Банк – иқтисодиётнинг меъёрда амал қилиши учун зарур бўлган пул массаси ҳаракатини тартибга солувчи молия-кредит муассасаси.
Бозор иқтисодиётининг муҳим ва умумий белгилари қуйидагилардан иборат:
- турли шакллардаги мулкчиликнинг мавжуд бўлиши ва унда хусусий мулкчиликнинг устун туриши;
- тадбиркорлик ва танлов эркинлиги;
- рақобат курашнинг мавжудлиги;
- давлатнинг иқтисодиётга чекланган ҳолда аралашуви;
- корхона ва фирмаларнинг ички ва ташқи шарт-шароитлар ўзгаришларига мослашувчанлиги.
Бозор иқтисодиётининг тарихан таркиб топган икки турини ажратиш зарур. Биринчиси классик ёки соф бозор иқтисодиёти деб аталиб, узоқ вақт давомида шаклланиб, ғарбдаги ривожланган мамлакатларда ХIХ асрнинг охирларигача давом этиб келди. Унинг асосий белгилари: а) хусусий мулкчиликка асосланган ҳолда иқтисодий фаолият юритиш; б) капитал ва ишлаб чиқаришнинг корхона миқёсида умумлашганлиги; в) тадбиркорлар, ишчилар, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчиларнинг шахсий эркинлиги; г) тадбиркорларнинг юқори фойда олиш учун курашлари; д) иқтисодиётнинг талаб ва таклиф, эркин бозор нархи ва рақобат курашлари асосида тартибланиши; е) аҳолининг ижтимоий ҳимоя қилинмаслиги, ишсизликнинг ва аҳоли ижтимоий табақалашувининг кучайиши.
Бозор иқтисодиётининг иккинчи кўриниши ҳозирги замон ривожланган бозор иқтисодиёти деб аталиб, ХIХ асрнинг охири ва ХХ аср бошларидан буён амал қилади. Унинг асосий белгилари:
а) мулкчиликнинг турли шаклларига яъни, хусусий, давлат, жамоа, аралаш ва бошқа мулк шаклларига асосланиб иқтисодий ва тадбиркорлик фаолияти юритилиши;
б) капитал ва ишлаб чиқаришнинг юқори даражада умумлашганлиги, мулкнинг бир қисми йирик монополиялар ва давлат қўлида тўпланиб, миллий ва халқаро миқёсда умумлашганлиги;
в) иқтисодиётни тартибга солишда давлатнинг фаол иштироки. Бунда давлат фан-техника тараққиёти ва бошқа омилларни ҳисобга олиб, турли иқтисодий тадбирларни, ривожланиш истиқболини аниқлаш, турли соҳалар ва тармоқлар ўртасидаги нисбатларни тартибга солиш чора-тадбирларини белгилаш вазифаларини бажаради;
г) хўжаликларни юритишда режа усулидан фойдаланишнинг кучайиши (бизнес режаси, маркетинг тизими орқали бошқариш);
д) ижтимоий ҳимоянинг кучайиши. Бунда давлатга, жамоалар ва хусусий кишиларга тегишли турли хил ижтимоий таъминот ва ижтимоий суғурта фондларининг вужудга келиши.
Бозор иқтисодиётида юқорида тилга олинган белги ва тартиблар билан бирга, барча ҳозирги замон иқтисодий тизимларига хос бўлган бир қатор шарт-шароитлар бўлиши тақозо қилинади. Булар қуйидагилар: илғор технология ва янги техник воситалардан кенг миқёсда фойдаланиш; ишлаб чиқаришнинг ихтисослашиши.
Ҳар қандай иқтисодий тизим сингари бозор иқтисодиёти ҳам иқтисодиётнинг умумий муаммоларини ифода этувчи қуйидаги саволларга жавоб топиши зарур: нима ва қанча миқдорда ишлаб чиқариш зарур? қандай техника ва технология билан ишлаб чиқариш зарур? ким учун ишлаб чиқариш зарур?
Агар бу саволларни умумий равишда қўйиб, унга тараққиётнинг барча босқичларига хос бўлган умумий жавобни берадиган бўлсак, уларни лўнда қилиб: аҳоли эҳтиёжи учун зарур миқдор ва турдаги товар ва хизматларни ишлаб чиқариш; мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиб, янги техника ва технологиялар асосида ишлаб чиқариш; аҳоли истеъмоли учун зарур неъматларни ишлаб чиқариш, деб жавоб бериш мумкин.
Лекин бозор иқтисодиёти даврида бу саволларга мазкур тизимнинг ўзига хос тарихий хусусиятидан, унинг талаблари ва қонун-қоидаларидан келиб чиқиб жавоб берилади. Қисқача қилиб айтганда, бозор иқтисодиёти шароитида:
а) кўпроқ фойда берадиган товарлар ва хизматлар ишлаб чиқарилади;
б) пули бор, товарларни юқори фойда олиш имконини берадиган нархларда сотиб олиш лаёқатига эга харидорлар учун ишлаб чиқарилади;
в) юқори фойда олишни таъминлайдиган, тежаш имконини берадиган техника ва технология ёрдамида ишлаб чиқарилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |