КОНСТРУКТИВ ЕЧИМ.
Умумий талаблар.
Технологик жараён ҳар қандай саноат биносининг ҳажмий-план ечимини белгилаб беради. Ишлаб-чиқариш-технология схемаси ўз навбатида технологик жараённи белгилайди.
Ишлаб-чиқариш-технология схемасида қўйидагилар кўрсатиб ўтилади: 1) маҳсулот ёки ярим тайёр маҳсулотларни олишдаги операциялар кетма-кетлиги;
2) технологик ускуналарнинг ўлчамлари ва уларнинг бинода жойлашиш тартиби;
3) цех ичидаги транспорт турлари ва уларнинг юк кўтариш қобилияти;
4) зарур хоналар рўйхати, ўлчамлари ва уларнинг ўзаро жойлашиш тартиби;
5) ички ҳаво ҳарорати ва намлиги;
6) ёрдамчи материаллар ва хом ашё олинадиган, тайёр маҳсулот чиқадиган жойлар, чиқиндилар пайдо бўладиган жойлар;
7) инженерлик тармоқлари уланадиган жойлар.
Шу билан бирга, тайёр маҳсулотларнинг ўлчамларини, иш жойларининг жойлашиш характерини, ўтадиган жойларнинг кенглигини билиш керак.
Корхонанинг технологик схемаси бинолар ва иншоотларнинг бош планда ўзаро жойлашишини, бинолар орасидаги масофани, транспорт ва инженерлик тармоқларининг жойлашиш тартибини кўрсатиб беради.
Корхонадаги биноларни жойлаштиришда қўйидаги усуллар қўлланилади:
1) павильон усули;
2) блоклаштирилган усул.
1.17-расм. Саноат биносининг технологик схемаси: а - электромоторлар
цехи; 1 -материаллар ва қуймаларни узатиш йўли; 2 -омборлар; 3 – роторлар корпусини тайёрлаш бўлими; 4 -штамповка бўлими; 5 - вал тайёрлаш бўлими; 6 -ротор тайёрлаш бўлими; 7 - подшипникларга ишлов бериш зонаси; 8 -статорларнинг пакет ва қобиқларини тайёрлаш линияси; 9-ўраш ленталарини тайёрлаш линияси; 10 - ўраш автоматлари бўлими; 11-статорларни ўраш бўлими; 12 - ўрамаларни шимдириш ва қуритиш бўлими;
13 -йиғиш ва синаш бўлими; 14–тайёр электромоторлар омбори; 15 –тайёр маҳсулотларни олиб кетиш йўли.
Тажрибалар кўрсатишича, технологик жараён имкон берган ҳолларда, ишлаб чиқаришни бир бинода блоклаштириш мақсадга мувофиқ. Бунда технологик ускуналарни турли хил вариантларда ўрнатиш, корхона ҳудудини 30-40 % га камайтириш, ташқи деворлар узунлигини 50 % гача қисқартириш, қурилиш нархини 10-15% га пасайтириш имконияти туғилади. Лекин хоналарни табиий ёритиш нархи ортади, томдан ёмғир-қор
сувларини кетказиш қийинлашади, одамлар ва юкларни ташиш мураккаблашади.
Блоклаштирилган биноларнинг умумий майдони 30-35 минг м2 дан ошмагани маъқул. Павильон усулда жойлаштириш технологик жараён талаб қилган ҳолларда мақсадга мувофиқ ҳисобланади (масалан, кўп миқдорда иссиқлиқ, газ ажралиб чиқадиган жараёнлар).
Корхона структурасини шакллантиришда "модул принципи" асбобсозлик саноатида ўз афзалликларини исботлади. Бу принципга асосан корхона бир неча бир хил автоном "технологик модул"лардан ташкил топади. Ҳар бир "модул" алоҳида ишга туширилиши мумкин.
Бир қаватли биноларда асосан металлургия, машинасозлик саноатига қарашли ишлаб-чиқариш жараёнлари жойлаштирилади. Уларда оғир ва катта технологик ускуналар ва жиҳозлар, йирик ўлчамли буюмлар ва динамик юклар мавжуд.
Кўп қаватли биноларда вертикал йўналишда амалга ошадиган технологик жараёнлар жойлаштирилади. Масалан, хом ашё ёки маҳсулотларнинг оғирлик кучидан фойдаланилган ҳолларда (тегирмонлар ва шунга ўхшаш). Aйрим ҳолларда аралаш қаватли бинолар (химия саноатида) ҳам қурилиши мумкин.
Ҳозирги пайтда қурилаётган саноат биноларининг карийб 75 фоизи бир қаватли бинолардир. Бунга, албатта, функционал-технологик, иқтисодий, шаҳарсозлик ва экологик жиҳатдан асос бор. Бир қаватли саноат биноларининг қўйидаги афзалликларини таъкидлаб ўтиш мумкин:
1) технологик жиҳозларнн ўрнатиш осон;
2) юк ташиш осон, горизонтал транспортдан фойдаланиш мумкин;
2) ҳажмий-план ва конструктив ечими оддий;
4 ) бинонинг барча қисмида табиий ёритишни ташкил қилиш мумкин;
5) хоналарда табиий ҳаво алмашишини ташкил қилиш мумкин;
6) унификациялаш, блоклаштириш мумкин;
7) майдон бирлигининг нархи камаяди (10% гача).
Шу билан бирга бир қаватли саноат бинолари айрим камчиликлардан
ҳам ҳоли эмас:
1) нисбатан катта майдон талаб қилади;
2) инженерлик ва транспорт тармоқларининг узунлиги ортади;
3) ташқи тўсиқ конструкцияларининг юзаси ортади ва шунинг учун эксплуатацион харажатлар ҳам кўпаяди.
Бир қаватли саноат биноларининг пландаги формаси оддий вa мураккаб бўлиши мумкин. Павильон усулида жойлашган бинолар кўпинча оддий формадаги бинолардир. Блоклаштирилган усул қўлланилганда бино яхлит план ечимига эга бўлади (1.18-расм). Бинолар П на Ш шаклида бўлишлари мумкин. П ва Ш шаклдаги биноларнинг боши берк ҳовлисини шамолатиш учун ҳовлининг эни L қарама-қарши турган бинолар баландликлари йиғиндисининг ярмидан ва 15 м дан кичик бўлмаслиги керак. Агар зарарли чиқиндилар бўлмаса бу масофа 12 м бўлишига рухсат берилади.
Бир қаватли саноат бинолари ҳажмий-план ечими бўйича пролёт, зал, ячейка ва аралаш типда бўлиши мумкин. Пролёт типидагн биноларда пролёт эни колонналар қадамига нисбатан катта бўлади. Технологик Жараён пролёт узунлиги бўйлаб ташкил қилинади. Ҳозирги пайтда пролёт типидаги саноат бинолари унификацияланган типовой пролёт (УТП) лар асосида лойиҳаланмоқда ва қурилмоқда.
Зал типидаги саноат бинолари технологик жараёнлар йирик ўлчамли маҳсулот чиқариш билан боғлиқ бўлган ҳолларда қурилади. Масалан, ТЭС-ларнинг машина заллари, ангарлар, самолёт йиғиш цехлари ва ҳ. к. Зал типидаги биноларнинг пролёти 100 м ва ундан ортиқ бўлиши мумкин. Зал типидаги биноларда технологияни такомиллаштириш осон. Уларни блоклаштириш мумкин. Ячейка типидаги биноларда колонналар тўри квадрат: 12x12, 18x18, 24x24, 30x30 ва 36x36 м бўлади. Пролётлар баландлиги бир хил қабул қилинади. Иложи борича осма кранлар, конвейерлар ва полда юрувчи бошқа транспорт воситаларидан фойдаланилади.__
Do'stlaringiz bilan baham: |