Кимёвий моддалар ва уларнинг инсон организмига таъсири
Кимё саноати мамлакатимиз халқ хўжалигида муҳим ўринни эгаллайди. Кимё саноатининг ривожланиши натижасида кимёвий маҳсулотларни хажми ҳам, турлари ҳам кўпайди. Буларга полимерлар, буёқлар, эритгичлар, маданий ўғитлар, заҳарли моддалар, ёнилғилар ва бошқалар мисол бўла олади.
Юқорида номлари кўрсатилган кимё саноати маҳсулотларини кўпчилиги инсон танаси учун хавфлидир. Булар ишлаб чиқариш жойларида пайдо бўлганда ишчиларга ҳам ички ва ҳам ташқи таъсир кўрсатадилар. Бундай кимёвий моддаларни хавфли кимёвий моддалар дейилади.
Ишлаб чиқариш жараёнида хавфли кимёвий моддалардан заҳарланиш ва касалланиш касбий заҳарланиш ёки касбий касалланиш дейилади.
Хавфли кимёвий моддалар саноат корхоналарида хом ашё сифатида, масалан, буёқлар ишлаб чиқаришда анилин, ёрдамчи материал сифатида, резина буюмлари ишлаб чиқаришда - бензин, газламаларни бўяшда - хлор қўлланилади.
Хавфли кимёвий моддалар асосан қаттиқ, суюқ ва газ ҳолда бўлади. Айрим ҳолларда эса булар чанг ва буғ ҳолда ҳам учраши мумкин.
Хавфли кимёвий моддалар танага нафас йўллари, тери ва овқат хазм қилиш йўллари орқали киради .
Заҳарли моддалар одам организмига, танасига ва айрим тўқималарига кўрсатадиган таъсирига кўра шартли равишда тўққиз гуруҳга бўлинади:
1. Асаб захарларига бензин, керосин, ёғ спиртлари, карбон водородлар, метанол, анилин, водород сульфиди, диоксан, аммиак, никотин, кофеин, тетраэтил қўрғошин, фосфорли органик бирикмалар ва бошқалар мисол бўлади. Улар асосан марказий асаб системасини шикастлайди.
2. Жигар захарларига таркибида хлор, бром, фтор, йод бўлган бирикмалар мисол бўлади. Улар жигар тўқимаси фаолиятининг бузилишига, жигарнинг қаттиқ ялиғланишига олиб келади.
3. Қон захарларига карбон ангидриди, амино-нитро брикмаларнинг ароматик қатори ва ҳосилалари, фенил гидразин, мишьяк, бензол, толуол, ксилол ва бошқалар мисол бўлади.
Улар қон таркибининг бузилишига, карбоксил ва метгемоглабин ҳосил бўлишига, тўқимада кислороднинг камайиб кетишига сабаб бўлиб, ҳатто ўлимга ҳам олиб келади.
4. Фермент заҳарларига кирувчи симоб, мишьяк, циан бирикмалари, фосфорли органик брикмалар (тиофос-метафос) танани биологик катализаторлари ҳисобланадиган ферментларнинг гуруҳлари билан боғланиб, улар фаолиятининг бузилишига, заҳарланишига олиб келади.
5. Қитиқловчи, куйдирувчи заҳарлар юқори ва қуйи нафас олиш йўлларини шикастлайди, касалланишга олиб келади. Бундай заҳарларга хлор, аммиак, азот оксиди, фенол, кислоталар, ишқорлар мисол бўлади.
6. Аллерген заҳарлари никель, бериллий бирикмалари, нитрохлорбензол, пиридин брикмалари, урсол ва бошқалар тананинг реакцион қобилиятини ўзгартиради, терининг ялиғланишига, нафас олиш йўлларининг торайишига ва бошқа касалликларга олиб келади.
7. Концероген заҳарлари ҳисобланган тошкўмир смоласи,амино ва изобрикмалар, хлорбензидин, қурум, қоракуя ва бошқалар танада шиш, рак касаллигини келтириб чиқаради.
8. Мутаген заҳарларга этиленимин, этилен оксиди, хлорли карбонводородлар, қўрғошин ва симоб бирикмалари мисол бўлиб, улар одам ва хайвонлар жинсий органларига қаттиқ таъсир этади.
9. Эмриотроп заҳарлар (толид амид ва бошқалар) одам ва ҳайвонларнинг туғилишига салбий таъсир этади. Наслини йўқ қилади.
Хавфли кимёвий моддаларнинг қандай таъсир этиши тананинг индивидуал хусусиятига ҳам қисман боғлиқдир. Масалан, хомиладор аёллар баъзи кимёвий моддаларнинг (қўрғошин, симоб, бензол ва бошқалар) таъсирига осонгина бериладилар. Болалар ва ўсмирларнинг ўсишда давом этган организмлари одатда ҳар хил заҳарли таъсирларга, шу жумладан заҳарланишга ҳам тез мойиллик кўрсатади.
Қатор ҳолларда санитария-техника ва гигиенага оид турли камчиликлар юз бериб туради, бу нарса заҳарланиш ва касб касалликларнинг юз беришига сабабчи бўлиб хизмат қилади. Буларнинг олдини олиш учун саноат биноларини қуриш, уларни жиҳозлаш, хом-ашё сифати, технологик жараёнлар, санитария-техника қурилмалари, санитария-маиший уй-бинолар, ишловчиларни якка ҳолда химоя қилиш, уларга тиббий хизмат кўрсатиш ва профилактик тадбирларни планли равишда амалга ошириш керак.
Хавфли моддаларнинг ўрнига зарарсиз моддаларни қўлланишига алоҳида эътибор бериш заҳарланишларнинг олдини олишда энг яхши усул ҳисобланади. Саноатда ишлатиш учун янгидан киритиладиган моддаларнинг заҳарлилик хусусиятларини олдиндан ўрганиш ва уларни стандартларга ажратиш заҳарланишнинг олдини олишда катта аҳамиятга эгадир. Бу нарса жуда заҳарли бўлган моддаларни хавфсиз равишда қўлланиш учун зарур бўлган шароитларни ишлаб чиқиш имконини беради.
Хавфли кимёвий моддаларни қўллаш ва ишлатиш билан боғлиқ бўлган корхоналардаги жуда заҳарли моддалар ажраладиган хоналар ишчилар ишлайдиган бошқа хоналардан алоҳида бўлиши керак. Бундай хоналарнинг деворлари, поллари хавфли кимёвий моддаларни ўзига сингдириб олмайдиган ва осонгина тозаланадиган материаллар билан қопланиши керак.
Агар технологик ва санитария техника тадбирлари ёрдами билан заҳарли моддалар ажралиб чиқишининг олдини тўлиқ олиш мумкин бўлмаса, у вақтда ишлаш зонасидаги заҳарли моддалар миқдорини, саломатлик учун зарар келтирмайдиган концентрациядан оширмаслик керак.
Ишчилар ишлайдиган хоналар ҳавоси таркибидаги зарарли моддаларнинг миқдорини, ҳавони тегишли анализ қилиш йўли билан систематик текшириб туриш керак.
Шунингдек, заҳарли моддалар солинган идишлар ҳам заҳарланишнинг манбаи бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай идишлар заҳарли моддаларга чидамли материаллардан тайёрланиши ва оғзи герметик ёпилиши лозим.
Заҳарланишдан ҳимоя қилиш мақсадида шахсий профилактик тадбирлар ўтказилади: махсус кийимлар ва турли шахсий химоя воситалари билан таъминлаш, ишчиларни хавфсизлик техникаси ва саноат санитарияси билан таништириш, олдиндан ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказиш, махсус овқатлар бериш ва бошқалар.
Ишчиларга йўриқномалар бериш (инструктаж ўтказиш) ишлаб чиқаришдаги умумий зарарли нарсалар билан таништиришни, ишнинг хавфсиз усулларини ўргатишни, санитария-техника қурилмалари ва шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланишни кўзда тутади.
Do'stlaringiz bilan baham: |