Фьючерс шартномалар тушунчаси ва турлари Фьючерс шартномаси – белгиланган миқдордаги базис активни
шартнома имзоланган пайтда қайд қилинган нарх бўйича келажакда белгиланган вақтда етказиб беришга биржа шартномасидир.
Фьючерс шартномалар бўйича энг оммавий базис активлари турлари қуйидагилар ҳисобланади:
–фоиз ставкалари;
–хорижий валюта;
–фонд индекслари ва алоҳида қимматли қоғозлар (акциялар);
–биржа товарлари (стандартлаштирилган товарлар).
Форвард шартномаси каби, фьючерс шартномаси ҳам битимнинг иккала томони учун ижро этилиши мажбурий ҳисобланади. Фьючерс нархларини аниқлаш форвард нархларни ҳисоблаб чиқиш билан бир хил тамойиллар бўйича амалга оширилади.
5.2-расм. Фьючерс шартномалари нархининг шаклланиши
Таъкидлаш жоизки, фьючерс шартномалар билан савдо мунтазам амалга оширилади. Хусусан, агар инвестор 0 нуқтада бўлса ва бир йиллик шартнома имзолайдиган бўлса, шартномада кўрсатилган нарх бугунги спот-нархнинг даромадлилик йиллик ставкасига кўпайтирилган (форвард нарх каби) миқдорини ташкил қиладиган бўлса, бу нарх адолатли нарх ҳисобланади. Шартномалар ижро этиш вақтига қанчалик яқин вақтда имзоланса, улар базис актив нархига шунчалик яқин бўлади. Ижро этиш вақтида улар тенг бўлади.
Шу билан бир пайтда, фьючерс шартномаларни форвард шартномалардан ажратиб турадиган қатор муҳим ва жиддий тафовутлар мавжуд:
–фьючерс шартномаси стандартлаштирилган ҳисобланади (етказиб бериш нархидан ташқари фьючерс шартномасининг барча шартлари биржа томонидан шартнома таснифида (спецификациясида) белгилаб берилади);
–биржа фьючерс шартномалари ижро этилишини кафолатлайди (фьючерс бозорида биржа марказий контрагент – савдонинг барча қатнашчилари учун битимлар бўйича умумий томон ролида иштирок этади; шундай қилиб, агар томонлардан бири фьючерс шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажармаса, бу унинг контрагенти битимни ижро этмаслиги учун асос бўлмайди);
–фьючерс бозори қатнашчиси шартнома муддати тугагунга қадар исталган пайт ўз позициясини йўналиш бўйича қарама-қарши (офсет) битим билан ёпиши мумкин (масалан, фьючерс бозорида қисқа позицияни ёпиш учун худди шу миқдордаги шартномага узун позиция очиш зарур – бу ҳолатда савдо қатнашчисининг позицияси бекор қилинади);
–фьючерс бозорида молиявий кафолатлар тизими амал қилади – ҳар бир фьючерс шартнома бўйича биржа позиция очиш (бошланғич, ёки депозит маржа) ва уни сақлаш (қўллаб-қувватлайдиган маржа) учун зарур бўлган кафолат таъминоти минимал ҳажмини белгилайди;
–биржа ҳар куни савдо қатнашчиларининг фьючерс шартномалар бўйича позицияларини қайта баҳолайди ва ютуқ ёки ютқизиқлар миқдорини (вариацион маржа) савдо қатнашчилари счетлари ўртасида ўтказади;
–қоидага кўра, фьючерс шартномалар бўйича базис активни ҳақиқатда етказиб бериш амалга оширилмайди (савдо қатнашчиларининг кўпчилиги ўзининг савдо позициясини қайта баҳолаш шаклида фойда ёки зиён кўрган ҳолда шартноманинг тугаш муддатидан олдин ўз позицияларини офсет битимлар билан ёпади).
Қоидага кўра, фьючерс шартномаларининг ижро санаси бир йилда тўрт марта рўй беради (март, июнь, сентябрь ва декабрь ойларининг ўртасида – уларнинг номи ҳам шундан келиб чиқади: мос равишда март, июнь, сентябрь ва декабрь фьючерслари).
Исталган инвестор фьючерснинг ижросини (қаттиқ мажбуриятни) кутиб ўтирмасдан ўз позициясини ёпиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |