Замонавий пойабзаллар классификациясини ўрганиш
Режа:
ПОЙАБЗАЛНИНГ УСТКИ ДЕТАЛЛАРИ, УЛАРНИНГ ТУЗИЛИШИ ВА ЎЛЧАМЛАРИ
ПОЙАБЗАЛНИНГ ҚИЁФАСИ
ПОЙАБЗАЛ ИШЛАБ ЧИҚАРИШДА ИШЛАТИЛАДГАН МАТЕРИАЛЛАР
Кириш
Замонавий пойабзаллар конструкция жиҳатидан қиёфаси (кўриниши), ишлатиладиган материаллар, деталларнинг тузилиши, сони, шакли ва ўлчамлари ва шунингдек, деталларнинг ўзаро тикилиши каби белгилар билан таърифланади.
Бу белгилардан ташқари пойабзал ўзининг ички шакли, тузилиши, кимлар учун мўлжаллангани ва ёш-жинсий гуруҳларга қараб бўлинади. Ҳар бир ёш-жинсий гуруҳ ўз навбатида ҳар хил ўлчам ва тўлаликларга ажратилади.
Пойабзал қачон ва қаерда ишлатилишига қараб, маиший ҳамда махсус гуруҳларга бўлинади.
Маиший гуруҳ ўз навбатида — кундалик, моделли (башанг) ва уй (хона)да кийиладиган турлардан ташкил топган.
Махсус гуруҳ пойабзални тайёрлашда оёқни ҳар хил хавф таъсиридан сақлаш мақсадида ҳимояловчи материаллар қўлланган пойабзал бўлиб, ўз навбатида, ишлаб чиқариш корхоналарида, спорт турлари бўйича ва тиббий мақсадларда ишлатиладиган пойабзаллар ҳисобланади.
ПОЙАБЗАЛНИНГ УСТКИ ДЕТАЛЛАРИ, УЛАРНИНГ ТУЗИЛИШИ ВА ЎЛЧАМЛАРИ
Пойабзал, асосан, маълум кетма-кетликда бириктирилган устки ва таг деталларидан ташкил топган.
Устки деталлар, асосан, оёқ панжасининг устки ва ён қисмини, болдирини ва айрим ҳолларда сонини беркитади. Таг деталлари эса оёқ панжасининг тагида ётади.
Ҳамма деталлар жойлашишига қараб сиртқи, ички ва оралиқ деталларга бўлинади.
Сиртқи деталлар қуйидагилар: дастак, қўнж, гулчин, орқа ташқи тасма, тумшуқ, бошлиқ, ҳошия, мағиз, тилча, овал қистирмали, узун қанотли яхлит, йиғма ёки тилчали бетлик ва бошқалар.
Ички деталлар орқа тасма, чарм астар, тўқима астар (газрнол) қўнжининг астари, жияк, қўнжининг калта астари, бошлиқ астари, блочка ости илмоқ ости, ёстиқча, қулоқча ва бошқалар.
Оралиқ деталлар оралиқ астар (дастакники, бетликники), ёндор, бикир дастак, тумшуқ ости, блочка ости оралиқ астари ва бошқалар.
Танаворнинг сиртқи деталларининг сони, ўлчамлари, шакли, конструкцияси, пойабзалнинг қиёфасига, қайси мақсадда ва қачон кийилишига ҳамда замонавий моданинг йўналишига боғлиқ. Шундай бўлганда ҳам, деталларнинг ичида энг кўп учрайдиган ва пойабзалнинг қиёфасини белгилайдиган деталлар бор.
Етиклардаги шундай деталлардан қўнж 1 (2.2 а-расм), асосан, оёқнинг болдир қисмини, айрим ҳолларда сонини беркитади, гулчин 2 оёқ панжасининг товон қисмини ва бошлиқ 3 оёқ панжасининг кафт сиртини, бармоқларини беркитади. Гулчин бошқа қиёфадаги пойабзалларда ҳам учрайди.
Юқорида келтирилган деталлардан ташқари яна, орқа ташқи тасма ва мағиз учрайди. Улар бириктирма чокларнинг мустаҳкамлигини ошириб, чок орқали нам ва сув ўтишга тўсқинлик қилади. Этикнинг қулоқчалари эса қўнж ичига тикилиб, этикни кийишни осонлаштиради.
Ботинкалар, қўнжсиз ботинкалар, туфлилар ва уларнинг турларида энг кўп учрайдиган деталлар: бетлик, дастак, тумшуқ, ташқи орқа тасма, тилча ва овал қистирмадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |