Ташқи дунё ҳақидаги ахборотининг 90% дан ортиғи кўриш анализатори орқали келиб туради. Кўриш анализаторнинг периферик қисми кўздир.
Кўз, асосан, уч қаватли кўз олмасидан иборат бўлиб, унда ташқи оқсилли ёки склера, ўрта томирли ва ички тўр қаватлар фарқ қилинади (5-1 расм).
Склера қават (қалинлиги 1 мм) кўз олмасининг олдинги қисмида тиниқ шох қават ҳосил қилади. Шох қават энди туғилган болаларда катталарникига қараганда қалин ва бўртиброқ туради. Склера тагида жойлашган томирли қават 0,2-0,4 мм қалинликка эга бўлиб, унда қон томирлари кўп, кўзнинг олдинги қисмида у киприксимон тана ва рангдор қаватга айланади. Киприксимон танада ўз навбатида кўз гавҳарига туташиб, унинг эгрилигини ўзгартириб турадиган мускуллар мавжуд.
Кўз гавҳари икки томони бўртиб чиққан линза шаклида бўлиб, у чақалоқларда тиниқ ва анча қабариқ ҳолда бўлади.
Рангдор қават кўз рангини белгилайди ва унинг ўртасида кўз қорачиғи мавжуд бўлиб, шу жойда жойлашган мускуллар ёрдамида ўз кўламини ўзгартиради ва бунинг оқибатида кўз ичига тушадиган ёруғлик кўпайиб ҳамда камайиб туради. Энди туғилган болаларда қорачиқ анча тор, 12-13 ёшларга келиб эса унинг ёруғликка нисбатан реакцияси катта одамларникига тенглашади. Шох ва рангдор қаватлар ҳамда рангдор қават ва гавҳар орасида тегишли равишда бирламчи ва иккиламчи кўз камералари бўлиб, улардаги суюқлик қон томирлари бўлмаган гавҳар ва шох қаватни озиқ моддалар билан таъминлаб туради. Гавҳарнинг орқа томонида тиниқ елимсимон суюқлик бўлиб, уни шишасимон тана дейилади.
Учинчи қават ёки кўз олмасининг ички юзаси мураккаб тузилиш ва функцияга эга тўрсимон қатламдан иборат (қалинлиги 0,2-0,4 мм). Унинг ўрта қисми сариқ доғ дейилади. Тўрсимон қатламда ёруғлик қабул қилувчи колбачалар ва таёқчалар шаклидаги ҳужайралар бор. Таёқчалар оқ-қоранинг фарқига борса, колбачалар рангли кўришни амалга оширади.
Қайд қилинган ҳужайралардан нерв толалари чиқиб, уларнинг тўплами кўриш нервини ташкил қилади. Энди туғилган болаларда таёқча шаклидаги кўрув ҳужайралари шаклланган бўлади, колбачалар эса биринчи ёшнинг охиригача ривожланиб боради.
Кўзга тушган ёруғлик тўр қаватга етиб боргунча юқорида айтиб ўтилган, ҳар қайсиси маълум синдириш кучига эга бўлган оптик қатламлардан ўтади (шох қават, кўзнинг олдинги ва кейинги камералари, гавҳар ва шишасимон тана). Бу ёруғликни синдириш кучлари (Д) ўлчанади ва уларнинг йиғиндиси одамда 59,7 - 70,5 Д га тенг.
Ҳар бир предметдан тарқалган нур юқорида қайд қилинган оптик тузилмадан ўтиб, тўр қаватда кичрайган тескари тасвир ҳосил қилади. Тескари тасвирнинг одамларда тўғри қабул қилиниши ҳаёт тажрибасидан келиб чиққан одатдир. Агар бир-икки ойлик болага ёниб турган электр шам тутилса, у шамнинг фақат пастки қисмини ушлашга ҳаракат қилади.
Турли масофаларда жойлашган предметларни аниқ кўриш унинг тасвирини тўр қаватга тушириш билан боғлиқ ва бунда кўз гавҳари ҳал қилувчи ишни бажаради. Яъни кўздан узоқ нарсани кўришда гавҳар яссиланади, яқин нарсани кўришда қабариқ ҳолга келади ва бу билан ўша нарсаларнинг тасвири тўр қаватга тушади. Кўзнинг бу хусусияти аккомодация дейилади. Аккомодацияни амалга оширишда гавҳарнинг қисилиб қабариши ва тортилиб яссиланиши киприксимон тана мускуллари ва у билан туташган бойламлар фаолиятидир. Предметлар кўзга яқинлашиб борган сари уни аниқ кўриш учун кўз гавҳарнинг қавариши ошади ва масофа маълум бир нуқтага боргандан кейин уни аниқ кўриш қийин бўлиб қолади. Шу масофани аниқ кўришнинг энг яқин нуқтаси дейилади. Ёш ошиб борган сари бу масофа узайиб боради, масалан, 10 ёшли болаларда бу нуқта кўздан 7 см, 20 ёшда 8,3 см, 30 ёшда 11 см, 40 ёшда 17 см, 50 ёшда 50 см ва 60-70 ёшда 80 см узоқликда жойлашган бўлади.
Предметлар аксининг тўр қаватга тушмаслиги (унинг олдига ёки орқасига тушиши) яқиндан ва узоқдан кўриш ҳолатларига олиб келади.
Яқиндан кўриш ҳолатида предметлардан кўзга тушган ёруғлик нурлари кесишиб, уларнинг акси тўр қаватнинг олдига тушади. Бундай одамлар фақат яқин масофалардан яхши кўради, холос, шунинг учун ҳам улар телевизорга яқинроқ ўтиришга ҳаракат қилади, китоб ўқишда уни кўзига анча яқин келтиради ва бошқалар. Яқиндан кўрадиган кўзни меъёрий ҳолатига келтиришда аккомодация ёрдам бермайди. Бу ҳолатни тузатиш учун икки томони ботиқ кўзойнаклар тақиш керак, бундай кўзойнак кўз оптик қаватида кучли синадиган нурларнинг тегишли даражада ёйилишига олиб келади.
Яқиндан кўриш кўпинча туғма бўлади ва ўқувчиларнинг ёши ошиб бориши билан уларнинг орасида тез-тез учраб туради. Яқиндан кўриш аломатларининг сезилиши билан тегишли кўзойнакларни тақиш зарур, акс ҳолда ушбу ҳолат чуқурлашаверади. Яқиндан кўриш ҳолати ўқиш, ёзишда гигиеник қоидаларга риоя қилмаслик, чунончи парта столда ўтирганда китоб дафтарларни кўзга яқин тутиш, синф хоналари ва дарсхоналарнинг етарли даражада ёритилмаслиги, жуда майда ҳарфлар билан ёзилган китобларни ўқиш натижасида кўз олмасининг одатдагидан чўзилиши туфайли келиб чиқади. Узоқдан кўриш предметлар аксининг гавҳарнинг тегишли даражада қабариқ бўла олмаслиги туфайли тўр қават орқасига тушиши билан таснифланади. У кўз олмасининг қисқалиги ҳамда шох қават ёки гавҳар эгрилигининг етишмаслиги туфайли келиб чиқади. Бундай одам меъёрий масофадан ўқиб, ёза олмайди, бунинг учун у кўзини қисиб, китоб ёки дафтарни узоқроқ масофада тутишга ҳаракат қилади. Узоқдан кўриш ҳолатини тузатиш учун икки томони бўртиб чиққан линзали кўзойнаклар тақиш лозим.
Кўз камчиликларидан яна бири астигматизм, яъни предметлардан тўр қаватга тушадиган нурларнинг бир нуқтада тўплана олмаслигидан ноаниқ кўришдир. Бунинг сабаби шох қават эгрилигининг турли меридианларида ҳар хил бўлишидир. Бу ҳолатни тузатиш учун махсус цилиндрик кўзойнаклар тақилади.
Одам кўзи бир-бирига энг яқин жойлашган икки нуқтани аниқ кўра олиш қобилиятига кўриш ўткирлиги дейилади. Уни аниқлашда қаторлаштириб жойлаштирилган турли хил катталикдаги ҳарфларни ва предметларни маълум масофадан (5 м) аниқ кўра билиш жадвалидан фойдаланилади. Одатда одам кўзи 1 дақиқага иккита фарқ қиладиган нуқталарни бир-биридан ажрата олади. Бу нарса икки нуқта орасидаги минимал масофанинг 5 мкм га тенг бўлиши билан ифодаланади. Одамларда кўриш ўткирлиги ўртача 1 га тенг деб қабул қилинган.
Одам кўзида ёруғликни қабул қиладиган рецепторлар тўр қаватдаги таёқча (120-125 млн.) ва колбача (5-6 млн.) шаклидаги ҳужайралардир.
Таёқчалар оқ нурларни қабул қиладиган ҳужайралар бўлиб, тўр қаватнинг чет қисмида қалин жойлашган, рангли кўриш эса колбачалар томонидан амалга оширилади. Колбача ва таёқча ҳужайраларидан кейин биполяр ва ганглионар нейронлар жойлашган бўлиб, ганглионар нейронларнинг толалари тўпланиб кўрув нервини ҳосил қилади. Кўрув нерви чиқаётган жойида ёруғликни сезувчи рецепторлар бўлмайди ва шундай ҳужайраларнинг тўплами кўз олмасининг марказий қисмида жойлашган сариқ (кўр) доғдан пастроқда жойлашган. Яна шуниси ҳам муҳимки, колбачалар, асосан, кундузи, яъни ёруғликда яхши ишлайди, чунки уларнинг ёруғликка сезгирлиги таёқчаларникидан паст.
Баъзан кишилар рангларни бир-биридан фарқлай олмайди (далтонизм). Ҳар қандай рангли предмет уларга кулранг бўлиб кўринади.
Кўриш ёшга қараб ўзгариб боради, 4 ёшдан 20 ёшларгача у кучайиб борса, 30 ёшдан кейин пасаяди.
Эмадиган ёшдаги болалар рангларни бир-биридан равшанлигига кўра фарқлай олади, бола 3 ёшдан 10-12 ёшга боргунча рангларни бир-биридан яхшироқ фарқ қилиб боради. 30 ёшдан кейин рангларни фарқлаш пасая бошлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |