2.Саноат транспортининг ўзига хос техник-иқтисодий хусусиятлари
Саноат корхоналарига тегишли транспортлар бир қанча ўзига хос хусусиятлари билан магистрал транспортлардан ажралиб туради.
Саноат корхоналарига тегишли транспортлар ташқи ва ички ташишларда ҳам, қисқа масофаларга ташишларда ҳам транспортнинг турли хилларидан фойдаланадилар. Кўп ҳолларда саноат транспорти вазифаларини темир йўл ва автомобиль транспортлари бажариб, улар катта миқдорли юкларни корхоналар ичида ёки темир йўл транспорти магистралларида ва корхоналар орасидаги ташқи алоқа йўлларида ташиш билан шуғулланадилар. Масалан, саноат темир йўл транспорти шаҳобчаларида 2000 йилда 144,1 млн. тонна юк ўртача 9,5 километр масофага ташилганлиги ва бу магистрал темир йўлларда ташилган юклар умумий миқдоридан 2,93 марта кўплиги қайд қилинган. Темир йўллардаги ортиш ва тушириш ишлари умумий ҳажмидан 80 фоизи ҳам саноат темир йўл шаҳобчаларида бажарилгандир.
Юқорида айтилганларга кўра, саноат транспортида кўп мингли ишловчилар бўлиши туфайли ишлаб чиқариш маҳсулотлари таннархида улар учун сарфланган харажатлар улуши ҳам каттадир.
Саноат корхоналари жуда кўп ташиладиган юклар тури ва тавсифига мосланган ёки ихтисослаштирилган транспорт жиҳозларига эгадир.
Саноат корхоналарига қарашли транспортларда юк ташиш таннархи магистрал транспортлар турларида юк ташиш таннархидан анча юқори (қиммат) бўлади. Бу бошланғич ва сўнгги ишлар харажатлари тенг бўлгани ҳолда қисқа масофаларга юк ташиш бир хил вақтга тўғри келадиган юк оборотлари кам бажарилиши билан изоҳланади.
Саноат темир йўл транспорти умумий ташқи алоқалардаги ташишларнинг ярмига яқинини бажаради. Қолган ташқи юк ташиш алоқалари саноат корхоналаридаги автомобиль, конвейер ва бошқа транспорт турлари ёрдамида бажарилади.
Катта миқдорли юкларни ташишда саноат темир йўл транспортнинг (айниқса электрлаштирилган) иқтисодий самарадорлик билан кенгроқ ривожлантириш мақсадга мувофиқдир. Айниқса тоғ конлари очиқ усулда ишланадиган жойларда электрлаштирилган темир йўлларни кенгайтиришнинг иқтисодий аҳамияти каттадир.
Саноат темир йўл транспортнинг ўзига хос томонларига қуйидагиларни киритиш мумкин: поездлар умумий оғирлиги ва ҳаракат тезлигининг (15...40 кмсоат) кичиклиги; юк ташиш ҳажмининг озлиги; изларнинг бурилиш жойлари кичик радиусларда бўлиб, нисбий кўтаришлар катталиги; бекатлараро масофаларнинг кичиклиги; кўп ерларда темир йўл излари автомобиль йўллари билан кесишганлиги; пассажирлар ташилмаслиги ва бошқалар.
Муҳокама ва хулосаларни шакллантириш учун саволлар:
Саноат транспорти асосий техника жиҳозларига нималар киради?
Саноат транспорти бажарадиган вазифасига кўра қандай турларга бўлинади?
Ташқи саноат транспортига қандай транспортлар киради?
Саноат темир йўл транспортининг ўзига хос хусусиятларига нималар киради?
Думкар қандай вазифани бажаради?
Саноат транспортининг камчилиги нимада?
Do'stlaringiz bilan baham: |