Муҳаммад ибн Мусо ал – Хоразмий ўзигача бўлган таълим методларини синтезлаштиришга ҳаракат қилган. Барча мутафаккирлар каби у ҳам кўргазма – тажриба методлари, савол – жавоб методлари, малака ва кўникмаларни шакллантириш методлари, билимларни синаш методларидан кенг фойдаланилган.
У “Ал – Жабр ва вал муқобола”, “Ҳинд арифметикаси ҳақида китоб”, “Синус Зижлари”, “Китоб суратард”, “Ер сатҳини ўлчаш”, “Қуёш соати тўғрисида”, “Яҳудийлар тарихи ва уларнинг байрамларини белгилаш”, “Васиятлар китоби” каби асарларни яратган.
Ал – Хоразмий математика фанининг амалий аҳамиятини юксак чўққиларга кўтара олган. Унинг буюк ихтироларидан бири – “О” (ноль) сонини яратиши ва бу орқали унинг фанга киритган буюк кашфиёти унли позицион саноқ системасининг истеъмолга киритилишидир. Булардан ташқари у олимлар дунёси фаолиятини ҳам 3 хил йўналишларга ажратади ва уни илмий жиҳатдан асослаб берадилар.
Биринчи йўналиш. Ўзларигача бўлган илмий натижаларни ўрганувчи ва улар орасидаги мавжуд узилишларни улаб уларни келажак авлодга етказувчи олимлар.
Иккинчи йўналиш. Ўзларигача бўлган илмий йўналишларни ўрганиш ва муайян йўналишни асл ҳолига нисбатан анчагина олдинга юксалтириш бўйича фаолият кўрсатган олимлар.
Учинчи йўналиш. Фанга бутунлай янги йўналишларни киритувчи, кашфиётлар қилувчи, таълимотлар яратувчи олимлар.
Абу Наср Фаробий таълимда барча фанларнинг назарий асослари ўрганилса, тарбияда маънавий – ахлоқий қоидалар, одоб меъёрлари ўрганилади, касб – ҳунарга оид малакалар ҳосил қилинади, деб ўқтиради. Булар тарбиячилар ва мураббийлар томонидан турли методлар ёрдамида амалга оширилади.
Форобий таълим – тарбия ишларини назарий йўл билан амалга оширишга кўпроқ эътибор беради. Шунинг билан бирга у таълим – тарбияда рағбатлантириш, одатлантириш ва вақти келганда мажбур этиш методларидан фойдаланиш ғояларини ҳам илгари сурган.
У математика, мантиқ, тиббиёт, илми нужум, мусиқа, ҳуқуқ, тилшунослик, поэтика каби соҳалар билан шуғулланган, турли тилларни ўрганган. Манбаларда ёзилишича у 70 дан ортиқ тилни билган.
Форобийнинг бизгача қуйидаги асарлари етиб келган: “Фозил одамлар шаҳри”, “Бахт – саодатга эришув тўғрисида”, “Ижо ал - улум”, “Илмларнинг келиб чиқиши”, “Ақл маънолари тўғрисида”, “Фалсафа манбалари”, “Субстанция ҳақида”, “Логикага кириш”, “Масалалар манбаи”, “Фалсафани ўрганишдан олдин нимани билиш керак” ва бошқалар. Буюк мутафаккирнинг инсон камолотига оид асарларида жамият талабларига тўла – тўкис жавоб бера оладиган ва уни тинчлик ҳамда фаровонликда сақлаб туришга хизмат қиладиган баркамол шахсни тарбиялаш хусусида фикр юритилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |