АФРОСИЁБ — Самарқанднинг қадимги харобаси. Бу ном тарихий манбаларда қадимги Самарқандга нисбатан фақат 17-асрдан бошлаб учрайди. Қадимги Самарқанд суғд манбаларида Smarakanve деб аталган. Мил. ав. 4- асрда Самарқанд Александр Макдуний қўшинлари томонидан истило этилгач, юнон муаллифлари кундаликларида Мароканда сифатида эслатилади. Мароканда Smarakanve нинг юнонча таржимаси. Мовароуннаҳрда сомонийлар ҳокимият тепасига келгач, қадимги Smarakanve 9-асрдан бошлаб Самарқанд деб атала бошланди. 11—15-асрларда туркий тилда битилган адабиётларда Самарқанд Семизкент сифатида учрайди. 15-асрдан форсий ва туркий тиллардаги манбаларда бир хилда Самарқанд номи ишлатиладиган бўлди. Афросиёб ҳозирги Самарқанднинг шимолий чегарасига туташган кенг бўш тепаликлар бўлиб, унинг майдони 219 га Тепаликнинг шимолий Сиёб ариғи билан чегараланган. Жанубий томондан «эски шаҳар» деб аталган Самарқандга қўшилиб кетган. Шаҳарнинг дастлабки тарихи ҳақида ёзма манбаларда маълумотлар жуда кам учрайди. Кўҳна шаҳарда ўтказилган археологик қазишлар эса бундай маълумотларни кўпроқ бермоқда. Археологик қазишмалар бир неча метр қалинликдаги маданий қатламлар кандай бўлганлигини кўришга, бойлар ва камбағалларнинг уйларини, ҳунармандларнинг устахоналарини, савдогарларнинг дўконларини, кўча ва майдонларни, шоҳона саройлар ва ибодатхона, масжид ва мадрасаларни, мудофаа иншоотларини, шаҳарнинг сув билан таъминлаш тизими ва ҳ.к.ни аниқлашга ёрдам беради. Афросиёб ва унинг топилмаларига қизиқиш 1868 йилда Чор Россияси томонидан Самарқанд босиб олингандан кейин бошланди. Афросиёбда дастлабки казиш ишлари билан майор Борзенков (1874), подполковник В. В. Крестовский (1883), шарқшунос олимлар Н. И. Веселовский (1884-85, 1895), В. В. Бартольд (1904) ва В. Л. Вяткин(1905; 1912—13)лар шуғулланишди. 1919 йилда М. Е. Массон, В. Л. Вяткин тадқиқот бошлаган жойларда қазиш ишларини давом эттириб, сомонийлар саройи (9-а.) харобаларини очди. 1925, 1929—30 йилларда В. Л. Вяткин Афросиёбда казиш ишларини давом эттиради ва унинг турли даврдаги тарихига оид кўплаб материаллар тўплайди. Аммо 1930 йилларга кадар Афросиёбда олиб борилган археологик қазишмалар қадимги Самарқанд тарихига доир жуда кам материаллар берган. Урушдан кейин Ўзбекистон ФАнинг Тарих ва археология институти олимларидан А. И. Тереножкин томонидан Афросиёбда жиддий дала тадкиқотлари ўтказилди. Натижада унинг энг пастки катламидан мил. ав. 6—5-асрларга тааллуқли буюмлар, уй-жой харобалари топилди. В. А. Шишкин (1958—66) ва Я. Ғ. Ғуломов (1967—70)лар раҳбарлигида олиб борилган кенг кўламли археологик казишлар натижасида қадимги маданий қатлам материаллари Афросиёбнинг бошқа жойларидан ҳам топилди. 1966 й. 13 июлда Афросиёбни археологик жиҳатдан комплекс ўрганишни ташкил этиш мақсадида Республика ҳукуматининг махсус қарори қабул қилинди. Унга кўра, Афросиёб «археологик қўриқхона» деб эълон килиниб, уни ўрганиш ишига Тошкент ва Самарқанд давлат университетлари ҳамда Маданият вазирлигининг Санъатшунослик институти ҳам сафарбар этилди. Аниқ илмий режалар асосида бошланган археологик тадқиқотлар туфайли нафақат шаҳарнинг кўп асрлик ёши, балки унинг ҳар хил даврлардаги тарихий топографияси, шаҳар таркиби, шаҳар ҳаётининг ривожланиш босқичлари, босқинлар туфайли юз берган буҳронлар даври аниқланди. Самарқанд ихшидларининг шоҳона саройи очилди. Афросиёбда топилган археологик материаллар Самарқанд мил. ав. 8—5-асрларда Суғдиёнанинг марказий шаҳри сифатида вужудга келганлигини кўрсатади. Мил. ав. 329 йилда шаҳар Александр Макдуний қўшинлари томонидан вайрон этилган, унинг излари ҳозиргача шаҳар мудофаа иншоотларида яхши сақланган. Мил. ав. 3— 1-асрларда, Кушонлар салтанати даврида шаҳар ҳаётида юксалишлар юз берган. Мил. ав. 3- асрларда шаҳар қўшалоқ мудофаа девори билан ўраб олинган. У даврларнинг қалин маданий қатлами Афросиёбнинг шимолида, унинг арки аълоси жойлашган қисмида яхши сақланган. Археологик материаллар ва ёзма манбаларда таъкидланишича, бу замонда Самарқанд орқали Буюк ипак йўли ўтган, ички ва ташқи савдо, ҳунармандчилик ривож топган. Илк ўрта асрларда Самарқанд Суғдиёнанииг бош шаҳри сифатида нуфузли мавқега эга бўлиб, шаҳар ижтимоий ва иқтисодий хаётида туб ўзгаришлар юз берди. Бадавлат деҳқон хўжаликлари кучайди, худди шу кезларда уларнинг қасрлари жойлашган Афросиёбнинг шимолий қисми мудофаа девори билан ўраб олинди. Бу ҳолат Мовароуннаҳр ва унга қўшни вилоятларда ҳам юз берди. Бу даврда Самарқанд ҳукмдорлари «ихшид», Бухоро ҳукмдорлари эса «бухорхудот» деб аталган. 712 йилда араблар фотиҳи Кутайба ибн Муслим қўшин тортиб келганда, Самарқанднинг мудофаа деворлари мустаҳкам бўлиб, атрофида сув тўла хандақ бор эди. Қутайба Самарқандга Фарғона, Шош ва турклардан ёрдамга келган лашкарларни енггач, кўмаксиз қолган Суғд ҳокими Ғурак ноилож у билан сулҳ тузди, шаҳарнинг ички қисми (шаҳристон)ни арабларга бўшатиб беришга мажбур бўлди. Археологик топилмалар исломга зид бўлган ҳайкал ва деворий расмларнинг атайлаб қилич билан чопилганини исботлайди. 9-асрнинг иккинчи чорагидан Мовароуннаҳрда ҳокимият сомонийлар қўлига ўтди. Бухоро уларнинг марказига айланди. Шу даврда Самарқанд иқгисодий ва маданий жиҳатдан тез ривожланди. Афросиёбда сомонийлар даврида ўймакор ганч нақшлар билан безатилган саройлар, бадавлат деҳқон хонадонлари, масжид ва мадрасалар, ҳаммом ва канализациялар, тош кўчалар топилмоқда. Шаҳарни сув билан таъминлаш оғирлигидан аҳолининг эҳтиёжини қондириш учун шаҳар ҳаётининг дастлабки йилларидаёқ Дарғом томонидан канал қазиб, сув келтирилган. Ана шу канал излари ҳозирги шаҳар хиёбонининг Жанубийда, Алишер Навоий ҳайкали қад кўтариб турган масканда очиб ўрганилди. Бу канал Регистон майдони орқали Ҳазрати Хизр масжиди томон йўл олган. Тарихий манбаларга кўра Афросиёбга Жанубий дан кираверишда шаҳар хандақи устига пишиқ ғиштлардан равоқни сувайирғич қурилиб, унинг тепасидан катта ариқ ўтказилган. Бу ариқни «Жуйи ар-зиз» («Қўрғошин ариқ») деб атаганлар. Ариқ шу ерда учга бўлинган ва шаҳар оралаб Сиёб ариғи бўйига борган. 10-асрнинг охирида Мовароуннаҳрда ҳокимият қорахонийлар қўлига ўтганида ҳам Самарқандда савдо, хунармандчилик, шаҳар ободончилик ишлари давом этади. Шахарнинг ҳунармандчилик қиёфаси кучайиб, зодагон деҳқон қасрлари энди шаҳар ташқарисида, уларнинг дала ҳовлиларида марказлашади. 1220 й.да Чингизхон қўшинлари «Жуйи арзиз» тўғонини бузиб, шаҳарни сувсиз қолдирди. Шаҳар мудофаачилари тенгсиз жангда таслим бўлдилар. Босқинчилар шаҳарнинг девор ва дарвозаларини вайрон қилиб сарой, масжид ва мадрасаларга, аҳоли хонадонларига ўт қўйдилар. Аҳолининг катта қисми жангда қиридди, ҳунармандлар Мўғулистонга ҳайдаб кетилди. Шаҳарни сўнгги мудофаачилари Жоме масжидига яшириниб, қаршиликни давом эттирдилар. Уларнинг оловда ёнган таналари жанг кийимида бизгача етиб келиб, археологик қазиш вақтида топилди. «Қўрғошин ариқ» кайта тикланмади. А.да сувсиз қолган аҳоли Сиёбдан чархпалақда сув чиқариб, кун кўрган, сўнг аҳоли бора-бора А.ни бутунлай ташлаб кетган. Кимсасиз харобага айланган қадимги Самарқанд авваллари «Ҳисори кўҳна», «Қалъаи Ҳисор» аталиб, 17-асрдан бошлаб аҳоли орасида «Қалъаи Афросиёб» ёки «Афросиёб» деб атала бошланган. Афросиёбда қазишма ишлари айниқса Самарқандда Ўзбекистон ФА Археология институти ташкил топгач, кенг кўламда кучайди. Я. Ғ. Ғуломовдан сўнг Афросиёбдаги археологик қазишмаларга Г. В. Шишкина, Ш. Тошхўжаевлар раҳбарлик қилди. Кейинги йилларда (1989 йилдан) Афросиёбни археологик жиҳатдан тадқиқ этиш ишига француз археологлари — Поль Бернар, Франц Гренэ ва б. жалб этилган. Француз археологик миссияси Ўзбекистон археологлари билан (М. Исомиддинов ва б.) ҳамкорлиқда Афросиёбни ўрганишда қатнашмоқда. Ўзбек ва француз олимларининг ҳамкорлиқда олиб борган тадқиқот натижалари қадимги Самарқанд тарихига оид қатор масалаларга аниқлик киритди, яъни мил. ав. 6—5-асрларга тааллуқли шаҳар мудофаа деворлари остидан гувалакдан қурилган янада қадимги девор қолдиқлари очилиб, Самарқанднинг ёши мил. ав. 8-аср ўрталарига оид эканлиги исботланди; шаҳарнинг арки аъло қисмидан мил. 8-асрга оид мурабба (70x70) шаклидаги Самарқанд ихшидларининг маҳобатли саройи қолдиқлари очилди. Афросиёбда археологик тадқиқот ишлари давом этмоқда. Ад.: Вяткин В. Л., Городище былого Самарқанда, Самарқанд, 1926; Шишкин В. А., Афросиёб — қадимий маданият хазинаси, Т., 1966; Афрасияб, Сборник, вып. 1, Т., 1969; Бернар П., Гренэ Ф., Исомиддинов М., Основные результаты раскопок узбекско-французской экспедиции 1990-1992 гг., ОНУ, № 3-4, 1994; Исомиддинов М., О дате основания Самарканда, ОНУ, № 5, 1997. Аҳмадали Асқаров.
Do'stlaringiz bilan baham: |