2020 йил 1 январдан янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг мазмун моҳияти тўғрисида
М А Ъ Р У З А С И
Ассалому алайкум ҳурматли семинар иштирокчилари!
Бугун йиғилишимиздан мақсад - 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан ҳамда 9 турдаги солик ҳисоботлар бланкасини тўлдириш тартиби билан Сизларни таништиришдан иборат.
Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилинган 71 та боб 480 та моддадан иборат.
Солиқ қонунчилигида қуйидаги янгиликлар булиб:
Солиқлар ва йиғимларнинг сони ва турлари, шунингдек алоҳида солиқ режимлари оптималлаштирилди.
Жуда кўп саволлар келиб тушгани бу йиллик балансни топширишнинг охирги муддати қачон 15 февралми ёки 17 февралми?
5-моддага мувофиқ 2020 йил 17 февралда баланс ҳисоботлари ДСИга тақдим этишнинг охирги куни ҳисобланади.
Кунлар билан ҳисобланадиган муддат, агар бу муддат календарь кунлар билан белгиланмаган бўлса, иш кунлари билан ҳисобланади. Бунда қонун ҳужжатларига мувофиқ дам олиш ва (ёки) иш куни бўлмаган байрам куни деб эътироф этилмайдиган кун иш куни деб ҳисобланади.
Агар муддатнинг охирги куни қонун ҳужжатларига мувофиқ дам олиш ва (ёки) иш куни бўлмаган кун деб эътироф этиладиган кунга тўғри келса, дам олиш кунидан ва (ёки) иш куни бўлмаган кундан кейинги иш куни муддатнинг тамом бўлиш куни деб ҳисобланади.
Амалга оширилиши учун муддат белгиланган ҳаракат муддатнинг охирги куни соат 24 га қадар бажарилиши мумкин.
Агар ҳужжатлар ёхуд пул маблағлари алоқа ташкилотига муддатнинг охирги куни соат 24 га қадар топширилган бўлса, муддат ўтказиб юборилмаган деб ҳисобланади.
7-моддада Солиқ солишнинг тамойиллари белгиланган бўлиб, Солиқ солиш мажбурийлик, аниқлик ва солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ҳамкорлиги, адолатлилик, солиқ тизимининг ягоналиги, ошкоралик ва солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципларига асосланади.
17-моддада солиқ турлари келтирилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуйидаги солиқлар белгиланади деб кўрсатиб ўтилган. Жумладан, қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи, фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, ижтимоий солиқ.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йиғимлар белгиланиши мумкин. Йиғимларни жорий этиш, ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби ушбу Кодексда ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида белгиланади.
Автотранспорт йиғимини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби ушбу Кодекс билан тартибга солинади.
Давлат божини ҳисоблаб чиқариш ва ундириш тартиби давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланади.
Махсум режимлар 18-моддада белгиланган бўлиб, улар
1) айланмадан олинадиган солиқ;
2) маҳсулот тақсимотига оид битимлар иштирокчиларига солиқ солишнинг алоҳида тартиби;
3) махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига ва айрим тоифадаги солиқ тўловчиларга солиқ солишнинг алоҳида тартиби.
Ўзбекистон резиденти тушунчасига киритилган қўшимчага шуни таъкидлаш лозимки агар жисмоний шахс тегишли солиқ даврида Ўзбекистон Республикасида жами бир юз саксон уч кундан кам бўлиб, бироқ ушбу туриш муддати унинг бошқа бирор-бир давлатда турган муддатидан кўпроқ бўлса ҳам, у Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этилади.
31-моддага мувофиқ белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланади.
Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи, бироқ якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган жисмоний шахсларга солиқ солиш ва уларга нисбатан жавобгарлик чораларини қўллаш мақсадида якка тартибдаги тадбиркор сифатида қаралади.
Кодексда киритилган яна бир ўзгариш бу юридик шахсларнинг алоҳида бўлинмалари бўйича.
Юридик шахснинг ҳудудий жиҳатдан алоҳида бўлган, турган ери бўйича доимий иш жойлари жиҳозланган ҳар қандай бўлинмаси Ўзбекистон Республикаси юридик шахсининг алоҳида бўлинмасидир.
Юридик шахснинг алоҳида бўлинмасини эътироф этиш, унга қандай ваколатлар берилганлигидан ва унинг ташкил этилиши бўйича юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида ёки бошқа ташкилий-бошқарув ҳужжатларида акс эттирилганлиги ёки акс эттирилмаганлигидан қатъи назар, амалга оширилади.
Агар иш жойи бир ойдан ортиқ муддатга яратилган бўлса, у доимий ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси юридик шахси алоҳида бўлинмасининг жойлашган ери ушбу юридик шахс мазкур алоҳида бўлинма орқали фаолият олиб борадиган жойи ҳисобланади.
Шунингдек, кодексда қишлоқ хўжалиги фаолияти деганда нима тушунилади алоҳида модда киритилиб, ушбу Кодекс мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жумласига биологик ресурслардан (ҳайвонлар ва ўсимликлардан) олинган қуйидаги маҳсулотлар кириши белгиланган. Жумаладан,
1) қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ўсимликшунослиги маҳсулотлари;
2) чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик маҳсулотлари;
3) ипакчилик маҳсулотлари;
4) балиқчилик маҳсулотлари ва сувда етиштириладиган экинлар.
Саноатда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ушбу Кодекс мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти деб эътироф этилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |