Товуш изоляцияси материаллари
Товуш изоляцияси ѐки қистирма материаллар кўп қатламли қаватлараро плиталарни ва пардадеворларни зарбдан ҳосил бўладиган шовқиндан изоляциялаш ва ҳаводаги шовқинни қисман юттириш учун ишлатилади.
Товуш изоляцияси меъѐрлари кўрсаткичи тўсиқ конструкциясининг ҳаво шовқини изоляцияси индекси билан белгиланади ва ―Қурилиш меъѐрлари ва қоидалари‖ да берилган графиклар ѐки жадваллардан фойдаланиб аниқланади.
Буюм ва конструкциянинг товуш изоляцияси хусусияти уларнинг структураси, ўлчамлари, массаси, бикрлиги, материалнинг ички қаршилиги, асосга суяниш усули ва бошқа омилларга боғлиқ бўлади.
Товуш изоляцияси буюм ва конструкциялари структурасига акустик бир жинсли ва бир жинссиз бўлиши мумкин. Бир жинсли товуш изоляцияси
конструкцияларига хусусий тебранма ҳаракати бир бутун бўлган конструкциялар киради. Кўп қатламли товуш изоляцияси конструкциялари, шу жумладан ҳаво қатламлилари ҳам, турли материаллардан ташкил топгани учун кўп жинсли ва товуш изоляцияси хусусияти ўзгача бўлади.
Акустик бир жинсли буюмларнинг товушни изоляциялаш хусусияти билан массаси орасидаги боғланиш ўнли логарифм чизиғи бўйича, яъни аввал тезликда, кейинчалик секинлик билан ўзгаради. Демак, бир жинсли буюмларнинг товуш изоляцияси хусусиятини ошириш учун унинг массасини кўпайтириш керак бўлади. Буюмнинг массасини оширмасдан товуш изоляцияси хусусиятини ошириш учун кўп қатламли структураларни ишлатиш мақсадга мувофиқдир.
Кўп қатламли, орасида ҳаво қатлами бўлган буюмлар самарали товуш изоляцияси материаллари саналади. Бу ҳолатда ҳавонинг динамик эластиклик модулининг (0,14 МПа) қаттиқ материалларга нисбатан жуда кичиклиги муҳим аҳамиятга эгадир. Масалан, бетонларнинг эластиклик модули 5000-30000 МПа.
Квартиралараро деворлар ҳамда сурилувчи қаватлараро плиталар туташган жой конструкцияси акустик бир жинссиз бўлади (12.6-расм).
12.6-расм. Ички девор ва қаватлараро плиталар туташган жойда товуш изоляцияси қистирма материаллари ва буюмларини ишлатиш схемаси
ички юк кўтарувчи девор панели; 2-қаватлараро панел; 3-полосали ѐки донали юкламали қистирмалар.
Акустик бир жинсли бўлмаган конструкцияларни монтаж қилишда орасида ҳаво қатлами қолдирилиши ѐки товуш изоляцияси қистирмалари ишлатиш мақсадга мувофиқдир. Бу ҳолда конструкциялар ўзаро бикр ҳолатда боғланмаслиги керак. Конструкциялар орасида 1 см қалинликда ҳаво қатлами бўлиши, 10 см қалинликдаги бетоннинг товуш изоляцияси
хусусияти кўрсаткичига эквивалент бўлади. Товуш изоляцияси қистирма материаллари доимо юклама остида ишлайди.
Полоса кўринишидаги қистирмалар яхлит қистирмаларга нисбатан юкни кўп кўтаради. Товуш изоляцияси қистирмалари доимо юклама остида ишлагани учун вақт давомида деформацияланиши ва изоляциялаш хусусияти пасайиши мумкин.
Товуш изоляцияси материаллари ва буюмлари қовушоқ-эластик хусусиятлари билан характерланади ва уларнинг динамик эластиклик модули (Ед) 15 МПа дан юқори бўлмаслиги талаб этилади.
Ғовак-толали товуш изоляцияси қистирма материаллари-юмшоқ минерал ва шиша пахталар, ярим бикр ва бикр буюмлар Ед кўрсаткичи 0,5 МПа гача, тушадиган рухсат этилган юклама эса 0,002 МПа. Ғовак-толали товуш изоляцияси материалларнининг ўртача зичлиги 75-175 кгм3.
Ғовак-губкали товуш изоляцияси қистирма материаллари ва буюмлари кўпикпластлар ва резиналар асосида бўлиши мақсадга мувофиқ бўлади. Уларнинг Ед кўрсаткичи 1-5 МПа.
Товуш изоляцияси буюмларнинг деформативлиги материал ичидаги ҳаво эластиклиги ва материал скелети эластиклиги йиғиндисига тенг. Улар қуйидагича деформацияланади: юмшоқ материаллар (М) нисбий сиқилиши 15% дан юқори, ярим бикр (ПЖ) материаллар нисбий сиқилиши 5-10%, бикрлариники (Ж)-5% гача, қаттиқлариники (Т) 0 гача.
Товуш изоляцияси материалларининг бикрлиги қистирма қалинлигига ва материалнинг динамик эластиклик модулига боғлиқ бўлади.
Баъзи товуш изоляцияси материалларининг асосий хоссалари ўртача зичлиги, динамик эластиклик модули, қисқа муддатли ва узоқ муддатли таъсир этувчи юклама таъсирида ҳосил бўладиган нисбий сиқилиш 12.2- жадвалда берилди.
Ҳозирги кунда цемент-пайрахали плиталар пўлат каркас ѐки металл профиллар ичига жойлаштирилган ҳолда (10 мм қалинликда) саноат биноларида товуш изоляцияси сифатида ишлатилмоқда.
Материал каркасида эластик толаларни хаотик жойлаштириб буюмларнинг товуш изоляцияси хусусиятини яхшилаш мумкин.
Материалларнинг ғоваклиги ва ғовакликнинг структураси бир хил даражада бўлса, физик-механик хоссалари турлича бўлишидан қатъи назар, акустик жиҳатдан эквивалент бўлади.
Товуш изоляцияси тасмали ва полосали қистирмалар узунлиги 1000- 3000 мм, эни 100, 150, 200 мм ва донали қистирмалар томонлари 100, 150, 200 мм ли листлар кўринишида ишлаб чиқарилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |