Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларини фавқулодда вазиятларни бартараф этишга жалб қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида (2010 йил 5 январь, 2-сонли). Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларини фавқулодда вазиятларни бартараф этишга жалб қилиш тартиби тўғрисидаги Низом «Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16-моддасига мувофиқ фавқулодда вазиятларни бартараф этишда қутқарув ишларини амалга оширишга қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларини жалб этиш соҳасида ҳуқуқий тартибга солишни белгилайди.
Давлат стандартлари:
1. “Фавқулодда вазиятларда хавфсизлик. Асосий тушунчаларнинг атамалари ва таърифлари” (O’z Dst 981:2000).
2. “Фавқулодда вазиятларда хавфсизлик. Табиий фавқулодда вазиятлар” (O’z Dst 982:2000).
3. “Фавқулодда вазиятларда хавфсизлик. Техноген фавқулодда вазиятлар. Атамалар ва таърифлар” (O’z Dst 1014:2002).
4. “Фавқулодда вазиятларда хавфсизлик. Фавқулодда вазиятлар мониторинги ва прогнозлаш. Атамалар ва таърифлар” (O’z Dst 1015:2002).
5. “Фавқулодда вазиятларда хавфсизлик. Фавқулодда вазиятлар мониторинги ва прогнозлаш. Асосий қоидалар” (O’z Dst 1016:2002).
6. “Фавқулодда вазиятларда хавфсизлик. Техноген фавқулодда вазиятлар манбалари. Шикастловчи омиллар ва улар кўрсаткичларининг таснифи ва номенклатураси” (O’z Dst 1017:2002).
7. “Фавқулодда вазиятларда хавфсизлик. Табиий фавқулодда вазиятлар манбалари. Шикастловчи омиллар. Шикастловчи таъсир кўрсаткичларининг номенклатураси” (O’z Dst 1018:2002).
Юқорида кўрсатиб ўтилганидек, 2011 йил 24 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» 242-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 23 декабрда қабул қилинган 558-сонли «Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими тўғрисида» қарори бекор қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими (ФВДТ) бошқарув органлари, республика ва маҳаллий ҳокимият органларини, аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этиш ваколатига эга корхоналар ва муассасаларнинг куч ва воситаларини бирлаштиради ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасидаги тадбирларни амалга ошириш, улар юзага келганда аҳоли хавфсизлигини, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда тинчлик ва ҳарбий даврда давлат иқтисодиётига зарарни камайтиришни таъминлашга мўлжалланган.
ФВДТ ҳудудий (14) ва функционал қуйи тизимлардан иборат бўлади ҳамда таркибида ахборот бошқарув тузилмаси фаолият кўрсатадиган республика, маҳаллий ва объектлар миқёсидаги уч даражага эга бўлади.
Ҳудудий қуйи тизимлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тузилади ва тегишли равишда туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар миқёсидаги бўғинлардан иборат бўлади. Уларнинг асосий вазифаси ўз маъмурий ҳудудлари доирасида аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишдан иборат.
Функционал қуйи тизимлар вазирликлар, давлат қўмиталари, корпорациялар, концернлар, уюшмалар ва компанияларда тузилади. Функционал қуйи тизимларнинг асосий вазифаси атроф табиий муҳит ва кучли хавфли объектлар ҳолатини кузатиш ва назорат қилишни амалга ошириш, шунингдек идорага қарашли объектларда уларнинг ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва улар оқибатларини бартараф этишдан иборат.
Битта идора бир ёки бир неча қуйи тизимга эга бўлиши, ёки умуман қуйи тизим ташкил этмаслиги, ёки бир неча вазирлик ва идоралар битта қуйи тизим ташкил этишлари мумкин. Ушбу масала ФВДТ тўғрисидаги Низомнинг
3-иловасида (ЎзР вазирликлари ва идораларининг аҳолини ва ҳудудлари ФВлардан муҳофаза қилиш бўйича функциялари) баён этилган.
Ахборот-бошқарув тузилмаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг фавқулодда вазиятларда бошқарув маркази, ФВДТ ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг ахборот-таҳлил марказлари, атроф табиий муҳит ва кучли хавфли объектлар ҳолатини кузатиш ва назорат қилиш органларининг ахборот марказлари, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш кучлари ва воситаларини бошқаришнинг ҳаракатланувчи пунктлари, алоқа ва ахборот узатиш воситалари, шу жумладан бошқариш ва ахборот билан таъминлашнинг автоматлаштирилган тизимини ўз ичига олади.
ФВДТнинг асосий вазифалари, ташкилий тузилиши ва ишлаш тартиби қуйидаги ҳужжатлар билан белгилаб берилган:
ФВДТ тўғрисидаги Низом (ЎР Вазирлар Маҳкамасининг 24.08.2011 йилдаги 242-сонли қарорига 1-илова).
Қуйи тизимлар тўғрисидаги Низомлар (ҳар бир қуйи тизим ўзининг Низомини табиий-иқлимий, геофизик, иқтисодий, функционал ва бошқа шароитларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқади). Ушбу Низомлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари, вазирлар, давлат қўмиталари раислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |