Сиртқи таълимдан кундузгига ўқишни кўчириш мумкинми?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.06.2017 йилдаги
393-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан, 15 июлдан бошлаб
талабаларнинг ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш бўйича аризалар қабул
қилиш жараёни бошланди. Аризалар 5 августгача қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.06.2017 йилдаги
393-сонли
қарори
билан тасдиқланган Низомга асосан, 15 июлдан бошлаб
талабаларнинг ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш бўйича аризалар қабул
қилиш жараёни бошланди. Аризалар 5 августгача қабул қилинади.
Жорий йилги пандемия билан боғлиқ вазиятни ҳисобга олиб,
талабалардан ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш бўйича аризалар
http://transfer.edu.uz портали орқали онлайн қабул қилинмоқда.
Шу ўринда кўпчилик талабалар бир саволга ойдинлик киритишимизни сўраб,
мурожаат қилишмоқда. Яъни сиртқи таълимда таҳсил олаётган талаба
кундузги таълимга ўқишини кўчириши мумкинми?
Жавоб: ҳа, мумкин.
Асос: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31
январдаги 59-сонли
қарорининг
8-бандида Вазирлар Маҳкамасининг «Олий
таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) ва кечки (сменали) таълимни
ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 21
ноябрдаги 930-сон
қарорига
1-илованинг 12-банди қуйидаги таҳрирда баён
этилиши бегиланган:
«12. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимдан кундузги таълимга ҳамда
сиртқи (махсус сиртқи) таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчисига
кўчиришга рухсат берилади».
Мазмундан кўриниб турибдики, ушбу ўзгариш асосида жорий йилдан
бошлаб сиртқи (махсус сиртқи) таълимдан кундузги таълимга кўчиришга
рухсат берилган.
Муаммо: Таъкидлаш жоиз, юридик техника нуқтаи назаридан мазкур
ўзгариш киритилаётганда қарор лойиҳасини тайёрлаганлар бир кичик жиҳатни
унутиб қолдиришган. Талабаларнинг ўқишини кўчириш билан боғлиқ
жараёнлар Вазирлар Маҳкамасининг мақоламиз аввалида эслаб ўтилган
умуман бошқа бир қарори асосида тартибга солинади. Аммо сиртқи (махсус
сиртқи) таълимдан кундузги таълим шаклига ўқишни кўчиришга рухсат
берилганлигига оид ўзгариш ўша асосий қарорга киритилмай қолган. Олий
таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан
четлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 9-бандига ҳалигача ўзгариш
киритилмаган ва бу бандда сиртқи (махсус сиртқи) таълимдан кундузги
таълимга ҳамда сиртқи (махсус сиртқи) таълимнинг бир таълим соҳасидан
иккинчи таълим соҳасига ўқишни кўчириш ҳақидаги аризаларга рад жавоби
берилиши белгиланган.
Ечим: Кўриб турганингиздек, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида 2
хил қоида белгиланган, бирида сиртқи (махсус сиртқи) таълимдан кундузги
таълимга ўқишни кўчиришга мумкин дейилган, иккинчисида мумкин эмас,
дейилган. Бунақа вазиятда ечим қандай бўлади? Яъни қайси қарор амалда
қўлланилиши керак?
Бунинг
жавобини «Норматив-ҳуқуқий
ҳужжатлар
тўғрисида»ги
Қонундан
топамиз. Мазкур қонуннинг 16-моддасига кўра, тенг
юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут
бўлган тақдирда кейинроқ қабул қилинган ҳужжат қоидалари амал қилади.
Биз кўриб чиқаётган масалада фарқ мавжуд бўлган иккала ҳужжат ҳам «тенг
юридик кучга эга», яъни иккаласи ҳам Вазирлар Маҳкамасининг қарори. Агар
мабодо бири Вазирлар Маҳкамасининг қарори, иккинчиси Президент қарори
бўлганда, унда шубҳасиз Президент қароридаги қоида амал қилган бўлар эди.
Бу шунчаки маълумот учун.
Қонун талабидан келиб чиқсак, кейинроқ қабул қилинган ҳужжат
қоидалари амал қилишини билиб олдик. Демак, Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил 31 январдаги 59-сонли қарори билан белгиланган қоида кучга эга
бўлади.
Хулоса: талабалар жорий йилдан бошлаб белгиланган тартибларга
амалга қилган ҳолда сиртқи (махсус сиртқи) таълимдан кундузги таълимга
ҳамда сиртқи (махсус сиртқи) таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчисига
ўқишини кўчириши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |