ЁШГА ДОИР ПЕНСИЯЛАРНИНГ ТАШКИЛИЙ-МОЛИЯВИЙ АСОСЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЙЎЛЛАРИ
Ш.К.Хамдамов ТМИ, “Давлатий молия” кафедраси катта ўқитувчиси
Пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш масалалари охирги йилларда энг долзарб ва муҳокамали масалалардан бирига айланиб бормоқда. Пенсия таъминоти тизимининг етарлича баҳоланиши ва узоқ муддатли прогнозини амалга ошириш, унинг баланслилигини ва молиявий барқарорлигини таъминлаш учун пенсия таъминоти рискларини аниқроқ баҳолаш зарур. Бу эса, салбий ва ижобий омиллар ўртасида сабаб ва оқибат боғлиқлилиги муносабатларини ишончли ўрнатишга ҳамда Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг ёшига доир пенсия таъминоти тизимини тартибга солиш ва бошқариш имкониятини беради. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2020 йил 24-январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мурожаатномасида таъкидланган қуйидаги фикрлари фуқаролар пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш заруратини намоён этади: “... Йил давомида бюджет тизими ходимларининг иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори инфляция даражасидан юқори миқдорда оширилади. Фуқароларимиз пенсияга чиқиши учун фақат паспорти билан бориб, мурожаат қилиши кифоя бўладиган тизим яратилади. Бунинг учун, биринчи навбатда, давлат архиви тизими электрон шаклга ўтказилиши керак. Жорий йилда кексалар, жумладан, ёлғиз кексалар билан ишлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича яхлит ва таъсирчан тизим яратиш зарур. Бу тоифа учун ажратилаётган ижтимоий тўловлар миқдори ҳам қайта кўриб чиқилиши керак”133.
Ўзбекистон Республикасида ёшга доир пенсия таъминоти учун талаб этиладиган иш стажи бугунги кунда 7 йилни ташкил этмоқда. Халқаро меҳнат ташкилотининг тавсиясига кўра бу кўрсаткич камида 15 йилни ташкил этиши лозим. Таҳлилларимиз шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда охирги йилларда тўлиқсиз иш стажи билан тайинланаётган ёшга доир пенсиялар сони кўпаймоқда, хусусан тайинланаётган ёшга доир пенсияларнинг ярмидан кўпи (54,7%) тўлиқсиз иш стажи билан тайинланаяпти, умумий ҳисобда пенсия олувчиларнинг тўртдан бир қисмидан кўпроғи (26,3%) тўлиқсиз иш стажи билан пенсия олмоқда. Бу ҳолатда уларнинг пенсия миқдорларининг ҳамда тўлиқсиз иш стажи билан пенсияга мурожаат этувчиларнинг пенсия таъминотидаги иштирокини юқори эмаслигини таъкидлаш мумкин. Маълумотлардан кўриш мумкинки, Ўзбекистонда 2019 йилнинг 1-январь ҳолатида иш стажи 15 йилгача бўлган тайинланган пенсиялар жами тайинланган пенсияларнинг 18,5%ни, 2018 йилнинг ўзида эса, 34,3%ни ташкил этган (1-расмга қаранг).
133Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мурожаатномаси. Тошкент шаҳри, 24 январь 2020 йил. Манба: https:// uza.uz - интернет сайти.
190
Do'stlaringiz bilan baham: |