САМАРҚАНД: КЎНГИЛЛАР ОБОДЛИГИ ЙЎЛИДА
Кексалар кўнглига йўл эъзоз ва эътибор, меҳр-мурувват, саховат ва ғамхўрликдан бошланади. Шу боис халқимиз ҳамиша ёши улуғ инсонларга нисбатан оқибатли бўлишга катта аҳамият қаратади, улар ҳолидан хабар олишни канда қилмайди. Бу чин инсоний фазилатларнинг қон-қонимизга сингиб, азалий қадриятларимиздан бирига айланиб кетганининг боиси ҳам шунда. Жумладан, айни кунларда юртимизда кег қулоч ёйган “Меҳр-мурувват ойлиги” давомида нуроний отахон-онахонлар ҳолидан хабар олиш ва уларга иззат-икром кўрсатиш, беминнат кўмак беришга қаратилган турли тадбирлар, имконияти чекланган инсонларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадидаги чоралар уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда.
Бу борада Самарқанд вилоятида ҳам ибратга молик қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Аввало шуни таъкидлаш керакки, вилоятимизда бугунги кунда жами 9 580 нафар ногиронлиги бўлган кексалар истиқомат қилмоқда. Улардан 3 882 нафари биринчи гуруҳ ногиронлари бўлса, 210 нафари “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида яшаётган кексалар, 901 нафари уйида ёлғиз ётиб қолган ва 1 823 нафари якка-ёлғиз шахслар ҳисобланади. Ойлик давомида ҳозиргача 2 903 нафар ёши улуғ инсоннинг ҳолидан хабар олинган бўлса, уларнинг 1735 нафари ардоқдаги онахонлардир. Нуронийларга меҳр-мурувват кўрсатиш борасидаги ишлар кенг қамровли ташкил этилган бўлиб, бу борада ногиронлиги бўлган кексаларнинг саломатликларига алоҳида эътибор қаратиш мақсадида уларнинг 1 080 нафари дори-дармон воситалари билан таъминланди. Бундан ташқари, 488 нафар кексага озиқ-овқат маҳсулотлари етказилиб, 202 нафарига моддий ёрдам берилди.
Қарияларнинг мушкулини осон қилиш, уларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида эса 1 044 нафар кекса инсон хонадонида ҳашар ўтказилиб, 16 нафарининг уйи таъмирлаб берилди.
“Меҳр-мурувват ойлиги” доирасида турли маърифий-маданий тадбирларни ўтказишга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, шу кунга қадар вилоятимиздаги барча шаҳар ва туманлар бўйлаб жами 55 та турли тадбир ташкил этилди. “Саховат” ва “Мурувват” уйларида эса 8 та учрашув уюштирилди.
Жорий йилнинг 4 декабрь куни Самарқанд вилояти кўзи ожизлар кутубхонасининг Каттақўрғон тумани филиали очилиши ойликка муносиб туҳфа бўлди. Куни-кеча эса Оқдарё тумани тиббий ижтимоий хизматлар шўъбаси бўлими томонидан ногиронлиги бўлган фуқароларга эҳтиёжига қараб ҳасса, қўлтиқ таёқ ҳамда аравачалар тарқатилди. Бундан ташқари, ойлик давомида нуронийлар учун турли кўнгилочар саёҳатлар уюштирилмоқда.
Олдинда яна режалаштирган хайрли ишларимиз кўп. Зеро, нуронийлар учун амалга ошираётган ҳар бир ташаббус, лойиҳаларимизнинг асоси, таг замири уларга ғамхўрлик, меҳр-мурувват, хайр-саховат кўрсатишдан иборат.
Саидаҳмад УСМОНОВ,
Самарқанд вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси
Do'stlaringiz bilan baham: |