Муҳаммад Ҳакимхон маълумотларига кўра, Умархон даврида Амир Темур ва Султон Ҳусайн Бойқаро замонига тақлидан унвон ва лавозимлар жорий этилиб, уларга ҳокимиятга яқин шахслар тайинланади. Шунингдек, Олимхон зулмидан қочиб кетган айрим амалдорлар Умархон хизматига қайтиб келиб, лавозимларни эгаллайдилар.
Манбаларнинг гувоҳлик беришига қараганда, Қўқон хонлигининг Ўрта Осиё минтақасидаги сиёсий жараёнлар ва ўзаро муносабатларга фаол аралашуви ҳам Умархон давридан бошланади. Ўз дарвида Умархоннинг элчилари Хива, Хитой ва Туркия давлатларига жўнатилганлиги маълум.
Н.Петровский Умархон ҳукмронлиги даври ҳақида қуйидаги маълу- мотларни беради: “Умарнинг хонлиги ҳам олдинги хонларникидек давом этди, яъни, у ўз ерларини кенгайтирди. Бу хон даврида Туркистон вилояти мусулмонларнинг Ҳазрат (Султон ал-орифин Аҳмад Яссавий давф этилган Туркистон) шаҳри билан бирга забт этилди. Умархон ҳалқ севиб ардоқлаган хонлардан бири бўлди. Қўқонда икки қатор шеър тарқалган бўлиб, унда Умархон ҳақида жуда илиқ ва яхши сўзлар айтилар эди”.
1822 йилда Умархон касалланиб вафот этганидан сўнг тахтга унинг ўғли Муҳаммадалихон (Мадалихон) (1822-1842 йй.) ўтиради. Унинг ҳукмронлиги даврида Қўқон ҳонлигининг ҳудуди янада кенгайиб, қирғизларнинг баъзи туманлари хонликка қўшиб олинади ҳамда Кўлоб, Ҳисор, Бадахшон, Дарвоз, Масчоҳ каби вилоятлар Муҳаммадалихон ҳукмронлигини тан оладилар.
Манбаларга кўра, Муҳаммадалихон ҳукмронлигининг дастлабки йиллари яхши ва одилона кечган. У 1826-1831 йиллар давомида Қашғарга юришлар қилиб, бу ердаги мусулмонларни хитойликлар зулмидан озод қилди ҳамда 70 минг уйғур мусулмонларини Андижон вилоятига кўчириб келтирди. Натижада дин пешворлари Муҳаммадалихонга “Ғозий” (“дин ҳомийси”, “дин йўлида курашувчи”) унвонини бердилар.
1840 йилда Муҳаммадалихоннинг бош маслаҳатчиси, давлатни бошқарув ишларида катта тажрибага эга бўлган Ҳаққули мингбошининг туҳматга учраб хон томонидан қатл этилиши шусиз ҳам қалтис бўлиб турган вазиятни янада кескинлаштириб юборди. Ундан ташқари хон давлат ишларига лоқайд бўлиб, асосий вақтини ҳарамида ўтказа бошлади. Натижада давлатни бошқарув ишларида суистеъмолликлардан умумий норозиликлар бошланиб, хонни ағдариш учун фитна тайёрлана бошлади.
Лекин ўз кучлари билан фитнани амалга оширишга кўзи етмаган бир гуруҳ Қўқон амалдорлари бошқа хон сайлаш мақсадида Бухоро амири Насруллога нома ёзиб, ундан ёрдам сўрашди. Қўқон юриши учун баҳона тополмай турган Амир Насрулло бу таклифни тезда қабул қилиб, 1842 йил апрелда Қўқонни босиб олди. Қўқондан оиласи билан Наманган томонга қочган Муҳаммадалихон тутиб келтирилиб, оиласининг бир қисми билан қатл эттирилди.
Амир Насрулло Қўқон хонлигининг Бухорога қўшиб олинганлигини эълон қилиб, Қўқонда ўз ноиби Иброҳим додҳоҳ Манғитни қолдиради. Аммо, Иброхим додҳоҳнинг Қўқон ҳалқига ўтказган жабр-зулми, солиқларнинг ҳаддан ташқари ошиб кетиши натижасида аҳоли қўзғолон кўтариб, Бухоро ҳукмронлигидан озод қилиш учун қипчоқларни ёрдамга таклиф этадилар. Қипчоқлар Муҳаммадалихоннинг қариндоши Шерали бошчилигида Қўқонга келиб, бухороликларни тор-мор этдилар ҳамда Шералихон (1842-1845 йй.) тахтни эгаллади. Қипчоқлар эса шу вақтдан бошлаб узоқ вақт хонликда етакчи мавқега эга бўлдилар.
Қўқонда бўлган воқеалардан хабар топган амир Насрулло 1842 йилнинг кузида яна Қўқонга юриш қилди, аммо бу сафар унга омад кулиб боқмади. Муҳаммадалихон даврида юзбоши бўлган Мусулмонқули қипчоқ Насруллонинг ишончига кириб Қўқонга келади ва қўқонликларни таслим бўлишга кўндириш ўрнига бир тан бир жон бўлиб амир Насруллога қарши курашга чорлайди. Унинг маслаҳатига кўра Қўқонда ҳимоя воситалари кучайтирилди. Бир ойдан зиёдроқ Қўқонни қамал қилган амир Насрулло ўзига қарши суиқасд уюштирилаётлиги ҳамда хиваликлар чегарага жойлашган Бухоро қишлоқларига ҳужум қилаётганлиги ҳақидаги хабарни олиб Бухорога қайтишга мажбур бўлди.
Бухороликларнинг кетиши билан Қўқон хонлигида бир муддат тинчлик ва осойишталик ҳукм сурди. Шералихон кекса одам бўлиб оқкўнгил ва мулойим инсон эди. Унинг даврида барча давлат лавозимларини қипчоқлар эгаллаб, давлат бошқарувини ўз қўлларига олдилар. Аммо, 1845 йилда Бухорода бўлган Олимхоннинг ўғли Муродхон (Қўқонда 11 кун хон бўлган) амир Насруллонинг ёрдами билан Қўқонга келиб Шералихонни қатл этади ва тахтни эгаллайди.
Бу пайтда Наманганда бўлган мингбоши Мусулмонқули бу воқеадан хабардор бўлгач Шералихоннинг беш ўғлидан бири Худоёрхонни олиб Қўқонга келади ҳамда уни хонлик тахтига ўтказади (1845-1853, 1863, 1865-1875 йй.).16 ёшга кирган Худоёрхоннинг ёшлигидан фойдаланган Мусулмонқули мамлакатни деярли ўзи бошқарди. Худоёрхоннинг биринчи хонлиги даврида иккита куч – ўтроқ аҳоли ва кўчманчи туркий қабилалар ўртасида ҳокимият учун кураш хонликнинг асосий муаммосига айланди.
Умуман олган, XIX асрнинг ўрталарига келиб Қўқон хонлигидаги сиёсий жараёнлар ҳамда ички аҳвол янада оғирлашган эди. Сўнгги тадқиқотларга кўра, бунинг сабаби биринчидан, ўтроқ аҳоли кўчманчи ва ярим кўчманчи бўлган қипчоқлар ҳокимиятни тан олмаганлар. Хонлик ҳудудларидаги баъзи вилоят ҳукмдорлари Мусулмонқўлга қарши чиқдилар.
Иккинчидан, ҳокимиятда юқори мавқени эгаллаш ҳамда хонга таъсир ўтказиш учун қипчоқлар орасида ҳам ўзаро курашлар борарди. Бу курашларда қипчоқларнинг қулон уруғидан бўлган Мусулмонқули ҳам фаол иштирок этган.
Учинчи сабаб эса, қипчоқларнинг ўтроқ аҳолига нисбатан юритган сиёсати эди. Қипчоқлар ўтроқ аҳолига нисбатан беписандлик назари билан қараб, бошқа элат ва этник гуруҳларни камситганлар.
Тўртинчидан эса, ташқи омил – Россия империясининг аста-секинлик билан хонлик ҳудудларига бостириб кириши сиёсий жараёнларнинг янада кескинлашувига сабаб бўлган эди.
1852 йилга келиб, Мусулмонқули ва қипчоқларга қарши кураш учун ўтроқ мулкдорлар ва тошкентлик зодагонлар Худоёрхон атрофида бирлашдилар. Бу кучлар ёрдамида Худоёрхон Мусулмонқулини 1853 йилда қатл этиб, унинг тарафдорларини йўқ қилгани билан тахт учун курашларга барҳам бера олмади. Бундай вазиятда хонликнинг ички аҳволи оғирлашиб, у фаол ташқи сиёсатдан ҳам анча орқада қолди.
1858 йилда Шералихоннинг иккинчи хотинидан бўлган ўғли Маллахон Худоёрхонни тахтдан ағдариб, ўзини хон деб эълон қилди. Маллахон ва Алиқули қирғиз бошчилигида янгидан тикланган кўчманчилар гуруҳи узоқ ҳукм сурмади. Айнан шу гуруҳ аъзолари Маллахонга қарши тил бириктириб, 1863 йил 25 февралда уни ўлдирдилар. Тахтга эса Худоёрхоннинг акаси Саримсоқбекнинг ўғли Шоҳмурод ўтказилди. Лекин, қўшин бошлиқлари ва саройдаги кўпчилик амалдорлар унга қарши фитна уюштириб, Худоёрхонга яна тахтга ўтиришни таклиф этиб, одам юборадилар.
Бу пайда Маллахон ўлимини эшитган Худоёрхон Амир Музаффарнинг рухсати билан Бухородан Жиззахга келган эди. Туркистон ҳокими Қаноатшоҳ ёрдамида қўшин йиғиб, 1863 йилнинг март ойида Жиззахдан Тошкентга келган Худоёрхон Қўқонга қарши юриш учун Тошкент қўшини билан Хўжандга келади. Бу орада амир Музаффар ҳам Бухоро лашкари билан Хўжандга келади. Худоёрхон Қўқонга ҳужум қилишни режалаштираётга пайтда, яъни, 1863 йилнинг 5 майида шаҳар аҳолиси унга шимолий дарвозаларни очиб бердилар. Натижада Қўқонда қирғин бошланиб, Шоҳмуродхон ўз тарафдорлари билан Марғилонга қочди. Худоёрхон иккинчи марта (1863 й.) тахтни қўлга киритди.
Аммо, хонликдаги қирғиз-қипчоқлар Косон ва Чуст атрофларида қўзғолон кўтардилар ва Тўрақўрғонга ҳужум қилдилар. Улар, ҳатто Тошкент атрофларидаги қабила бошлиқларига нома юбориб мадад беришни сўрадилар. Оқибатда Тошкент атрофида қозоқлар қўзғолон кўтариб, Тошкентни қамал қилдилар. Худоёрхон томонидан юборилган қўшинлар бу исёнларни бостиришга муваффақ бўлдилар. Аммо, мағлубиятга учраган қирғиз-қипчоқ бошлиқлари тахт учун курашни давом эттирдилар.
Хусусан, Шодмонхўжа, Саид Маҳмудхонтўра, Алиқулилар Султон Саидхон бошчилигида Марғилон томондан келиб Андижонни босиб олдилар ва унинг атрофларидаги Балиқчи, Қува, Асака, Шаҳрихон, Ўш, Пойтуғ мавзеларини талон-тарож қилдилар. 1863 йил 26 апрелда Султон Саидхоннинг қўшини Мингтутга келиб, Қўқонни қамал қилди. Амир Музаффарнинг Худоёрхонга ёрдами туфайли қирғиз-қипчоқ лашкари Асака томонга кетиб, Қўрағулча дарасида ҳимояга ўтди. Қаттиқ курашлардан сўнг 1863 йилнинг 24 июлида Султон Саидхон Қўқон тахтини (1863-1865 йй.) эгаллади. Худоёрхон эса яна Бухорога қочди.
Хонликдаги ички низолар ташқи душманларга ниҳоятда қўл келган эди. Бундай вазиятдан унумли фойдаланган чор Россияси қўшинлари 1864 йилда Туркистон ва Чимкентни босиб олди. 1865 йил баҳорида улар Тошкентга яқинлашиб, Ниёзбек қалъасини эгалладилар. Узоқ қамалдан сўнг 17 июнда Тошкент эгалланди.
Қўқондаги саросималиклардан фойдаланган Худоёрхон 1865 йилнинг ёзида амир қўшинлари ёрдамида сўнги марта Қўқон тахтини қўлга киритди. Шундан сўнг у амирнинг талабларига бошқа итоат этмай қўйди. Худоёрхон 1867 йил январ ойида Россия билан савдо битимини, 1868 йил 13 февралда Қўқон ва Россия шартномасини имзолади. Худоёрхон 1868-1873 йиллар оралиғида Россия билан муносабатларини яхшилаш мақсадида Тошкентга кўплаб совға-саломлар юборди. Шунингдек, Россия савдогарлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб берди. Натижада Қўқон хонлиги амалда Россиянинг вассалига айланиб қолди.
Хонлик ҳудудида ҳукм сурган нисбий осойишталик 1873 йилгача давом этган бўлса ҳам, ҳукмдор, унинг яқинлари ва маҳаллий ҳокимларнинг жабр-зулми ҳамда қирғиз-қипқоқларнинг қайта бош кўтариши натижасида бу ерларда ўзаро низолар, халқ чиқишлари бошланди.
Хусусан, 1873 йилда Пўлатхон (асли исми Мулла Исҳоқ Ҳасан ўғли) қирғизлар томонидан хон қилиб кўтарилиб, у бошчилигида қўзғолон кўтарилди. Саройдаги нуфузли амалдорлардан бири Абдураҳмон офтобачи Худоёрхонни тахтдан ағдариш ва унинг ўғли Сайид Насриддинбекни хон тахтига ўтқазиш мақсадида Пўлатхон билан тил бириктирди ва Ўрдада исён кўтарди. Сайид Насриддинбек Абдураҳмон офтобачи кўмагида хон деб (1875-1876 йй.) эълон қилинди. Худоёрхон Насриддинбек фойдасига тахтдан воз кечиб, аввал Хўжандга, ундан кейин Тошкентга қочди.
Насриддинбекнинг ҳокимият тепасига келиши ҳам мамлакатдаги сиёсий вазиятнинг кескинлигини бартараф эта олмади. Буни тушуниб етган Абдураҳмон офтобачи хонлик аҳолисини Россияга қарши курашга сафарбар қилмоқчи бўлди. Аммо, русларнинг қаттиқ қаршилигига дуч келиб Маҳрам яқинидаги жангда улардан енгилди. Пўлатхон ҳам русларга қарши курашиш мақсадида Қўқонга ҳужум қилмоқчи бўлиб турган вақтда, яъни, 1875 йил 25 сентябрда Насриддихон Россия империяси ҳукумати билан битим тузди. Бу хабар тезда бутун Қўқонга ёйилиб аҳоли яна исён кўтарди ва Ўрдага ҳужум қилди. Насриддинхон тахтни ташлаб Хўжандга қочди. Марғилонда Россия империяси аскарларига қарши аҳолини сафарбар қилаётган Пўлатхон қўшинига шаҳарликлар, мадраса талабалари ва кўчманчи аҳоли вакиллари келиб қўшилди. Уларга қўзғолон вақтида босқинчилар билан ҳамкорлик қилган қишилар ва хон оиласи вакилларини қатл этиш буюрилди.
Бу пайтда Наманганда бўлган Скобелев Россия империясининг топшириғига асосан 1876 йил февралида Қўқон хонлигини бутунлай босиб олишга киришди. Абдурахмон офтобачи ва Пўлатхон қўлга олинди. Абдурахмон офтобачи Россиянинг Екатеринослав губерниясига, Насриддинхон эса Владимир нуберниясига сургун қилинди. Шу тариқа, 1876 йил 19 февралда 150 йилдан кўпроқ ҳукм сурган Қўқон хонлиги тугатилиб, унинг ҳудудлари Россия империяси томонидан босиб олинди ва унинг ўрнига Фарғона вилояти ташкил этилди.
XVIII аср охирларида хонликнинг ҳудуди фақат Фарғона водийсидан иборат бўлиб, бу даврда Норбўтабий водийдаги барча беклик ва вилоятларни ўз итоатига киргизиб, уларни Қўқонга бўйсундирди. Унинг даврида Андижон ва Марғилон вилоятлари водийдаги энг катта мулклар эди. Олимхон даврида хонлик ҳудудлари Тошкент ва унинг атрофидаги ерлар ҳисобидан анча кенгайди.
Тарихий манбаларда Тошкент мулки – вилоят, шаҳар, Тошкент ва Дашти Қипчоқ вилояти номлари билан тилга олинади. Унинг ҳудудларига Оҳангарон, Чиноз, Тошкент атрофи, Сирдарё бўйларидаги Туркистон шаҳри ва унинг атрофлари кирган. Бу мулкнинг ҳокимлари манба ва ҳужжатларда ҳоким, ҳукмдор, волий, ноиб атамалари билан тилга олинади. Умархон даврида Хўжанд, Ўратепа ва Жиззах атрофидаги ерларга ҳам кетма-кет юришлар қилиниб, 1817 йилда Ўратепа босиб олинади.
Муҳаммадалихон даврида хонликнинг ҳудудлари янада кенгайади. Бу даврда хонлик шимолда Россияга қарашли Ташқи Сибирь округи билан, ғарбда Хива ва Бухоро амирлиги билан, жанубда Қоратегин, Дарвоз ва ундан узоқроқдаги ерлар – Шуғнон, Рўшон ва Вахон (бу ҳудуд Қўқонга номигагига қарам бўлган) Кўлоб билан, шарқда Қашғар билан чегараланган. Хонлик ерларига Сирдарё билан Қоратегин Ўртасида жойлашган Фарғона ҳудудлари, Сирдарёнинг ўнг қирғоғида жойлашган Наманган, Хўжанд ва бошқа шаҳарлар, Бухоро амирлиги ва Қўқон хонлиги ўртасида жойлашган Қурама вилояти, Туркистон, Сирдарёнинг қуйи оқимидаги то Балхаш кўлигача бўлган қирғизлар яшайдиган ерлар, кўчманчи қирғизлар яшайдиган Биллур тоғининг шарқий этаклари, 1830 йилдан бошлаб ғарбий этаклари ҳам кирган.
Do'stlaringiz bilan baham: |