УДК: 930.9
Фарғона водийсида Мирзо Улуғбек ҳукмронлигининг ўрнатилиши.
Установление власти Мирзо Улугбека в Ферганской долине.
Establishment of power of Mirzo Ulugbek in Ferghana valley.
Б. Усмонов1∗
Резюме
Мақолада Фарғона водийсида Мирзо Улуғбек ҳукмронлигининг ўрнатилиши ва шу воқелик билан боғлиқ кечган сиёсий ҳамда ҳарбий жараёнлар тарихий манбалар асосида тадқиқ этилган. Ушбу тарихий жараёнга таъсир этган ички ва ташқи омиллар ҳамда Фарғона водийсида Мирзо Улуғбек ҳукмронлигининг ўрнатилишининг ижобий жиҳатлари ёритилган.
Калит сўзлар: Фарғона водийси, темурийлар давлати, Мўғулистон, Қошғар вилояти, Аҳмад мирзо, Мирзо Улуғбек, Шоҳруҳ мирзо, қутвол, суюрғол, юпанчнома.
Резюме
В статье на основе источников исследованы политические и военные события, происходившие в Ферганской долине в связи с установлением здесь власти Мирзо Улугбека. Освещены внутренние и внешние факторы, повлиявшие на этот исторический процесс, а также, положительные особенности установления власти Мирзо Улугбека в Ферганской долине.
Ключевые слова: Ферганская долина, государство темуридов, Моголистан, Кашгар, Ахмад Мирзо, Мирзо Улугбек, Шахрух Мирзо, кутвол, суюргал, утешительное письмо.
Resume
In the article on the basis of sources political and military events in the Ferghana valley were researched in connection with the establishment here of the power of Mirzo Ulugbek. The internal and external factors influencing this historical process, as well as the positive features of the establishment of the power of Mirzo Ulugbek in the Ferghana valley are highlighted.
Key words: Ferghana valley, state of timurids, Mogolistan, Kashghar, Akhmad Mirzo, Mirzo Ulugbek, Shakhrukh Mirzo, kutvol, suyurghal, consolatory letter.
Темурийларнинг Хуросондаги мулклари ҳукмдори Шоҳруҳ мирзо 1409 йили Мовароуннаҳрни ҳам қўлга киритгач, Самарқанд, Бухоро, Қарши ва Кешни ўғли Мирзо Улуғбекга, Фарғона водийсини эса Умаршайх мирзонинг ўғли Аҳмад мирзога тақдим этган эди. Шоҳруҳ мирзо томонидан Фарғона водийсини бошқариш вазифасининг Аҳмад мирзога юклатилишига, ўз вақтида бу мулк устидан ҳукм юритиш Аҳмад мирзонинг отаси Умаршайх мирзога (1376-1393), кейинчалик акаси Искандар мирзога (1398-1399) топширилганлиги ҳам катта таъсир этганлиги шубҳасиз.
Мирзо Улуғбек 1410-1411 йиллари оталиғи амир Шоҳмаликнинг ёрдамида Тошкент ва Туркистон вилоятларини ҳам ўз мулклари қаторига қўшиб олди. Шундан сўнг амир Шоҳмаликнинг Хуросонга чақириб олиниши ёш ҳукмдорни Шоҳруҳ мирзонинг Самарқанддаги ноиби сифатида мустақил иш бошлашига имкон берди. Мирзо Улуғбекнинг ноибликдаги илк мустақил ҳаракати Фарғона водийсини ўз тассарруфига олишга интилишдан бошланди.
Ушбу масала бўйича бир неча олимлар ўз фикрларини билдирганлар. Дастлаб манбалардаги маълумотларга эътибор қилайлик. Бу ҳақида Абдураззоқ Самарқандий қуйидагича ҳикоя қилади: “[Ҳоқони саид] Мозандаронга қишлаш учун жўнаш асносида: “Мовароуннаҳр лашкарлари у тарафдан хабардор бўлиб турсинлар”, - деб фармон берганлиги собиқан айтиб ўтилган эди. [Шунга биноан] мирзо Улуғбек элчи юбориб, Амирак Аҳмадни [Самарқандга] чақиртирган эди, мирзо Амирак Аҳмад қўрқиб, келишдан бош тортди ва “Мен мирзонинг мижозидан қўрқаман, [шунинг учун] бора олмайман ва лекин бир давлатҳоҳ бандаман”, - деб жавоб берди. Мирзо Улуғбек ўзининг ишончли кишиси бўлмиш амир Боязид парвоначини Андижон тарафга юбориб: “унинг сўзи менинг сўзим, ҳар қандай шарт ва аҳд тузса мен розиман”, - деди. Амир Боязид [мирзо Амирак Аҳмад] ҳузурига етиб, ҳар қанча ҳаракат қилмасин, бирор натижага эриша олмади, аммо [мирзо Аҳмад] ўз ўғлини хизматга юборишга ваъда қилди, бу ваъда [муҳлати] охирига етдию ўғли келмади”[1]. Ҳофизи Абру эса бу воқеа ҳақидаги маълумотида қуйидаги қўшимчани ҳам келтирган: “Ҳазрат амирзода (Улуғбек) ўз ишончли кишиларидан бирини юборса, биз у билан аҳду паймон тузамиз. Дил қарор қарор топиб, хотир тинчлангач, бу банда ишонч ҳосил қилиб унинг ҳузурига боради.”[2]
1413 йилнинг қишида Озарбайжонга юриш қилиш ниятида Мозандаронда қишлаётган Шоҳруҳ мирзо Мовароуннаҳрда турган лашкарларга Оқ Ўрда ва Мўғулистон чегараларидан доимий хабардор бўлиб туриш вазифасини топширади. Шоҳруҳ мирзо Озарбайжонга юриш қилиш мақсадини эълон қилган бўлса-да, Хуросон қўшинлари Форс вилояти томон йўл оладилар. Чунки, Форс вилояти ҳукмдори Искандар мирзо томонидан Озарбайжон юриши қўллаб-қувватланмагач, Шоҳруҳ мирзо аввал Марказий Эронда ўз ҳукмронлигини ўрнатишни маъқул топади.
Х. Файзиев “Шоҳруҳ мирзонинг Умаршайх мирзо авлодларига муносабати” мақоласида Шоҳруҳ мирзо “Мовароуннаҳр лашкарлари у тарафдан хабардор бўлиб турсинлар” кўрсатмасини бераётганда Фарғона ҳукмдори Аҳмад мирзонинг ўз акаси Форс вилояти ҳокими Искандар мирзога ёрдам бериши мумкинлиги назарда тутилганлигини қайд этади.[3] Муаллиф шу сабабли ҳам Мирзо Улуғбек Фарғона ҳукмдорини ўз ҳузурига чақирган, лекин Аҳмад мирзо келмагач, унинг ўғлини бўлса ҳам Самарқандга чақириб гаровда сақлашни мақсад қилган, деган хулосани билдиради.
Машҳур шарқшунос олимларимиздан Б. Аҳмедов Мирзо Улуғбекнинг Фарғона масаласидаги сиёсий ва ҳарбий тадбирларини Шоҳруҳ мирзонинг Марказий Эрондаги фаолиятига боғлиқ ҳолда ёритмаган.[4] Академик В.В. Бартольд эса Мирзо Улуғбек ўз ихтиёри ёки отаси Шоҳруҳ мирзонинг топшириғи билан ҳаракат қилганлиги номаълумлигини таъкидлаган[5].
Бизнинг фикримизча юқоридаги фармондан Мовароуннаҳрда ўз мавқеини кучайтириш мақсадида фойдаланган Мирзо Улуғбек Фарғона ҳукмдори Аҳмад мирзони фармон ижроси бўйича маслаҳатлашиб олиш баҳонасида Самарқандга чақиради. Чунки манбадаги “Мовароуннаҳр лашкарлари” сўз бирикмасида Аҳмад мирзо бошчилигидаги Фарғона лашкари ҳам назарда тутилган эди. Ўзини Мирзо Улуғбекни эмас, балки олий ҳукмдор Шоҳруҳ мирзонинг ноиби сифатида билган Аҳмад мирзо Самарқандга боришдан бош тортади. У имкон қадар музокаралар ўтказиб, элчилар алмашиб вақтдан ютишни, Форс вилоятидаги воқеалар ниҳоясини кутишни ва шу аснода ўзига қўшни давлатлардан иттифоқчи топишни мақсад қилган эди.
Музокаралар самара бермагач, Мирзо Улуғбек 1414 йилнинг баҳорида Фарғона томон юриш бошлади. Аҳмад мирзо Ахси ва Андижон шаҳарларини мустаҳкамлаб, ўзи водийнинг жанубий-шарқидаги тоғларга чекинади. Абдураззоқ Самарқандийнинг маълумотларига қараганда Ахси шаҳри оғир жанглардан сўнг эгалланган. “Мирзо Улуғбек, - деб ёзади муаррих, - у ернинг энг катта қалъаси бўлган Ахси қалъасини мухосара қилди. У шундай қалъаки, унинг мезаналаридан фалак бошоқ[юлдуз]ларини териб олиш ва баланд хоналаридан фаришталар ғулғуласини эшитиш мумкин эди. Қалъа аҳолиси қалъанинг мустаҳкамлигига мағрур бўлишиб жанг аслаҳаларини ҳозирладилар. Ғалаба ёр лашкар қалъа атрофини зирҳ кўзию ари уясидек [илма тешик] қилиб қалъани эгаллади ва лашкар қўлига кўп бойликлар кирди. Мирзо Улуғбек раиятга тинчлик майдони ва омонлик маконидан ўрин берди.”[6] Аҳмад мирзо асосий кучларини Ахси шаҳрига жойлаштирган ва уни мустаҳкамлашга катта эътибор берган. Шунинг учун ҳам Ахсини қўлдан кетиши Андижон тақдирини ҳам деярли ҳал қилиб қўйди. Ахсини бошқаришни Поянда баковулга топширган Мирзо Улуғбек Андижон шаҳрини жангсиз қўлга киритган бўлиши керак. Манбада акс этган қуйидаги маълумот ҳам шунга ишора беради. “... Андижон томон йўл олди. Мирзо Амирак Аҳмад чиқиш қийин бўлган баланд тоғларга кетиб қолган эди; мирзо Улуғбек амир Мусоко ва амир Муҳаммад Тобонларни Андижонни идора қилишга тайинлаб, ғалаба ёр мавкаб Самарқандга қайтди.”[7] Ушбу маълумот Ахси қўлдан кетиши Аҳмад мирзога катта зарба бўлганлигидан ва у шундан сўнг тоғларга чекинишга қарор қилганлигидан далолат беради. Мирзо Улуғбекнинг Аҳмад мирзо тўлиқ тор-мор этилиб, унинг хавфи буткул йўқолишини кутмасдан Самарқандга қайтиб кетиши эса Мовароуннаҳрнинг Оқ Ўрда давлати билан чегараларидаги вазиятга боғлиқ бўлса керак, деган фикрни илгари суришга имкон беради. Шунингдек, Шоҳруҳ мирзо Форс юришини бошлаган пайтда Мирзо Улуғбекнинг Самарқандда бўлиши мамлакатнинг шимолий чегараларидаги хавфсизликни таъминлаш учун қулай эди.
Фасих Хавофий ҳам Мирзо Улуғбекнинг Фарғона юриши ҳақида қисқа бўлсада, маълумот беради. У Ахси қалъасидаги жанглар ҳақида умуман сўз юритмайди ва Андижон шаҳрини бошқариш Амир Мусоко, Амир Муҳаммад Тобон ҳамда Амир Али Қавчинларга топширилганлигини, Андижон қалъасини қутволи этиб Поянда баковул тайинланганлигини баён қилади.[8] Абдураззоқ Самарқандий томонидан Ахси қалъасининг тасвири ва ундаги жангларни батафсил баёнидан келиб чиқиб, унинг ушбу маълумотлари Фасих Хавофийнинг маълумотларига нисбатан ишончли, деган хулосага келиш мумкин. Лекин Фасих Хавофийнинг шу қисқа маълумоти бизга Андижон шаҳри Фарғона вилоятининг маъмурий маркази бўлганлиги ҳақида хулоса чиқаришга ёрдам беради. Чунки шаҳар қутволи Поянда баковулни Амир Мусоко, Муҳаммад Тобон ва Али Қавчинларга бўйсунганлигини Хавофий ҳам таъкидлайди. Абдураззоқ Самарқандий ҳам Андижонни бошқаришни Амир Мусоко ва Муҳаммад Тобонларга топширилганлиги, Ахсига эса Поянда баковулни қутвол этиб тайинланганлигини баён қилган эди. Хавофий Поянда баковулни аслида Ахси шаҳри қутволи сифатида Андижонни бошқараётган амирларга бўйсунганлиги учун ҳам Андижон шаҳрининг қутволи деб адаштирган. Кейинчалик Ўш шаҳри яқинида бўлиб ўтган жангда қатнашган Андижон амирлари сафида Поянда баковулнинг қайд этилмаганлиги уни бу вақтда Ахси шаҳрини бошқарганлигидан далолат беради.
Фарғона водийсининг Мирзо Улуғбек қўлига ўтиши Мўғулистон хонларини ҳам чўчитар эди. Шунинг учун ҳам Аҳмад мирзо мўғуллардан ёрдам сўрашга қарор қилади. Ҳали Андижон қалъаси забт этилмасдан олдиноқ у мўғулларга ёрдам сўраб мурожаат қилган бўлса керак. Чунки 1414 йилнинг июлида Исфаҳон шаҳрини қамал қилаётган Шоҳруҳ мирзо қароргоҳига Мирзо Улуғбекнинг навкари Шайхуйи Қораунос келиб, Мирзо Улуғбек Самарқандга қайтганидан сўнг Аҳмад мирзо мўғуллар ёрдамида Фарғона водийсига бостириб кирганлиги, Ўш ёнида Андижонда қолдирилган амирлар қўшинини тор-мор этиб, ўзларини қатл этганлигини хабар қилади[9]. Агар воқеалар кетма-кетлигини таҳлил қиладиган бўлсак кечи билан 1414 йил апрел ойининг охири май ойининг бошларидаёқ Аҳмад мирзо мўғуллардан ёрдам сўраганлигини тахмин қилишимиз мумкин. Унинг мақсади Мирзо Улуғбек қўшинлари Фарғона водийси қалъаларини забт этгунга қадар мўғуллар ёрдамини олиш бўлса керак. Аҳмад мирзонинг отаси Умаршайх мирзо ҳам ўз вақтида водийга мўғуллар бостириб кирганда, Андижон қалъасини мустаҳкамлаб, ўзи тоғларга чиқиб кетган ва Амир Темурнинг ёрдамга етиб келишини кутган эди[10].
Мирзо Улуғбекнинг қайтиб кетиши Аҳмад мирзо учун ҳам унга ёрдам беришга қарор қилган мўғуллар учун ҳам жуда қўл келди. Агар Мирзо Улуғбек Фарғонани тарк этмаганда мўғулларнинг ёрдамга келиши амри маҳол эди. Фарғона масаласи тўла ҳал этилмаганлигини яхши тушунган Мирзо Улуғбек Андижонда катта қўшин қолдириб кетган бўлса керак. Шу қўшинга таянган ҳолда ўз кучларига ортиқча баҳо бериб Андижонда қолган Мирзо Улуғбекнинг амирлари яхши тайёргарлик кўрмаган ҳолда Аҳмад мирзонинг қолган кучлари ва уларга ёрдамга келган мўғуллар билан “масоф уруши” олиб боришга журъат этишади. “Мирзо Амирак Аҳмад, - деб ёзади Абдураззоқ Самарқандий, мирзо Улуғбекнинг қайтиб кетганлигидан хабар топиб, Мўғулистондан мадад учун келган бир лашкар билан Андижонга жўнади. Амир Мусоко ва амир Муҳаммад Тобон ва амир Али қаучинлар жанг қилиш қасдида Андижондан ташқари чиқиб, Ўш атрофига етдилар ва, душман аҳволидан бехабар бўлганликлари учун, эҳтиётсиз шу ерга тушдилар. Мирзо Амирак [Аҳмад] эса уларнинг ҳолидан огоҳ эди, ногиҳондан улар тепасига бостириб келиб амир Мусоко, амир Муҳаммад Тобон, амир Али ва бошқа баҳодирларни қатлга етказди, Амир Сулаймоншоҳнинг ўғли амир Рустам душманлар билан йўл-йўлакай жанг қилиб Андижонга қараб юрди.”[11] Амирларни тўсатдан қилинган ҳужум натижасида тор-мор этган Аҳмад мирзога Андижонни забт этиш насиб этмади. Ўш ёнидаги жангда омон қолган Амир Рустам Андижонгача жанг қилиб чекинди ва Андижон қалъасини ўз қўлида сақлаб қолишга эришди. Бобур мирзо Андижон қалъасининг мустаҳкамлигини таърифлар экан, “Мовароуннаҳрда Самарқанд ва Кеш қўрғонидан сўнгра мундин улуғроқ қўрғон йўқтур”, - деб бежиз таъкидламаганди.[12] Андижон қалъасини узоқ вақт қамал қилиб туриш кўчманчи мўғулларнинг манфаатларига зид эди. Уларнинг мақсади водий қишлоқларини талон-тарож қилиш бўлиб, босқинчилар ўзларининг асл мақсадлари томон ҳаракат қилдилар. Андижонни узоқ вақт қамал қилиб туришни хоҳламаган мўғуллар атроф қишлоқларни обдон талон-тарож этиб бўлгач, катта ўлжалар билан Мўғулистонга қайтиб кетдилар.
Гарчи баъзи тарихий адабиётларда Мирзо Улуғбекнинг катта қўшин билан Фарғона томонга иккинчи марта юриши чоғида унга қарши жанг қилиб ғолиб чиқишга кўзи етмаган Аҳмад мирзо Қошғарга чекинганлиги таъкидланган бўлса-да[13], тарихий манбаларда Мирзо Улуғбекнинг Андижонга ёрдам учун иккинчи марта Фарғонага юриш қилганлиги ёки ёрдамчи ҳарбий кучлар юборганлиги тўғрисида маълумот учратмадик[14]. Шундан келиб чиққан ҳолда ёрдамчи мўғул қўшинларининг қайтиб кетиши натижасида тушкунликка тушган Аҳмад мирзо ҳам Қошғарга чекинишни маъқул кўрган, деган хулоса ҳақиқатга яқиндир. Академик В.В. Бартольд ҳам Аҳмад мирзо мўғуллар қайтиб кетгач, Қошғарга чекинганлигини таъкидлаган [15].
Шундан сўнг Аҳмад мирзо Мўғулистон хони Муҳаммадхондан иккинчи марта ёрдам сўрашга қарор қилади. Унинг бундай қарорга келишига хизматидаги бир гуруҳ амирларнинг таъсири кучли бўлганлигини тахмин қилишимиз мумкин. Чунки Шоҳруҳ мирзо томонидан 1415 йилнинг 25 майида Аҳмад мирзога юборилган юпанчномада шунга ишора бор[16]. “Эҳтимолки, - дейилади юпанчномада, - мулозимликда юрган бир гуруҳ кишилар [мазкур] ноўрин ҳаракатлар ҳоҳ ихтиёрий, ҳоҳ мажбурий тарзда улар томонидан содир бўлганлиги туфайли, ваҳимага тушиб, у фарзанднинг [бизнинг ҳузуримизга келишига] монелик қиларлар.”
Шу билан биргаликда Аҳмад мирзо Фарғона масаласида Шоҳруҳ мирзога мурожаат қилган бўлиши ҳам мумкин. Шоҳруҳ мирзо юпанчномани Аҳмад мирзонинг ўша пайтда Ҳиротда бўлган навкари Тукалдан юборганлиги бизни шундай тахминга боришимизга имкон беради. Аҳмад мирзо Тукални Шоҳруҳ мирзога ҳузурига Мирзо Улуғбек билан бўлиб ўтган воқеалар бўйича тушунтириш бериш ва ёрдам сўраш учун жўнатган бўлса керак. У эса Шоҳруҳ мирзодан аниқ жавоб бўлмаганлиги учун ҳам Ҳиротда бир муддат қолиб кетган. Тукал Ҳиротга 1414 йилнинг кеч кузида жўнатилганлигини мулоҳаза қилишимиз мумкин. Чунки энг қулай пайт ҳам шу вақт эди. Шоҳруҳ мирзо Форс вилоятини забт этиб Ҳиротга қайтиб келганидан сўнг 1414 йилнинг 25 ноябрида Мирзо Улуғбек ҳам Хуросонга ташриф буюриб, отасини ғалаба билан муборакбод этади[17]. Шунингдек, мирзо Улуғбек Фарғона воқеалари бўйича ҳисобот берган. Бошқа темурийзодалар каби Аҳмад мирзо ҳам шу вақтда Ҳиротга ўз одамини жўнатиб Шоҳруҳ мирзони табриклаш баҳонасида унинг Фарғона масаласидаги фикрини билмоқчи бўлганлиги табиий. Лекин, аслида айнан мана шу вақтда Фарғона масаласи бўйича Шоҳруҳ мирзо ўзининг аниқ фикрини билдирган, яъни водийни Мирзо Улуғбек ихтиёрига ўтишини маъқуллаган. Бу Аҳмад мирзонинг навкари Тукални ўз ҳузурида олиб қолиб, унга аниқ жавоб бермаганлидан ҳам кўриниб турибди. Юқорида таъкидлаганимиздек, Тукалга 1415 йилнинг 25 майида юпанчномани олиб қайтишга рухсат берилган. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, В.В. Бартольд Тукални Фарғонадаги жангларда асир тушиб қолган бўлса керак, деган тахминни илгари суради[18]. Биз эса манбаларда Тукалнинг Аҳмад мирзонинг навкари сифатида таърифланишидан уни махсус вазифаларни бажарувчи хос навкар бўлганлигини хулоса қилиш мумкин, деб ўйлаймиз. Агар Тукал асир бўлганида Ўш ёнида жангда қатл этилган Мирзо Улуғбекнинг номдор амирлари ва баҳодирлари хуни учун қатл этилиш эҳтимоли катта эди. Шунингдек, Фасиҳ Хавофий уни “Аҳмад мирзонинг навкари амир Тукал” деб атагани ҳам бежиз бўлмаса керак.[19] Кейинчалик амир Тукалнинг йирик саркардалардан бири сифатида Мирзо Улуғбек қўшини сафида Мўғулистон чегараларида хизмат қилганлиги ҳам маълум.[20]
Шунингдек, Мирзо Улуғбекнинг 1414 йилнинг 25 ноябридан то 1415 йилнинг мартига қадар Хуросонда қолиб кетганлиги бир неча мулоҳазаларни келтириб чиқаради. Шоҳруҳ мирзо Мовароуннаҳрнинг шимолий ва шарқий чегараларида бирор бир жиддий хавф йўқлиги учун ҳам ўғлини узоқ муддат Хуросонда тутиб қолган бўлиши эҳтимолга яқин. Балки, бу орқали Шоҳруҳ мирзо Форсдаги муҳим ишлар билан банд бўлган вақтда мамлакатнинг шарқий чегараларида хавфли вазиятнинг келиб чиқишига сабабчи бўлган Мирзо Улуғбекни жазолагандир. Чунки шу вазият сабабли мўғуллар Фарғона водийсига бостириб кирдилар ва Ўш ёнида темурийлар қўшинини тор-мор этдилар. Шу билан биргаликда Аҳмад мирзо Андижонни қамал қилиб турганда ёки бошқа хавф бўлганида Шоҳруҳ мирзо Мирзо Улуғбекни Хуросонга келишига изн бермаган, ёки уни чақиртириб, ўрнига бошқа шаҳзодани юборган бўлар эди.
Албатта, Аҳмад мирзонинг Мўғулистонга кетиши, мўғулларнинг темурийлар давлатининг ички ишларига аралашиши янги талон-тарожларни авж олдиришлари учун айни муддао эди. Мўғуллар Аҳмад мирзони яхши кутиб оладилар. Унинг синглисини энг обрўли дуғлат қабиласининг сардорларидан бири Амир Саид Али никоҳига сўратиш орқали, иттифоқни мустаҳкамламоқчи бўладилар. Бу ҳақда Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг “Тарихий Рашидий” асарида қуйидагича ҳикоя қилинади: “Ўша кунлари темурийлар юртидан Аҳмад мирзо деган одам Шоҳруҳ мирзо уйидан қочиб келган эди. Унинг ёнида синглиси ҳам бўлиб, Амир Саид Али унга ошиқу шайдо бўлиб қолди. Амир Худойдод ва бошқалар орага тушиб, совчилик қилишди. ““Мен Мўғулистонда қолишни истамайман, агар у менинг юртимга бирга кетса, унда бу иш мумкин бўлар”, деди. Кўп ўтмай улар Мовароуннаҳрга, ўз вилоятларига кетишди. Амир Саид Али улар билан бирга ўша ёққа кетди. Улар Андижонга келишгач, Мирзо Улуғбек одам юбориб, Аҳмад мирзони ўлдиради ва синглисига ўзи уйланади, амир Саид Алини Самарқандда қамоққа олади.”[21] Аслида бу ёрдам эмасди. Аксинча, Аҳмад мирзонинг ёнида бўлиб, унинг ҳаракатларини кузатиб бориш ҳамда вазият билан яқиндан танишиб, сўнгра бирор бир аниқ хулосага келиш учун қилинган ҳаракат эди, холос.
Шу ўринда, Ҳайдар мирзо хатога йўл қўйганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш керак. Аввало, амалий ёрдам бўлмаганлиги сабабли бу сафар Аҳмад мирзо Андижонга ҳам кела олмайди. Ҳиротга кетгунга қадар у Қошғарда қолишга мажбур бўлган. Иккинчидан Аҳмад мирзони Мирзо Улуғбек ўлдирмаган ва бу ҳақида қуйида сўз юритилади.
Мўғул хони Муҳаммадхон ўзининг Темурийлар давлати билан муносабатларини бузиб қўйишни истамаган бўлса керак-ки, Аҳмад мирзога бу сафар амалий ёрдам бермайди.
Аҳмад мирзонинг Мўғулистонда эканлиги Шоҳруҳ мирзони ҳам ташвишга солмай қолмас эди. Унинг учун Марказий Эронда ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаб, Ғарбий Эрон ва Озарбайжонни қайта темурийлар давлати таркибига киритиш учун курашаётган бир пайтида давлатнинг шимоли-шарқий чегараларида тинчлик ўрнатилиши жуда муҳим зарурият эди. Шу сабабдан Шоҳруҳ мирзо Аҳмад Мирзо номига юқорида таъкидланган юпанчномани юбориб, уни ўз ҳузурига таклиф этди. Фасиҳ Хавофий ушбу масала бўйича яна бир муҳим маълумот тақдим этади.[22] Унинг баёнига қараганда Аҳмад мирзо Мўғулистонга кетмасдан олдин ҳам унга Шоҳруҳ мирзо томонидан таклифнома берилган. Лекин шунга қарамай, Аҳмад мирзо Мўғулистонга кетишга қарор қилгач, унга иккинчи маротаба таклифнома-юпанчнома юборилган.
1415 йилнинг ёзида Мўғулистонда юз берган сиёсий ўзгаришлар Шоҳруҳ мирзонинг ишини енгиллаштирди. Чунки кутилмаганда Мўғулистон хони Муҳаммадхон вафот этиб,[23] тахт учун унинг ворислари ўртасида кураш бошланди. Муиниддин Натанзий ҳам ўз асарида Муҳаммадхон вафотидан сўнг хонлик бобида жуда кўп курашлар бўлганлиги ва охир оқибат дуғлат қабиласидан бўлган йирик амир Худойдоднинг саъй-ҳаракатлари билан Нақши Жаҳоннинг хон бўлганлигини баён қилади.[24] Ўзаро тахт курашлари билан банд бўлган мўғул ҳукмдорларининг темурий шаҳзода Аҳмад мирзога ёрдам бериши амримаҳол эди. Шу сабабли ҳам Аҳмад мирзо мўғуллар ёрдамидан умидини узишга мажбур бўлган.
Юпанчнома таъсирида, шунингдек, Мўғулистонда сиёсий беқарорлик бошлангач, Аҳмад мирзо ноилож Фарғона водийси ҳукмдорлигидан умидини узиб Ҳиротга жўнаб кетди. Лекин у Ҳиротда узоқ турмади. 1416 йили бир неча шаҳзодалар билан биргаликда Шоҳруҳ мирзога қарши фитнада айбланган Аҳмад Мирзо ҳажга жўнатилди[25] ва 1425 йили ўша ерда вафот этди.
Аҳмад мирзо ҳажга жўнатилиб, сиёсат майдонидан буткул четлатилгач, унинг Қошғарда қолган ноиби Шайх Али Тағои ҳам Мирзо Улуғбекга мурожаат қилиб, Қошғарни ўз мулкига қўшиб олишини сўради. Шу тариқа Қошғар ҳам Мовароуннаҳр таркибига киритилди.
Шундай қилиб, Шоҳруҳ мирзонинг аралашуви натижасида янги урушларни олди олинди ва Фарғона водийсининг Мирзо Улуғбек бошқарувига ўтганлиги расман ўз тасдиғини топди. Бу эса мамлакат шарқий чегараларини мустаҳкамланишида ҳамда ўзаро урушлар, шунингдек, мўғул қабилаларининг талончилик ҳужумларини олдини олинишида муҳим қадам бўлди.
Манбалар ва адабиётлар
Абдураззоқ Самарқандий. Матлаъ ус-саъдайн ва мажмаъ ул-баҳрайн / Форс – тожик тилидан таржима, кириш сўз ва изоҳи луғатлар тарих фанлар номзоди А. Ўринбоевники. -Т. : Фан. 1969. Б. 196.
Абдураззоқ Самарқандий. Ўша китоб. Б. 397. Қаранг 9-изоҳ.
Файзиев Х. Т. Шоҳруҳ мирзонинг Умаршайх мирзо авлодларига муносабати // “Тарихий манбашунослик, тарихнавислик, тарих тадқиқотлари ва методологиясининг долзарб масалалари” мавзусидаги Республика VI илмий-назарий конференциясининг материаллари Т., 2014. Б. 296
Аҳмедов Б. Улуғбек. – Т. : Ёш гвардия. 1989. Б.69-72; Аҳмедов Б. Мирзо Улуғбек (ҳаёти ва илмий-сиёсий фаолияти). // Тарихдан сабоқлар – Т.: Ўқитувчи. 1994. Б. 113-114.
Бартольд В.В. Улугбек и его время // Сочинения. Том 2. Часть 2. – М.: Наука. 1964. С. 100.
Абдураззоқ Самарқандий. Ўша китоб. Б. 196.
Абдураззоқ Самарқандий. Ўша китоб. Ўша жойда.
Фасих Хавафи. Муджмал-и Фасихи / Пер. предис. примеч. и указатели Д. Ю. Юсуповой. – Т. : Фан, 1980. С. 167.
Абдураззоқ Самарқандий. Ўша китоб. Б. 201-202.
Шарафиддин Али Йаздий. Зафарнома /Сўз боши, табдил, изоҳлар ва кўрсаткичлар муаллифлари А. Аҳмад ва Ҳ. Бобобеков, -Т. : Шарқ, 1997. Б. 80.
Абдураззоқ Самарқандий. Ўша китоб. Б. 196.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома // Нашрга тайёрловчи П. Шамсиев. – Т.: Юлдузча. Б. 6.
Аҳмедов Б. Улуғбек. – Т. : Ёш гвардия. 1989. Б.71; Аҳмедов Б. Мирзо Улуғбек (ҳаёти ва илмий-сиёсий фаолияти). // Тарихдан сабоқлар – Т.: Ўқитувчи. 1994. Б. 113-114.
Абдураззоқ Самарқандий. Ўша китоб. Б. 196, 217; Фасих Хавафи. Ўша китоб. С. 167.
Бартольд В.В. Ўша китоб. С. 100.
Абдураззоқ Самарқандий. Ўша китоб. Б. 217.
Фасих Хавафи. Ўша китоб. С.170.
Бартольд В.В. Ўша китоб. С. 100.
Фасих Хавафи. Ўша китоб. С.171.
Абдураззоқ Самарқандий. Ўша китоб. Б. 217.
Мирзо Мухаммад Хайдар. Тарих-и Рашиди / Введение, перевод с персидского А. Урунбаева, Р.П. Джалиловой, Л.М. Епифановой, примечания и указатели Р.П. Джалиловой и Л.М. Епифановой – Т.: Фан. 1996.С. 88.; Муҳаммад Ҳайдар Мирзо Тарихи Рашидий/ Сўз боши ва изоҳлар муаллифи ҳамда таржимонлар В. Раҳмонов ва Я. Эгамова – Т.: Шарқ. 2010. Б. 125.
Фасих Хавафи. Ўша китоб. С.174.
Абдураззоқ Самарқандий. Ўша китоб. Б.222; Фасих Хавафи. Ўша китоб. С.174
Муиниддин Натанзий . Мунтахаб ут-таворихи Муиний. / Форс тилидан таржима, сўз боши ва изоҳлар муаллифи - Ғулом Каримий - Т.: Ўзбекистон. 2011. Б. 229.
Абдураззоқ Самарқандий. Ўша китоб. Б.230.
Do'stlaringiz bilan baham: |