Биржадаги аукцион савдосининг биринчи туридаги жараённи кўрамиз.
Сотувчи брокер (трейдер) маклериатга маълум бир турдаги, миқдордаги ва нарҳдаги қимматли қоғозларини сотиш тўғрисидаги ариза топшириғини (талабни) тақдим этади. Савдо жараёнида сотувчининг навбати келгач, маклер бу талабни эълон қилади. Бунда икки ҳолат вужудга келиши мумкин:
Бирамасига бир нечта потенциал ҳаридор (сотиб олувчи брокер) мавжуд бўлиши. Бу ҳолатда савдони олиб борувчи маклер токи биргина талабгор ҳаридор қолмагунича нарҳни маълум бир қадамда кўтариб боради;
Қачонки талабгор ҳаридор бўлмаса, унда биринчи ҳолатдагисига тескари аукцион бўлиши мумкин. Бунда сотувчининг ҳоҳишига қараб унинг қимматли қоғозларини нарҳи потенциал ҳаридорни қониқтирадиган миқдоригача пасайтирилиши мумкин. Агар аукционда оҳирги таклиф қилинган нарҳ ҳеч бир ҳаридорни қониқтирмаса, унда сотувчи қоғозларини савдодан чиқаради.
Ушбу жараёнга диққат қилинса, унда қуйидаги рисклар намоён бўлишини кўриш мумкин.
Келишилган ноҳалол операциялар бўйича рисклар. Бир операторга (одатда янги иш бошлаган брокерга) бир вақтнинг ўзида бир нечта (камида иккитаси) бир-бири билан гуруҳга ташкиллашган брокерларга қарши ишлаш анча мушкул бўлади. Бунда бундай гуруҳ бир брокерни арзонроқ сотишга ёки қимматроқ сотиб олишга мажбур қиладиган ҳолатни келтириб чиқариши мумкин. Бунда гуруҳдаги брокерлардан бири бошқаси билан олдиндан келишган тарзда сотувчи ёки ҳаридор операторнинг (брокернинг) савдо жараёнига қўшилишиб, савдони ошиб ёки пасайиб борувчи аукционга
айлантиради, натижада операторни арзонроқ сотишга ёки қимматроқ сотиб олишга мажбур қилади. Бундай ўйинни олдиндан пайқаш жуда қийин бўлганлиги сабали, оператор учун аукционда қимматли қоғозлар бўйича риск вужудга келади. Айтиш керакки, ўйин бошланишидан олдинроқ ташкиллашган гуруҳ брокерлари ўз мақсадларини амалга ошириш учун (операторга нисбатан) олдиндан ҳубфия равишда бир-бирлари билан фиктив битишувлар тузиб оладилар ва савдо жараёнида фиктив (олдиндан келишилган паст ёки юқори) нарҳларда ҳар бир лот бўйича операциялар бажариб, операторнинг навбати келгунича уни чалкаштириб, берадиган нарҳини назорат қилиб борадилар, натижада уни ўз мақсадларига бўйсундирадилар. Агар бунда гуруҳ брокерлари оператордан акцияларни пастроқ нарҳда сотиб олмоқчи бўлсалар, унда бозорда сунъий равишда “штиль” (сокинлик) ҳолатини (яъни, ҳаридорлар камёблигини) ҳосил қиладилар. Агар ўз акцияларини операторга қимматроққа сотмоқчи бўлсалар
бозорда сунъий “фаоллик” ҳолатини содир қиладилар.
Ташкиллашган гуруҳ фаолиятидан кўриниб турибдики, гуруҳ брокерлари ўзаро олдиндан фиктив битишувлар тузиб, биржада ёлғон (фиктив битишувга асосланган) операциялар амалга ошириш рискини келтириб чиқардилар. Бу риск эса натижада оператор зиммасига ўтди.
Яна шуни ҳам сезиш мумкинки, гуруҳ брокерлари бир вақтнинг ўзида бозордаги нарҳлар бўйича манипуляция қилдилар, натижада бозорни манипуляция қилиш риски вужудга келди.
Ташкиллашган гуруҳ ҳаракатларининг барчасидан, ўз навбатида, барча бошқа биржа қатнашчилари учун ёлғон информация риски ҳам келиб чиқишини пайқаш қийин эмас.
Юқорида кўрсатилган биржа савдосида учраши мумкин бўлган рисклардан ташқари унда (бозорнинг ҳисоб-китоб ва депозитарий тизимлари яхши ривожланмаган бўлса) клиринг ва қимматли қоғозлар билан боғлиқ ҳисоб-китоблар жараёнида вужудга келувчи рисклар ҳам мавжуд бўлиши
мумкин. Бундай рискларга (уларнинг келиб чиқиш манбаларига қараб) қуйидагиларни киритиш мумкин.
Ликвидлилик риски (ингл, liquidity risk) – қимматли қоғозлар сифатини баҳолашдаги ўзгариши туфайли уларни сотиш чоғида пайдо бўлувчи йўқотишлар билан боғлиқ риск.
Етказиб берилиши риски – савдо содир бўлганидан кейин сотувчидаги қимматли қоғозларни ҳаридорга ўз вақтида етказиб бермаслик риски.
Операционриск– савдо вақтида компьютер тизимидаги носозликлар ёки биржа персонали ишини паст сифати эвазига содир бўладиган йўқотишлар билан боғлиқ риск.
Клиринг риски – савдо вақтида клиринг тизимидаги камчиликлар ва ҳисоб-китоб технологиясини бузиш эвазига содир бўладиган йўқотишлар билан боғлиқ риск.
Қоплаш бўйича зарар кўриш риски (ингл, replacement cost risk) – учинчи шахслар олдидаги мажбуриятларни савдо жараёнида сотувчига тегишли пул маблағларни ола олмаганлиги эвазига қоплай олмаслик риски.
Қарзнинг асосий суммасини йўқотиш риски (ингл, principal risk) – савдо натижаси бўйича бир вақтнинг ўзида сотилган қимматли қоғозлар бўйича пул тўлови ва уларни ҳаридорга етказиб берилмаслик эвазига содир бўлувчи йўқотишлар билан боғлиқ риск. Бундай риск сотувчининг тўлов қобилиятини йўқотиши ҳолатида рўй бериши мумкин. Бу риск “тўлов натижасига кўра етказиш” тамойили асосида йўқотилиши мумкин.