Автоклав (юқори босимли буғ қозони)да қотириш усули билан тайёрланган сунъий зич силикат ашёлар қаторига силикат ғишт, қувурлар, йирик силикат блоклари ва бошқа буюмлар киради. Силикат плиталар ва ғишт олишда боғловчи ашё сифатида майдалаб туйилган, сўндирилмаган ёки сўндирилган оҳак, минерал тўлдиргич сифатида саноат чиқиндилари (кул, тошқол ва бошқ.) ҳам ишлатилади. Силикат буюмларни олишда тайёр қоришмага пигментлар қўшиб турли рангдаги буюмлар олиш мумкин. Силикат плита ва ғиштлар тўла ҳажмли, кўп тешикли ёки қалинлигининг ярмигача ҳар хил ўйиқлардан иборат бўлган шаклларда чиқарилади. Боғловчи оҳак миқцори қоришмадаги тўлдиргичларнинг турига боғлиқ. Масалан, қум билан оҳак миқдори 8—10 %, донадор домна тошқоли 2—3 % олинади. Агар таркибида оҳак миқдори кўп бўлган сланец кули ёки торф кулидан силикат буюмлар тайёрланадиган бўлса, у ҳолда қоришмага ҳеч қандай боғловчи қўшилмайди.
Автоклав (юқори босимли буғ қозони). 1-сферик шаклдаги қопқоқ; 2-сақлагич клапан; 3-цилиндр шаклидаги идиш(котел); 4-манометр; 5-вагонетка юрадиган релслар; 6-пар ўтадиган трубалар.
Силикат буюмлар юқори механизациялашган буғ қозонлари билан таъминланган заводларда тайёрланади. Асосий боғловчи ашё сифатида олинадиган ҳавойи оҳак 5—8 % микдорида олиниб, таркибида зарарли аралашмалар (дала шпати, слюда, гипс) бўлмаган кварц қуми (92—95 %) билан яхшилаб қориштирилади. Сўнгра керакли миқцорда сув қўшиб қоришма тайёрланади ва юқори босим остида зичлаш йўли билан буюм ҳосил қилинади. Қум шакли қиррали бўлса, буюм мустаҳкамлиги бирмунча ортади. Кварц қуми бўлмаган тақдирда тўлдиргич сифатида оҳак тошқолли блоклар тайёрлашда ишлатиладиган тошқол қуми, кўмир кули ва таркибида қум-тупроқ бўлган бошқа ашёлар ҳам ишлатилиши мумкин.
Қоришма нам ва қуруқ усулда тайёрланади. Нам усулда қум сўндирилган оҳак майдаси ёки оҳак хамири билан қориштирилиб, кейин қолипга жойланади. Амалда қуруқ усул билан силикат буюмларни олиш кенг тарқалган. Бунда, қум майда қилиб туйилган сўнмаган оҳак билан аралаштирилиб, махсус қориштиргичда намланади ва ундаги оҳак тўлиқ сўниши учун қоришма силосларда 8—10 соатгача сақланади. Қоришма сув буғи билан намланганда ундаги оҳакнинг сўниш вақти 2—4 соатга қисқаради. Ниҳоят, қоришмадаги оҳақни тез сўндириш учун гидраторлар деб аталувчи махсус айланма барабанлар ҳам ишлатилади. Бу усулда оҳак 45 дақиқа давомида тўлиқ сўнади. Тайёрланган қоришмани янада титиб, қум заррача юзасини катталовчи ускунадан ўтказилиб, айланма столдан иборат бўлган механик зичлагичда қолипланади (1-расм).
Қолипланган силикат ғиштлар ёки буюмлар махсус аравачаларга терилиб, рельслар бўйлаб буғ қозонларига (автоклавга) киритилади. Силикат буюмлар зич (герметик) ёпиладиган буғ қозонларида 10— 16 соат давомида қотади. Бундай қозонларга ҳарорати 170—180°С бўлган юқори босимдаги (0,8—1 МПа) сув буғи юборилади.
Таркибида 80 %гача кварц қуми, 10 %гача оҳак, 10—11 %гача донадор тошқол ва 1,5 %гача хлорли кальций бўлган хом силикат ғиштни 3—4 соат буғ қозонида 0,8 МПа сув буғи босими билан қотирилса, сиқилишдаги мустаҳкамлиги 30 МПа бўлган юқори мустаҳкам силикат ғишт олиш мумкин. Силикат ғиштнинг мустаҳкамлигини ошириш мақсадида қоришмага қўшилади. Силикат ғишт девор теришда ва бинонинг фасад қисмини қоплашда кенг ишлатилади. Аммо юқори ҳароратда бўлган айрим зарарли муҳит таъсирида (500°С дан юқори) бундай қопламалар тез бузилади. Булардан ташқари, силикат ғишт биноларнинг пойдевори ва цокол қисмларини теришда ишлатилмайди. Силикат ашёлар оч кулранг тусда бўлади, шунингдек, хом ашё таркибига қуруқ минерал бўёклар (пигментлар) қўшиб, рангдор силикат буюмлар ҳам тайёрлаш мумкин.
Кейинги вақтларда буғ қозонларида қотириш усули билан йирик силикат буюмлардан блоклар, плиталар ва панеллар кўплаб ишлаб чиқарилмокда. Бунда, силикат қоришма таркибига 10—15 %гача пиширилган гил ёки шағал кукуни қўшиш силикат сифатини ошириши аниқланган. Девор қисмларини тайёрлашда уларнинг оғирликларини камайтириш учун қоришмага органик ашёлар қўшиш мумкин. Силикат буюмлар ва ғиштлар ишлаб чиқариш технологияси бир-биридан фарқ қилмайди. Силикат блок ва панеллар тўла ҳажмли ёки юмалоқ канал сингари бўшлиқдардан ташкил топган шаклларда тайёрланади. Айрим силикат буюмларнинг (ёпма плиталар) оғирлиги Зт. гача етади. Бўшлиқлари ўз ҳажмининг 20—25 %ини ташкил этган силикат блокларнинг сиқилишдаги мустаҳкамлик чегараси 7,5—15 МПа.
Do'stlaringiz bilan baham: |