Биринчи. «Сайловолди ташвиқоти» тушунчасини акс эттирган қуйидаги янги дефинитив меъёр сайлов қонунчилигида мустаҳкамланди: «сайловолди ташвиқоти – сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни депутатликка номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият».
Ушбу қоиданинг қонунчиликка киритилиши биринчидан, сайловолди ташвиқотининг мазмун-моҳиятидан аҳолини хабардор этса, иккинчидан, сайловолди ташвиқотининг ўзига хослиги, объекти ва субъекти, амалга ошириш тартиби ҳақида ҳам аниқ маълумот беради.
Сайловолди ташвиқоти номзодлар ва сиёсий партиялар учун ўз имкониятларини намоён қилиш йўлидаги ўзига хос муҳим сиёсий жараён ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва сайлов қонунчилигининг асосий вазифаси сиёсий курашнинг адолатли, холисона, очиқ ва ошкора олиб борилиши учун барча номзодларга тенг имконият ва кафолатларни яратиш орқали сиёсий плюрализм, яъни фикрлар эркинлиги ва хилма-хиллиги асосидаги соғлом рақобатни таъминлашдан иборатдир. Шундан келиб чиққан ҳолда сайловолди ташвиқоти тушунчасининг аниқ таърифини ишлаб чиқилиши ва уни қонун ҳужжатларида мустаҳкамланиши мазкур жараёндаги турли баҳсли масалаларнинг олдини олиш ва тушунмовчиликларни бартараф этиш ҳамда сайловларни демократик андозаларга мос ҳолда амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.
Хорижий мамлакатларнинг бу борадаги тажрибасига эътибор қаратсак, Испания, Канада, Мексика каби мамлакатлар қонунчилигида сайловолди ташвиқотига аниқ таъриф берилган. АҚШ34, Япония35, Франция36, Польша37, Белоруссия38ва Хиндистон39 каби мамлакатлар сайлов қонунчилигида ҳам сайловолди ташвиқотининг бошланиши ва якунланиши билан боғлиқ қоидалар мавжуд бўлса-да, айнан сайловолди ташвиқотининг ягона таърифи мавжуд эмас.
Иккинчидан, янги қонунга асосан,сайловолди ташвиқотини амалга ошириш муддатлари ўзгарди. Аввал бу жараён фақатгина сайлов куни амалга оширилиши тақиқланган бўлса, янги ўзгартиришларга мувофиқ овоз бериш кунига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотини амалга ошириш мумкин эмаслиги қонунда акс эттирилди.
Бундан кўзланган асосий мақсад сайловчиларга ўз қарашларини, сиёсий хайрихоҳлигини аниқлаб олиш, бошқача айтганда, уларнинг ким учун ва қандай сиёсий дастур учун овоз бериш масаласида онгли равишда аниқ бир қарорга келиши учун қўшимча вақт берилишига имкон яратиш, ҳамда овоз бериш арафасида турли суиистеъмоллик ҳолатлари ва қонун бузилишларининг олдини олиш имконини беради. Мазкур ўзгартишнинг киритилиши участка сайлов комиссияларининг сайловларга тайёр бўлиши учун ҳамда сайловларни қонунга мос ҳолда ўтказишлари учун шароит яратади.
Ушбу масалага оид хорижий тажрибага эътибор қаратсак, Япония ва Белоруссия қонунчилигига кўра, «сайловолди ташвиқотини амалга ошириш сайлов куни тақиқланади»40. Канадада «сайловолди ташвиқоти овоз беришга икки кун қолганда якунланади»41. Ҳиндистон сайлов қонунчилигида ҳам шунга ўхшаш қоидани учратиш мумкин, унга асосан, «сайловолди ташвиқоти овоз бериш кунига 48 соат вақт қолганда тўхтатилади»42. Россия Федерацияси ва Молдова мамлакатлари қонунчилигига асосан, «сайловолди ташвиқоти овоз бериш кунидан бир кун олдин ва овоз бериш куни тақиқланади»43. Франция, Польша ва Озарбайжон давлатлари қонунчилигида «овоз беришга бир сутка вақт қолганда сайловолди ташвиқотини амалга ошириш тақиқланади» деган қоидалар мавжуд. Умуман ривожланган мамлакатлар тажрибасида кенг қўлланиладиган овоз бериш кунидан олдинги «сукунат» вақтини қонунда аниқ акс эттирилиши сайловларнинг холис ва адолатли ўтишига хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |