Савдо уйлари – савдо муассасасининг махсус тури. У ихтисослашган ёки универсал бўлиши мумкин. Ихтисослашган савдо уйи айрим товарлар билан (кийим-кечак, оёқ кийим, газлама ва ҳ.к.), универсал савдо уйи ҳар хил товарлар билан савдо қилади.
Кўп тармоқли ташқи савдо фирмалари ҳам савдо уйи деб аталади. Улар ўз номидан ва кўпинча ўзлари ҳисобидан экспорт-импорт ҳамда бошқа савдо алоқаларини олиб боради. Ташқи савдо уйлари савдо корхоналарини сотиб олиш, жиҳоз ва ускуналарни ижарага топшириш, кредитлар бериш, суғурта хизмати кўрсатиш билан молия ва ишлаб чиқариш хизматида ҳам қатнашади.
Савдо уйлари таркибида савдо фирмалари муҳим ўрин тутади. Улар тижорат ишини юритувчи ва ихтисослашган савдо-сотиқ корхоналаридир. Фирмалар мустақил ёки йирик саноат корпорациялари таркибида иш юритиб, улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланадиган турларга бўлинади. Айрим фирмалар ҳар иккала савдо тури билан ҳам шуғулланади.
Улгуржи савдо фирмалари –улгуржи ҳолда (катта партияларда) товарларни ўз мулкига сотиб олиб, истеъмолчиларга сотувчи савдо ташкилотлари.
Чакана савдо фирмалари – товарларни сўнгги истеъмолчиларга сотувчи савдо муассасалари. Улар мустақил дўконлар, махсус дўконлар ва супермаркетлардан иборат бўлади.
Супермаркет – бу харидорнинг ўзига-ўзи хизмат кўрсатишига асосланган кенг тармоқли савдо корхонаси. У товарларнинг деярли ҳамма турлари билан савдо қилади. Супермаркет харидорларга бепул маслаҳатлар беради, товарларни буюртма бўйича харидор уйига етказади, уларга маданий-маиший хизмат кўрсатади.
Инфратузилма тизимида молия-кредит муносабатларига хизмат қилувчи муассасалар алоҳида ўринга эга. Улар молия бозори, унинг асоси бўлган капитал бозорини шакллантиради ва амал қилиш тартиб-қоидаларини ўрнатади. Молиявий муассасалардан кўпчилиги ўзига хос белгиларга эга бўлсада, уларнинг барчаси битта умумий белгигаэга. Улар ўзларининг мажбуриятларини билдиради, яъни маблағлари ортиқча бўлган субъектлардан пул қарз олади ва ўз номидан маблағлари етишмаган субъектларга пул қарз беради.
Бозор инфратузилмасининг банклар, суғурта компаниялари, солиқ ва божхона идоралари каби муассасалари молия-кредит муносабатларида алоҳида ўзига хос ўринга эга.
Бозор иқтисодиёти субъектларини молиявий ахборотлар билан таъминлаш бозор инфратузилмасининг ахборот хизмати идоралари, шу жумладан аудиторлик фирмалари зиммасига тушади. Аудитор фирмалар – корхона, фирма, компаниялар молиявий хўжалик фаолиятини текшириб борувчи, улар ҳисоботини экспертизадан ўтказувчи идора. Улар одатда акционер жамият ёки кооператив шаклда фаолият кўрсатади ва тўлиқ мустақилликга эга бўлади. Аудитор фирмалар ўз ишини ҳар бир мамлакатда ёки халқаро миқёсда қабул қилинган ҳисоб-китоб ва тафтиш қоидаларига биноан олиб боради. Аудитор фирма ишида қатнашувчи тафтишчилар аудиторлар деб аталади.
Do'stlaringiz bilan baham: |