Тутмос I. Тутмос II. Хатшепсут. Сенмут. Тутмос III ва унинг юришлари. Аменхотеп IV (Эхнатон) сиёсий ва диний ислоҳотлари. Янги подшолик даврида Миср фиръавнлари қўшни мамлакатлар устига тез-тез талончилик ва босқинчилик урушларини уюштириб турганлар. Фиръавн Тутмос I Сурия ва Фаластинга бостириб кириб, Фрот дарёси соҳилларигача етиб борган. Тутмос III эса Ўртаер денгизининг шарқий соҳилидаги мамлакатларга 15 марта ҳарбий юриш қилган. Миср қўшинлари Сурия ва Паластинни қайта ишғол қилиб, Фрот дарёси бўйидаги Кархемиш шаҳрини ҳам босиб олганлар. Миср қўшинининг куч-қудратидан чўчиган Оссурия, Хетт, Бобил ва Митанни подшолари ўзларини фиръавннинг “биродарларимиз”, - деб эълон қилганлар ва ўз мустақилликларини сақлаб қолганлар. Тутмос III қўшинлари жанубдаги Куш, Нубия ва Пунт каби мамлакатларга ҳам бир неча бор бостириб кирганлар. Аскарлар бу мамлакатлардан сон – саноқсиз асирлар, олтин, кумуш, қимматбаҳо буюмлар, фил суяклари олиб қайтганлар. Фиръавн Аменхотеп даврида ҳам Миср қўшинлари Сурия, Фаластин, Митанни ва Нубияга ҳарбий юришлар уюштириб, Мисрга жуда кўп ўлжа ва ҳарбий асирлар билан қайтганлар. Тутмос III ва Аменхотеп II даврида Миср Яқин Шарқдаги энг қудратли давлат бўлиб қолаверган.
Фиръавн Аменхотеп III даврида беҳуда урушлар бўлмаган. У тинчлик сиёсатини қўллаб, қўшни мамлакатлар билан дўстона, савдо ва маданий алоқаларини кучайтирган. Аменхотеп III подшолигининг охирларида Мисрнинг босиб олинган мамлакатлар устидан ўрнатилган таъсири сусая бошлаган. Финикия ва Фаластин Мисрга итоат этмай қўйган. Аменхотеп III дан сўнг Миср тахтини Аменхотеп IV эгаллаган. У Мисрни м.ав. 1365 йилдан 1348 йилгача бошқарган. Аменхотеп IV даврида Миср давлати кучсизланиб, қарам мамлакатлар унинг таъсиридан чиқиб кета бошлаганлар. Мисрнинг кучсизланишидан фойдаланган кўчманчи жангари қабилалар мамлакатга бостириб кирганлар.
Аменхотеп IV даврида Мисрда ҳар хил низо ва фитналар кучайган. Фиръавн диний ислоҳот ўтказиб, кўп худоликни чеклаб якка худоликни жорий қилишга уринган. У Амон худосига сиғинишни бекор қилиб, уларнинг хокимларини қувғин қилган. Аменхотеп IV мамлакатда Атон – Қуёшга сиғинишни жорий қилган. Шу муносабат билан Мисрда янги пойтахт – Ахетатон шаҳрини бунёд этган. Бу шаҳар “Эхнатон” деб аталган. Унинг маъноси “Қуёш шуъласи” демакдир. Аменхатоп IV ҳам ўзини “Эхнатон” номи билан аташни буюрган. У янги дин – Қуёш руҳонийси бўлиб олган. Аммо янги дин эски дин руҳонийлари ва аҳоли томонидан қўллаб-қувватланмаган. Миср зодагонлари ҳам Эхнатоннинг диний ислоҳотига қарши турганлар. Эхнатон вафотидан сўнг унинг яқин қариндошлари ва амалдорлари илгариги диннинг руҳонийлари билан муроса қилишга мажбур бўлганлар. Зодагон ва руҳонийлар Эхнатоннинг куёви Тутанхамонни тахтга ўтқизганлар. Мамлакатда эски дин тартиби ўрнатилиб, унинг коҳинлари – руҳонийларига катта имтиёзлар берилган. Уларнинг бахтига қарши Тутанхамон 19 ёшда ўлган. Руҳонийлар уни ғоят катта дабдаба билан ер ости даҳмасига дафн этганлар. Тутанхамоннинг бева қолган хотини Хетт шаҳзодасига турмушга чиққан. Мисрнинг олий амалдорлари Миср тахтига бегонанинг келиб ўтиришига йўл қўймаганлар. Хетт шаҳзодаси фитначилар томонидан ўлдирилган. 18- сулола даврида Мисрда яна парокандалик бошланиб мамлакат заифлашиб кетган, хўжалик ҳам тушкунликка учраган.