Миллий маҳсулотнинг мазмуни, таркибий қисмлари ва ҳаракат шакллари.
Жамият аъзоларининг эҳтиёжлари мунтазам равишда янгиланиб, миқдоран кўпайиб ва сифат жиҳатидан такомиллашиб борар экан, бу эҳтиёжларни қондиришга қаратилган ишлаб чиқариш жараёни ҳам тўхтовсиз янгиланиб, такроран амалга ошиб туради. Жамият миқёсидаги ишлаб чиқариш жараёнларининг мунтазам равишда янгиланиб ва такроран амалга оширилиб турилиши ижтимоий такрор ишлаб чиқариш дейилади.
Ижтимоий такрор ишлаб чиқариш икки кўринишда амалга оширилиши мумкин: оддий ва кенгайтирилган такрор ишлаб чиқариш.
Оддий такрор ишлаб чиқариш– бу ишлаб чиқариш миқёсларининг ўзгармаган ҳолда такрорланишини ифодалайди. Одатда бундай ишлаб чиқариш кўпроқ фақат ўз ички эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган анъанавий иқтисодиёт шароитидаги хўжалик юритувчи субъектлар учун хос бўлган.
Кенгайтирилган такрор ишлаб чиқариш– бу ишлаб чиқариш миқёсларини мунтазам равишда ошириб боришга асосланган ҳолдаги такрорланишидир. Бу турдаги ишлаб чиқариш барча ривожланган мамлакатлар иқтисодиётининг асосини ташкил этади.
Ижтимоий такрор ишлаб чиқариш натижасида мамлакат миқёсида миллий маҳсулот яратилади. У барча моддий ва номоддий неъматлар ҳамда хизматларни ўз ичига олиб, миллий ҳисобчиликда ялпи миллий маҳсулот (ЯММ) деб юритилади. Ялпи миллий маҳсулот – бу ўз мамлакати ёки хорижда жойлашувидан қатъий назар, миллий корхоналар томонидан яратилган маҳсулот ва хизматлар умумий ҳажмининг жами қиймати.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ЯММ кўрсаткичига соф экспорт (экспорт ва импорт ўртасидаги фарқ) киради. Аммо турли мамлакатларда ташқи савдо фаолиятининг салмоғи кескин фарқланади. Шу сабабли миллий иқтисодиёт ривожланиш даражасини таққослаш учун ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) кўрсаткичидан фойдаланилади. Ялпи ички маҳсулот– бу маълум вақт давомида, масалан, бир йилда яратилган ва бевосита истеъмолчиларга бориб етадиган барча тайёр маҳсулот ва кўрсатилган хизматларнинг бозор нархидаги қиймати.
Ялпи ички маҳсулот умумлаштирувчи иқтисодий кўрсаткич бўлиб, у фақат мазкур мамлакат ишлаб чиқариш омилларидан фойдаланган ҳолда мамлакат ичида яратилган товар ва хизматлар жами қийматининг бозор нархларидаги ифодасини намоён этади. У барча ишлаб чиқарувчилар томонидан қўшилган қийматлар йиғиндиси сифатида намоён бўлади.
Ялпи ички маҳсулот худди ялпи миллий маҳсулот каби ҳисобланади, бироқ ундан хорижий мамлакатлар билан ҳисоб-китоблар қолдиғига тенг бўлган миқдорга фарқ қилади. Яъни, ЯИМ кўрсаткичига мазкур мамлакатнинг чет эллардаги ишлаб чиқариш омилларидан келувчи тушумлари (омиллар бўйича даромадлари) ҳамда мазкур мамлакатда хорижий инвесторлар томонидан олинган омиллар бўйича даромадлар ўртасидаги фарқни қўшилса ЯММ кўрсаткичи ҳосил бўлади.
ЯММ ва ЯИМнинг ўзаро фарқини қуйидаги чизма орқали яққолроқ ифодалаш мумкин (2-чизма).
Демак, чизмадан кўринадики, мамлакат ЯММ 13 трлн. сўмни (М2 ва М3 шартли рақамлар йиғиндиси), ЯИМ эса 12 трлн. сўмни (М2 ва М1 шартли рақамлар йиғиндиси) ташкил этади.
ЯММ ва ЯИМ ўртасидаги фарқ у қадар аҳамиятли эмас. Бу фарқ ривожланган мамлакатларда ЯИМнинг ±1%ни ташкил этади. БМТ статистика хизмати асосий кўрсаткич сифатида ЯИМдан фойдаланишни тавсия этади. Яқин вақтларга қадар АҚШ ва Японияда ЯММ кўрсаткичи қўлланилар эди, эндиликда бу мамлакатлар ҳам ЯИМ кўрсаткичини қўллай бошладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |