаловчи кўп қиррали амалий тадқиқотлар кенг суръатда амалга оширилади. Бу йўналишлар аниқ ҳолатларда кишилар ҳаёт фаолиятларини мукаммал тадқиқ этишга қаратилган эди. Масалан, эмпирик социологиянинг асосчилари деб ҳисобланувчи У.Томас ва Ф.Знанецкий беш томли “Поляк деҳқони Европада ва Америкада” (1918-1920) деган асарида АҚШга кўчиб келган поляк деҳқонларининг ҳаётини батафсил таҳлил қилдилар. Бунда улар ашёвий далилардан, шахсий ҳужжатлардан – 28 поляк оиласининг шахсий ёзишмаси, айрим кишиларнинг таржимаи ҳоли, анкеталар ва шу каби бир қанча материаллардан кенг фойдаландилар.
Бу социологияда тадқиқотлар ўтказишнинг янги тури бўлиб, унда замон ва макон билан чекланган жуда кўп далиллар ўрганилар, аммо, одатда жамият ҳаётнинг муҳим томонлари қонуниятларига оид умумлаштирувчи текширишнинг махсус тартиби ва техникаси ҳам қўлланила бошлади: кузатиш, интервью, анкета тарқатиш, ҳужжатларни ўрганиб чиқиш, тажриба ўтказиш ва моделлаштириш тўпланган материалларни статистик жиҳатдан ишлаш, диаграмма, графиклар тузиш кабилар.
Оммавий сўровлар усули ва техникаси ривожига Ж.Г.Гэллапнинг “Жамоатчилик фикрини ўрганиш Америка институти” фаолияти катта рол ўйнайди. У 30- йилларда 10 кунлаб давом этадиган умуммиллий сўровларни ўтказди.
XX-асрнинг 20-йилларидан бошлаб Америка штатлари жаҳон социологияси ривожида етакчи мавқеини эгаллади. АҚШда социологиянинг фан сифатида жадал ривожланишида қуйидаги омил муҳим рол ўйнайди. Капитализмнинг юқори босқичга кўтарилиши, Европада синфий курашнинг кучайиши натижасида мавжуд ижтимоий–иқтисодий ва сиёсий зиддиятларни ҳал этишга қаратилган эмпирик тадқиқотларнинг катта ҳажмда тўпланганлиги АҚШда социологиянинг фан сифатида жадал ривожланишига сабаб бўлди. Бу ерда социология дастлаб университет фани сифатида шаклланди. 1892-йилда жаҳонда биринчи марта Чикаго университетида социология кафедраси ва факультети очилди. 1901 йилда социология 196 университет ва колледжларда фан сифатида ўқитилган бўлса, 80-йилларнинг охирларига келиб рақам 250 ни ташкил қилди.
АҚШда социология ўзининг илк давридаёқ амалий-эмпирик фан сифатида шаклланди. 1910-йилдаёқ мамлакатда 3000 дан ошиқ эмпирик тадқиқотлар ўтказилган эди. Ҳозир бу кўрсаткич 2 баравардан ошиб кетди. Социологик тадқиқотлар ўзининг жуда катта молиявий асосига эга. Социологик тадқиқотлар ўтказиш учун йилига 2 миллиард доллар ажратилади. Бу ҳаражатларнинг ярмини АҚШ ҳукумати, қолган ярмини хусусий бизнес ўз зиммасига олган. АҚШда ҳозирга келиб 100 минг социолог мутахассислар фаолият кўрсатмоқда. Ҳукумат ва мулк эгалари социологияга социал зиддиятларни ҳал этиш қуроли сифатида, ижтимоий барқарорликни таъминлаш воситаси, ижтимоий назорат ва бошқарув омили, меҳнат унумдорлигини оширувчи кишиларнинг моддий ва маънавий муносабатларни тартибга солиб туришнинг илмий асоси сифатида жиддий эътибор бериб келмоқдалар. Эмпирик тадқиқотлар мунтазам равишда олиб борилиши фундаментал методологик ва назарий асоснинг ишлаб чиқарилганлиги, унинг математик статистик, компьютер технологияси юқори даражадалиги, моделлаштириш ва социал экспериментларнинг юқори савияда олиб борилиши оқибатида ҳозирга келиб АҚШда социология аниқ прогнозлар берувчи фанга айланган.
ХХ – асрнинг 20-йилларидан бошлаб АҚШ социологиясида меҳнат муносабатлари, инсоний муносабатларни ўрганиш янги ижтимоий-иқтисодий муносабатларга ўтиш жараёнларини тезлаштирди. Масалан, 1927-1932 йилларда Э.Мэйо раҳбарлигида меҳнат ва бошкарув муносабатларини ўрганишга қаратилган ва Хоторн экспериментлари номи билан машҳур бўлган социологик тадқиқотлар (бу тадқиқотлар Ғарбий Европани ларзага солган кучли иқтисодий таназзул даврида ўтказилган бўлиб унинг ўз олдига қўйган мақсади – ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишнинг қўшимча омилларини қидириб топишдан иборат эди). Шу асосда 1943 йилда Абрахаам Маслоу томонидан ишлаб чиқарилган “истеъмолнинг иерархик назарияси” яратилди ва амалиётда қўлланилди. Кейинчалик, шу назария асосида 1950 йили Ф.Херцберг томонидан “мотивация назарияси” (меҳнат шароитларининг ички ва ташқи омиллари ҳақидаги назария) ва 1957 йили Д.Макгрегор томонидан “бошқарув усуллари назарияси” яратилди (бунда бошқаришнинг 3 асосий усуллари – авторитар, демократик ва аралаш тип ҳақида фикр юритилади). Ф.Херсберг назариясига кўра, фақат ички омиллар меҳнат мазмунини, меҳнатдан қониқишни оширади. Меҳнат шароитлари: иш ҳақи, шахслараро муносабатлар, корхона раҳбариятининг тутган сиёсати, бошқарув усули ва бошқа шу кабиларга ташқи омиллар сифатида қарайди.
Бу омиллар меҳнатдан қониқмаслик даражасини пасайтириб, кадрларни, мутахассисларнинг корхонага боғланишини мустаҳкамлайди. Аммо, бу омиллар меҳнат унумдорлигининг ошишига ҳал қилувчи таъсир кўрсатмайди, бу билан Ф.Херцберг қуйидаги ўзаро боғлиқликни асослайди: меҳнатдан қониқиш ҳосил қилиш меҳнат мазмунининг функциясидир. Қониқмаслик эса меҳнат шароитининг функциясидир.
60-йилларда АҚШ назарий социологияси феноменологик йўналишнинг кучайганлиги билан характерланади. Феноменологик социологиянинг шаклланиши А.Шнетц номи билан боғлиқ. Ўз моҳиятига кўра, феноменологик социология антипозитив йўналишда бўлди. АҚШда яна бир антипозитив социологик йўналиш - символик интеракционизм бўлиб, унга Г.Блумер асос солган. “Янги социология” номи билан аталган учинчи антипозитив социлогик йўналиш Ч.Р.Миллс номи билан боғлиқ. Символик интеракционизм, феноменологик социология, “янги социология”, конфликт социологияси, ижтимоий айирбошлаш назарияси, неофункционализм ва бошқа шу каби назариялар – ҳозирги замон социологиясининг асосий йўналишлари ҳисобланади.
Америка социологиясида 60-йилларга қадар марксистик ғоялар таъсири йўқ эди. 60-йиллардан бошлаб АҚШда марксистик социологияга қизиқиш орта борди. 70-йилларда Р.Фридрихс каби социологлар “диалектик социологик” дастурини ишлаб чиқиш ғояси билан чиқдилар. Унга кўра, марксистик ва номарксистик социологик назариялар, концепциялар ўртасидаги зиддиятли ажралишни бартараф қилиш масаласи илгари сурилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |