АФРОСИЁБ ДЕВОРИЙ РАСМЛАРИ — Афросиёбда археологик қазилмалар натижасида топилган маҳобатли рангтасвирнинг ноёб намуналари. Дастлабки намуналари археолог В. Вяткин томонидан очилган (1913). Кейинги қазишлар даври (1965—68)да ўзбек археологлари 30 га яқин сарой хонасини очишга муваффақ бўлганлар, бу хоналарнинг кўплари деворий расмлар, нақшлар билан безатилган. Шулардан катта (11x11 м) ва кичик (7x7 м) хоналардаги расмлар бирмунча яхши сақланган. Хоналардан бирида эркак ва аёл арк олдида ўтирган ҳолда тасвирланган. Катта хона деворларига ишланган расмлар деталларга бойлиги, сақланиб қолган суғд ёзувлари билан аҳамиятли. Хона деворларига ишланган расмларда тўй маросими, Суғд ҳукмдорининг хорижий давлатларнинг элчиларини қабул қилиши, бу элчиларнинг йўлдаги саргузаштлари, йиртқич ҳайвонлар билан олишув, ов манзаралари, афсонавий маҳлуқлар тасвирланган. Сақланиб қолган расмлар таҳлили ўрта аср маҳобатли тасвирий санъатининг ғоявий бадиий йўналиши, рассомнинг иш усуллари ва воситалари ҳақида, тафсилотларга бой маиший саҳналар, этник кўринишлар ўша давр ҳақида фикр юритиш имконини беради. Рассом деворни 3 қисмга бўлиб, 2 четки қисмидан энсиз нақш ҳошияси ажратиб олган, асосий қисмга мавзули тасвир ишлаган, воқеаларни юқоридан кузатаётгандай акс эттирган. Ад.р. ягона бир мазмунга бўйсундирилган: марказда суғд ҳукмдори Вархумон туради, анъаналарга кўра рассом уни бошқаларга нисбатан йирик кўринишда (бутун девор баландлигида, 5—6 м) тасвирлаб, ҳукмдорнинг буюклигини эътироф этади, унга абадийлик, қаҳрамонлик бахш этади. А.д.р. Ўрта Осиёда араблар истилосига қадар маҳобатли рангтасвирнинг ривожланганлигини, Самарқанд унинг маркази бўлганлигини кўрсатади. Ад.: Пугаченкова Г. А., Ремпель Л. И., Очерки искусства Средней Азии, М., 1982.
АФРОСИЁБ КУЛОЛЛИГИ - Афросиёбда олиб борилган археологик қазилмалар натижасида топилган қадимги ўзбек халқ амалий санъати намуналари. 9— 13-асрларда Афросиёб кулоллари томонидан ишланган бежирим, нафис сирли идишлар Ислом дунёсида кенг тарқалган. Бу идишлар ўзининг моҳирона ишланганлиги, нақшларининг аниқ ва мазмундорлиги билан ажралиб туради. Афросиёб кулоллари дастлаб араблар истилоси (8-а.) гача бўлган санъат анъаналарига асосланиб, 9—10-асрларда кенг тарқалган фалсафий ғояларни турли рамзлар, араб алифбосида ёзилган эзгу ниятлар, халқ мақоллари, шунингдек кабутар, хўроз, бургут, от, йўлбарс, шер тасвирлари, ов манзараси ҳамда ислимий гуллар ва гириқлар билан ўз асарларида мужассам этганлар. Безакда асосий ўрин тутган куфий ёзувлар, айниқса чузиб ёзилган ҳарфлар билан тик ёзилган «Алиф» ва «Лом»нинг уйгунлиги нақшнинг таъсирчанлигини оширган. Кейинги даврлар (11—13-алар) да А.к. даги безаклар ўрнини умумлаштирилган қушлар тасвири, мазмундор араб сўзлари, мураккаб гуллар, нақшлар олади. Бундам безаклар идишларнинг куркамлигини бурттириб кўрсатади. Бу услуб бизнинг давримизгача етиб келган. А.к.даги безаклар буюм шаклига мослиги, рангларининг ёрқинлиги ва нафислиги билан киши диққатини ўзига жалб этади. Ад.: Пугаченкова Г. А., Ремпель Л. И., Очерки искусства Средней Азии, М., 1982.
Do'stlaringiz bilan baham: |