Меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат ва жамоатчилик назорати
Меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга ҳамма жойларда риоя этилиши устидан давлат назоратини бунга махсус ваколат берилган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган низом асосида ишловчи давлат идоралари амалга оширадилар.
Меҳнат муҳофазаси бўйича қонунлар ижросини назорат қилиш, тартибга солиш қуйидаги давлат органлари ваколати доирасида белгиланган:
1. Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги.
2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария эпидемиология маркази.
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси.
4. “Саноатгеоконтехназорат” Давлат инспекцияси.
5. Ўзбекистон Республикасининг Энергетика ва электрлаштириш Давлат акционерлик жамияти.
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги корхоналарда хавфсиз ишлаш, техника хавфсизлиги бўйича меъёрий қоидаларга, саноат санитарияси ва меҳнат гигиенасига ҳамда меҳнат қонунчилигига риоя қилиш масалаларини назорат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария эпидемиология маркази ҳаво, сув ва тупроқни ифлослантиришдан огоҳлантириш, шовқин ва титрашни йўқотиш, корхоналарда санитария ҳолати талаб даражасида бўлишни таъминлаш (ҳарорат, нисбий намлик, ёритилганлик ва ҳ.к.) ишларни назорат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ёнғинни олдини олиш прафилактикаси ва унга қарши тадбирларни, ўт ўчириш воситаларининг ҳолатини, ёнғин ҳақида хабар бериш воситаларининг ишини назорат қилади.
“Саноатгеоконтехназорат” Давлат инспекцияси буғ қозонларининг тўғри ишлашини, босим остида ишлайдиган идишларни, юк кўтариш техникалари (кўтарма кранлар, лифтлар), экскаваторлар, газ ускуналари, магистрал қувурлар ишини, корхоналардаги ионлаштирувчи манбалар холати, ионлаштирувчи манбалар ва портловчи моддаларни ишлатиш, сақлаш ва ташиш ишларини назорат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг энергетика ва электрлаштириш Давлат акционерлик жамияти корхоналардаги энергия тизимларининг техник эксплуатациясини ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилишни назорат қилади.
Барча вазирлик, ташкилот, корхона ва муассасаларда меҳнат муҳофазаси қонунлари бажарилишининг олий назорати Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги зиммасига юклатилган.
Меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлар томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўзлари сайлайдиган вакиллар амалга оширадилар.
Касаба уюшмалари ишлаб чиқариш воситаларни синаш ва фойдаланишга қабул қилиш давлат комиссиялари ишида, ишлаб чиқаришдаги касб касалликларини текширишда, тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК) мажлисларида иштирок этадилар, меҳнат муҳофаза қилишининг аҳволини, уни яхшилаш бўйича жамоа шартномаларида кўзда тутилган тадбирлар бажарилишини текширадилар ва уларнинг натижалари юзасидан аниқланган нуқсонларни бартараф этишга қаратилган бажарилиши шарт таклифлар киритадилар.
Хизмат вазифаларини бажариш чоғида майиб бўлиш ёки саломатликка бошқача тарзда путур етиши туфайли келтирилган зарар қопланиши учун ҳамда ходимларнинг саломатлиги ва меҳнати муҳофаза қилинишига бўлган ҳуқуқлари чекланган бошқа ҳолларда касаба уюшмалари ўз ташаббуси билан ёки ишловчиларнинг аризаларига биноан уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб даъво аризалари билан судга мурожаат этишлари мумкин.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича стандартлар, қоидалар ва меъёрларнинг Ўзбекистон Республикасида белгиланган талабларига номувофиқ ишлаб чиқариш воситаларини, якка тартибдаги ва жамоани ҳимоялаш воситаларини, шу жумладан хориждан сотиб олинганларини сотиш ва тарғиб қилиш ғайриқонуний ҳисобланади. Бундай фаолият натижасида корхона олган фойда белгиланган тартибда давлат хисобига мусодара қилиниши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |