12701000К04952452001
Бу ҳисобварақда банк томонидан давлат корхоналарига берилган қисқа муддатли ссудаларнинг ҳисоби юритилади. Ҳисобрақамнинг дебетида давлат корхоналарига берилган ссудаларнинг- суммаси акс эттирилади. Ҳисобрақамнинг кредитида эса қарздорлар томонидан қайтарилган ссудаларнинг суммаси акс эттирилади. Бу ҳисобварақ бўйича аналитик ҳисоб ҳар бир қарздор ва ссудаларнинг турлари бўйича алоҳида шахсий ҳисобварақларда олиб борилади.
Худди шундай тартибда бошқа мулкчилик шаклларига тегишли бўлган, қарз олмоқчи бўлган хўжалик юритувчи субъектларга ссуда ҳисобварақлари очилади ва улар бўйича ссуда бериш ва қайтариб олиш бўйича операциялар бажарилади.
§. Кредит бериш ва қайтариш операциялари ва фоизлар ундирилишининг ҳисоби
Корхона ва ташкилотларга ёки алоҳида олинган жисмоний шахсларга ссуда ҳисобварағи очилгандан сўнг, улар бўйича ссуданинг берилиши ва қайтарилиши бўйича операцияларни амалга ошириш мумкин. Ҳар бир ссуда берилиши кредит комиссиясининг фармойиши асосида амалга оширилади, яъни кредит бўлими ҳисоб операцион бўлимга мижозга ссуда бериш тўғрисидги фармойишини ҳисоб операцион бўлимнинг масъул ижрочиларига берадилар. Маъсул ижрочилар фармойишда кўрсатилган реквизитлар асосида ссуда бериш бўйича бухгалтерия проводкаларини бажарадилар. Ссуда ҳисобварақларини ўзи юқоридаги саволда кўрганимиздек муддатли, муддати ўтган, қайта кўрилаётган каби ссудалар бўйича алоҳида юритилади.
Қуйида биз қўшма корхоналарга ссуда бериш бўйича бугалтерия проводкаларни кўриб чиқамиз.
Хусусий корхоналарга ва нодавлат корпорацияларга ссуда бериш учун 13101
«Хусусий корхоналар ва нодавлат корпорацияларга берилган қисқа муддатли ссудалар» номли баланс ҳисобрақами очилади. Бу ҳисоб рақам бир қатор субҳисобрақамларни уз ичига олади.
13101- «Хусусий корхоналар ва нодавлат корпорацияларга берилган қисқа муддатли ссудалар»
13105- «Хусусий корхоналар ва нодавлат корпорацияларига берилган муддати ўтган ссудалар»
13109- «Хусусий корхоналар ва нодавлат корпорацияларига берилган қисқа муддатли, шартлари қайта кўриб чиқиладиган ссудалар»
Ссуда берилаётганда ссуда суммаси корхонанинг ҳисоб-китоб ҳужжати тўланаётган бўлса, пул ўтказилиши лозим бўлган мол сотувчи ёки хизмат кўрсатган корхона ҳисобварағига ссуда суммаси ўтказилади. Пул туширилиши лозим бўлган корхонага бошқа банк бўлими хизмат кўрсатса ссуда суммаси ссуда бераётган банкнинг вакиллик ҳисобварағи орқали тегишли банкка ўтказилади.
Ссуда берилаётганда қуйидаги бухгалтерия проводкаси бажарилади:
Дебет 13101 Хусусий корхоналар ва нодавлат корпорацияларига берилган қисқа муддатли ссудалар.
Кредит 10301 Банкнинг вакиллик ҳисобварағи ёки маҳсулот сотувчи корхона ҳисобварағи
13101 Ҳисоб рақамида банк томонидан хусусий фирмалар, ширкатлар ва жамоа хўжалиги ҳамда корхоналари, нодавлат корпорациялар ва шу каби хусусий мулкчилик шаклига эга бўлган корхоналарга берилган қисқа муддатли ссудаларнинг ҳисоби юритилади. Бу ҳисобрақам бўйича аналитик ҳисоб ҳар бир қарздор ва ссуда турлари бўйича алоҳида шахсий ҳисобварақларда олиб борилади.
Ссуда олувчи ва банк ўртасида тузилган кредит шартномасига биноан ссудани қайтариш муддатлари белгиланади. Ссуданинг қайтариш муддати тугагандан сўнг ссуда қайтариш бўйича бухгалтерия проводкалари бажарилади. Ссуда қайтариш бўйича бухгалтерия проводкалари қуйидагича кўринишда бўлади.
Дебет 20208 Ссуда олган хусусий корхонанинг талаб қилингунча сақланадиган депозит ҳисобварағи
Кредит 13101 Хусусий корхоналар ва нодавлат корпорацияларига берилган қисқа муддатли ссудалар
Бу бухгалтерия проводкаси агар мижознинг талаб қилингунча сақланадиган депозит бўйича ҳисобварағида ссудани қайтариш учун етарли пул маблағлари бўлган ҳолда бажарилади. Агар қарздорнинг ҳисобварағида ссудани қайтариш учун маблағи йўқ бўлса ссуда суммаси 13101 «Муддати ўтган хусусий корхоналарга ва нодавлат корпорацияларига берилган ҳисобварағига ўтказилади»
Бу операция бўйича қуйидаги бухгалтерия проводкаси амалга оширилади.
Дебет 13105 Хусусий корхоналарга берилган муддати ўтган қисқа муддатли ссудалар. Кредит 13101 Хусусий корхоналарга берилган қисқа муддатли ссудалар.
Қайтариш муддати келганда тўланмаган ва шундан сўнг 90 кун ўтгандан сўнг ҳам қайтиб келмаган ссудалар 13109 «Хусусий корхона ва нодавлат корпорацияларига берилган қисқа муддатли шартлари қайта кўриб чиқиладиган ссудалар» баланс ҳисобварағига ўтказилади.
Корхона ҳисобварағига пул келиб тушгандан сўнг ссудани қайтариш бўйича бухгалтерия проводкалари бажарилади.
Ссудаларнинг қайтиши маълум таваккалчиликни талаб қилади. Шу сабабли банкларда ссудалар бўйича зарарларни қоплаш заҳираси ташкил этилади. Хусусий корхоналарга ва нодавлат корпорацияларга берилган қисқа муддатли ссудалар бўйича зарарларни қоплаш заҳирасининг ҳисобини олиб бориш учун 13199 баланс ҳисобрақами очилади. Унда банкнинг хусусий фирмалар, ширкатлар, жамоа хўжаликлари ҳамда корхоналари назорат корпорацияларига берган ссудалари ундириб олинмай қолиши мумкин бўлган қисми бўйича кўриладиган зарарларни қоплаш учун яратилган заҳиралар ҳисоби олиб борилади. Аналитик ҳисоб ҳар бир мижоз ва ссуда турлари бўйича алоҳида шахсий ҳисобварақларида акс эттирилади.
Бошқа мулкчилик шаклларига тегишли бўлган корхона, ташкилот, фирма, банк ва бошқаларга кредит бериш ва берилган кредитларни қайтариш бўйича операциялар худди шу тарзда амалга оширилади. Факат тегишли ҳисобварақлар тизими ишлатилади.
Ҳар бир ссуда бўйича шартномада келишилган миқдорда фоиз ставкалари асосида банк фойдасига фоизли даромадлар ундирилади.
Ҳозирги кунда ссудалар учун фоизлар 1998 йил декабр ойида Марказий банк томонидан чиқарилган «Банк депозитлари ва кредитлар бўйича фоизлар ҳисоблаш тартиби тўғрисида»ги 558-сонли йўриқнома асосида ҳисоблаб борилади. Банк ссуда суммасидан банк маблағларидан фоизларни белгилайди. Фоизлар бўйича суммалар қуйидаги формула асосида ҳисоблаб чиқарилади.
Фоиз суммаси = ссуда миқдори х фоиз ставкаси х кунлар сони
360
Ссуда учун фоиз суммаси ссуда миқдори фоиз ставкаси кунлар сони 360 кунга бўлишимизга сабаб фоиз ставкалари йиллик қилиб белгиланади. Фоизлар ҳисобланганда лекин ҳали ундирилмаган ҳолда қуйидаги бухгалтерия проводкаси бажарилади.
Дебет 16309 Ссудалар бўйича ҳисобланган фоизлар
Кредит 42602 Хусусий корхоналарга берилган қисқа муддатли ссудалар бўйича фоизли даромадлар
Фоизлар суммаси ундирилганда эса қуйидаги бухгалтерия ёзуви амалга оширилади. Дебет 20208 Хусусий корхоналарнинг талаб қилингунча сақланадиган депозитлари Кредит 16309 Ссудалар бўйича ҳисобланган фоизлар
Шундай қилиб, ушбу мавзуда халқ хўжалиги тармоқларига қисқа муддатли ссуда ҳисобварағи очиш, ссуда бериш, қайтариш ва фоизларни ундириб олиш тартиби ва улар бўйича бухгалтерия проводкаларини кўриб чиқдик.
Do'stlaringiz bilan baham: |