Экин ерига ер қўшишга доир кўргазмали семинар ташкил этилди
Вилоятда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда суғориладиган ерлардаги 22,1 минг гектар ва чўл ҳудудлардаги 55,7 минг гектар (жами 77,8 минг гектар) ерларни қайта фойдаланишга киритиш, мавжуд ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 февралдаги 92-сонли қарори қабул қилинган ва вилоят туманларида амалий саъй-ҳаракат бошлаб юборилган. Қарор талабига мувофиқ республика Сув хўжалиги вазирлигининг 2021 йилда тизимга кирувчи ташкилотларга ажратилган бюджет маблағларидан 300 миллиард сўм сармоя мақбуллаштириш орқали вилоятда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган майдонлар ва чўл ҳудудлардаги ерларни қайта фойдаланишга киритиш мақсадида бажариладиган ишларга йўналтирилган.
Таъкидлаш жоизки, кенг кўламда бошланган бу саъй-ҳаракат замирида аввало оилалар моддий манфаатдорлигини ошириш, эҳтиёжманд хонадонлар ва улардаги меҳнатга лаёқатли аҳоли қатлами бандлигини таъминлаш, ҳар қарич экин еридан омилкорлик билан фойдаланиш орқали элимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашдек долзарб масала ётибди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев иштирокида бугун, 27 январь куни Когон тумани “Сиёзпоён” МФЙ Дегрез қишлоғида фаолият юритаётган “Саиджон Назиржон” фермер хўжалиги даласида бўлиб ўтган кўргазмали семинарда шу хусусида сўз борди.
Вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, туманлар ҳокимлари, қишлоқ хўжалигига дахлдор корхона, ташкилотлар, фермер хўжаликлари раҳбарлари қатнашган тадбирда экин ерлари ҳудудини кенгайтириш, ерга ер қўшиш, мавжуд коллектор, дренаж тармоқлари бўйидаги рошларни текислаб экин ери учун тайёрлаш, хўжаликлараро ўтган ички йўллар бўйини ободонлаштириб, қаровсиз ётган ерларни текислаб, ҳосил етиштириш чораларини кўриш зарурлигига эътибор қаратилди.
Бош вазир ўринбосари томонидан таъкидланганидек, биргина Бухоро вилоятида юқоридаги қарор ижроси ҳамда ўрганишлардан келиб чиқиб, умумий узунлиги 7 минг 80 километр атрофидаги коллектор-дренаж атрофини ободонлаштириш ҳисобидан шу йилда очиладиган экин ери 2 минг 722 гектарга етказилади. Бунинг учун талаб қилинаётган ишчи кучи ва юқори унумли техника, ёқилғи-мойлаш материаллари ва эҳтиёт қисм таъминоти, яна зарур қулайлик учун 62 миллиард сўм маблағ молиялаштирилган бўлиб, айни пайтда бир гектар ерни текислаб тозалаб, экин ерига қўшиб олиш учун 10 миллион сўм атрофида сармоя сарфланмоқда. Биргина Когон туманининг ўзида контурлар, коллектор ва дренажлар ён-атрофини тозалаш ва текислаб экин ерига қўшиш ҳисобидан 300 гектардан ошиқ ер очилаётгани диққатга сазовор.
––Ҳозирда 175 гектар ерда юқори сифатли саноат хом ашёси–пахта ва 90 гектарда ризқ-рўз манбаи––сара буғдой етиштириб келамиз,––дейди “Саиджон Назиржон” фермер хўжалиги бошлиғи Назир Тўраев.––Якунланган деҳқончилик йилида қирқ кишилик жамоа аъзоларимиз билан биргаликда давлатга шартнома режасида белгиланганидан 45 тонна ошириб, жами 536 тонна “оқ олтин” сотган бўлсак, 370 тонна ўрнига 480 тоннадан ошириб ғалла хирмонини бунёд қилдик. Юз тоннадан ошиқроқ буғдой хўжалигимиз омборида, ишчиларимиз ихтиёрида қолгани ҳам яхши фойда бўлди, албатта. Декабрь ойидан ариқ-зовуримиз атрофини яхши текислаб, йўл бўйларидаги экин ерларини қайта кўрикдан ўтказиб, ерга ер қўшиш тадбирини бошлаганимиздан шу кунга қадар 8 гектардан зиёд экин ерини очиб, еримизга қўшдик. Бунда биз “HAVO”, “Nyu Holland–7060”, “Case” каби оғир ва юқори унумдор транспорт воситалари, замонавий эксковатор кучидан фойдаландик. Контурларимизни лазерли текислаш агрегати кўмагида қайта ўрганиб, текислаб, гектарлар чор-атрофини тўғрилаб олиб, шудгор қилдик. Бундан ташқари, фермер хўжалигимиз 2 гектар ўрикзор ва унинг бир қисмида гилосзорига ҳам эга. Аммо эндиликда экин еримизни яна 14 гектарлик боғ-токзор билан кенгайтирмоқдамиз. Сабаби бизда олмазор, ўрикзор ва сара узум навларидан боғ-токзор барпо этиш иштиёқи кучли. Туман ҳокимлиги эса бу ташаббусимизни қўллаб-қувватламоқда.
Агросаноат мажмуи ходимларининг семинарига қайтсак, республикадан келиб, бир неча кундирки, воҳамиз иқлими, тупроқ унумдорлиги, “оби ҳаёт” таъминоти, дала-деҳқончилик ишлари жабҳасини ўрганаётган ишчи гуруҳи аъзолари, жумладан, республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги уруғчилик Агентлиги раҳбари, Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Ҳусниддин Каримов, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Шуҳрат Тешаев, пойтахтда ўз фаолиятини кенгайтираётган нодавлат экспортчи корхоналардан бирининг раҳбари Жамолиддин Жўраев, вилоят ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Амрилло Назаровлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида боғдорчилик ва томорқа маданиятини ривожлантириш, янгидан ўзлаштирилаётган экин ерлари маҳсулдорлигини ошириш, сув тақчиллиги яққол кўриниб қолган вилоятда томчилатиб суғориш тизимини кенг қўллаш орқали уларда харидорбоп маҳсулотни кўпайтириш зарурлиги хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.
Семинарнинг диққатга молик жиҳати, унда водий вилоятидан таклиф қилинган ўттизга яқин боғбон иш тажрибаси хусусида сўз борди ва улар кўмагида вилоятимизнинг ҳар бир туманида янгидан очилаётган ерларда боғ яратиш, элимиз дастурхонига харидоргир ноз-неъматларни еткази бериш талаби қўйилди.
––Масалан, Андижонда ўрик, гилос, шафтоли, Фарғонада сархил узум навларини етиштиришда катта тажриба тўпланган, шунга қарамасдан водий вилоятлари аксарият деҳқонлари лаълми, тошлоқ ерларда, ўзига хос қийин шароитда бу маҳсулотларни етиштириш билан машғуллар. Наманган вилоятида эса боғдорчилик билан бирга, кейинги йилларда наъматак етиштириш авж олди. Мақсадимиз водий вилоятлари тажрибаси, ҳосил етиштириш услубини серҳосил Бухоро заминида амалда қўллаш,––деди республика Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев.––Мақсадимиз бир пайтлар довруғи ёйилган Жилвон узумчилиги, Варахша массиви қовунчилиги шон-шуҳратини тиклаш, яна хушхўр ўрик ва майиз етиштиришнинг бухороча услуби ва тажрибасини шакллантириш, шу орқали экспортга маҳсулот чиқаришни йўлга қўйишдир.
Шу ернинг ўзида эълон қилинган тақсимотга биноан туман ҳокимлари ва уларнинг тегишли ўринбосарлари масъуллигида ҳар бир туманда камида 200 гектардан 600 гектаргача боғ барпо этиш, бу контурларда мевазор боғ ёки узумзор-токзор яратиш ишига водий вилоятларидан келган миришкор-боғбонларни жалб қилиш таъкидланди.
––Ўзим Фарғона вилояти Қува туманидан кўп йилдирки, оила аъзоларимиз билан биргаликда боғдорчилик, ниҳолчилик билан шуғулланиб келамиз,––дейди тажрибали боғбонлардан бири Ҳамид Мамаризаев.––Бизда Қуванинг нафақат анори, балки серҳосил олма, ўриги, гилосу шафтолиси ҳам машҳур бўлиб, кейинги йилда қўшни давлатларга экспортга ҳам маҳсулот етказиб беришни йўлга қўйганмиз. Айни пайтда бу меваларни интенсив усулда, очиқ ерда етиштириш тажрибасига эгамиз ва Бухородан бизга экин ер майдони ажратиб берилса, сархил мева навларидан ундириб тайёрлаб қўйган жами 20 миллион туп кўчатимизни келтириб ўтқазишимиз, боғ парваришини бошлашимиз мумкин.
Водий вилоятларидан келган уста боғбонлардан Дилшод Ҳакимов, Муслим Нўъмонов, Ғуломжон Солиев, Жўрабек Туҳфатов, Фарҳод Шарипов, Муроджон Ваҳобов, Камолиддин Ғозиев, Ҳабибулло Иброҳимов, Музаффар Тиллабоев, Дилшод Мамарасулов сингари миришкорлар шу куннинг ўзида туманларда иш бошлаш учун йўлланма олдилар. Ҳудудларда уларга албатта, маҳаллий ҳокимликлар томонидан зарур шарт-шароит яратиб берилиб, таъминот корхоналари, ҳатто агрокластерлар яқин кўмакчи бўлиши алоҳида уқтирилди.
Шу билан бирга, соҳа масъуллари зиммасига дала-деҳқончилик ишларида қишки агротехник тадбирларни сифатли ўтказиш, боғ-токзорларда шакл бериш, тозалаш, дарахт ва буталарни мис ва олтингугурт купароси билан кимёвий ишлов бериш ва дорилаш ишларини эътибор билан амалга ошириш, қолаверса, картошка экиш ишларини яқин икки ҳафтада, 10 февралгача пухта тайёргарлик билан ташкил этиш, жумладан, жами 200 гектардан ошиқ ерда плёнка остида сабзи экишни кечиктирмаслик каби вазифалар қўйилди.
🥊Хабарингиз бор, 20-29 январь кунлари пойтахтимизда 22 ёшгача бўлган боксчилар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Муросасиз баҳслар давомида қизлар ўртасида 12 та, ўғил болалар ўртасида эса 13 та вазнда қитъа чемпионлари аниқланди. Қитъанинг 12 давлатидан 150 нафарга яқин ўғил-қизлар илк бор ушбу ёш тоифасидаги чемпионатда иштирок этганлиги жаҳон боксининг ўзига хос воқеаси бўлди.
⚡️Қувонарлиси, эркаклар ва аёллар терма жамоаси таркибида бухоролик 4 нафар боксчи - Асилбек Жалилов (-48 кг), Шаҳзод Музаффаров (-54 кг), Фарзона Фозилова (48 кг), Сабина Бобоқулова (50 кг) ўз вазн тоифасида Осиё чемпиони деган номга сазовор бўлишди.
⚡️Бугун чемпионларимизнинг икки нафари ўз она шаҳрига қайтишди. Уларни Бухоро темир йўл вокзалида тантанали равишда кутиб олинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |