2. Молиявий рентабеллилик таҳлили
Молиявий рентабеллилик таҳлилининг мақсади лойиҳанинг ҳаёт даври давомида инвестициялардан келадиган самарани баҳолашдан иборат. Бу таҳлилни баъзида лойиҳанинг молиявий мақсадга мувофиқлиги таҳлили деб ҳам юритилади. Бу таҳлилни ўтказишнинг услубий асослари иккинчи ва учинчи мавзуларда кўриб чиқилган. Шу асосга таянилган ҳолда рентабеллилик кўрсаткичлари ҳисоблаб чиқилади.
Бу таҳлил лойиҳадаги пул тушумлари ва чиқимлари оқимига асосланган ҳолда ўтказилади. Бунда эътибор лойиҳани амалга оширувчи ташкилотларга (уларнинг молиявий ҳолатига) эмас, балки лойиҳанинг ўзига қаратилади. Молиявий рентабеллилик таҳлили товарлар ва хизматлар савдосини амалга оширувчи лойиҳалар учун ўта муҳим, лекин коммунал хизмат кўрсатувчи ва давлатдан қисман дотация олиб ишловчи ташкилотлар учун унча ҳам муҳим эмас.
Харажатларни қоплаш таҳлили рентабеллилик таҳлилининг деярли худди ўзи бўлиб, давлат харажатлари фойдаланувчилар тўловлари ва солиқлар ҳисобига қопланадиган лойиҳалар учун қўлланилади.
Молиявий рентабеллилик таҳлилида харажатлар ва даромадлар қўйилган мақсаддан келиб чиқиб аниқланади. Харажатларни фирма ёки ижрочи ташкилотнинг фойдасини камайтирувчи молиявий оқимлар ташкил этса, даромадларни фойда ёки даромадни кўпайтирувчи молиявий оқимлар ташкил этади.
Харажатлар ва даромадлар оқимларини лойиҳалаштириш учун ишлаб чиқариш фаолиятининг техник даражасини белгилаб олиш, инвестициялардан кўзда тутилган техник ресурсларнинг лойиҳага кириш ва чиқишдаги оқимини, лойиҳаларнинг бозор ва маъмурий ўрнатиладиган баҳоларда ҳисобланган натижаларини аниқлаб олиш талаб этилади.
Тушумлар оқими маҳсулот сотиш (хизмат кўрсатиш) ҳажмини уларнинг харид баҳоларига, харажатлар оқими эса ишлаб
163
чиқаришда фойдаланилган моддий ресурслар ва хизматлар миқдорини уларни сотиб олиш баҳосига кўпайтириб топилади. Бундай баҳолаш лойиҳанинг бутун яшаш даврига, ҳар бир йил учун ўтказилади.
Лойиҳа учун зарур ресурслар ва ундан кутилаётган натижаларни баҳолашда биринчидан, ички ва ташқи бозорда яқинда бўлиб ўтган битимларда кўлланилган амалдаги баҳолар асосида реал бозор баҳоларини; иккинчидан, келгусидаги баҳоларни прогноз қилиш лозим.
Одатда, иқтисодий ва молиявий таҳлилни ўтказишда инфляция таъсиридан тозаланган доимий баҳолар, шунингдек, инфляция таъсиридан тозаланган дисконт коэффициенти қўлланилади.
Лойиҳа бўйича ишлаб чиқарилган товар (кўрсатилган хизмат)лар учун тушган барча тўловлар, дебиторлик қарзлари, субсидиялар ва бошқа даромадлар (ижара ҳақи ва бошқалар) лойиҳа бўйича тушумларга киритилади ва унинг умумий самарасини кўрсатади.
Харажатлар ўз ичига эксплуатация ва капитал харажатларини олади. Эксплуатация харажатларига иш ҳақи, материал, ёқилғи харажатлари, ижара ҳақи тўловлари, коммунал тўловлар, умумий ва маъмурий харажатлар, солиқлар, жорий таъмирлаш харажатлари, ҳали тўланмаган, аммо ҳисобга олинган кредиторлик қарзлари ва бошқалар киради. Капитал харажатларга эса инвестициялар, лойиҳа фондларини алиштириш, модернизация қилиш ва капитал таъмирлаш харажатлари киради.
Пул оқимлари баҳолаб бўлингандан сўнг рентабеллилик кўрсаткичлари калькуляция қилинади, лойиҳалаштирилаётган тушумлар ва харажатлар дисконтланади ва иловада келтирилган кўрсаткичлар ҳисобланади. Молиявий эҳтиёжни таҳлил қилишда лойиҳани амалга оширишга кетадиган айланма маблағлар алоҳида валютада ҳамда сўмда ҳисобланади. Ўзбекистон шароитида айланма маблағларни валютада шакллантириш айниқса катта амалий аҳамиятга эга. Агар лойиҳада айланма маблағлар валютада тўғри режалаштирилмаса, лойиҳа муаммога дуч келади. Мисол учун, лойиҳа маҳсулотининг ингредиентлари импорт қилинса, уни сотиб олиш учун валюта кўринишидаги айланма маблағлар етарли бўлиши керак. Шунда маҳсулот ингредиентларни сотиб олишда муаммога дуч келинмайди. Баъзи лойиҳаларда айланма маблағлар сўмда етарли бўлса-да, валютада етарли бўлмагани учун корхоналар
164
ингредиентларни импорт қила олмайди. Натижада ишлаб чиқариш тўхтаб қолади.
Do'stlaringiz bilan baham: |