Б) Канада адабиёти
Канада адабиётининг дастлабки шаклланиш даври ХVI-ХVII асрлар давомида француз ва инглиз мустамлакачиларининг Канадага кириб келиши ва колониялар тузиши палласига тўғри келади. XVIII асргача Канада адабиёти канадалик ҳинду, инуит ва эскимосларнинг оғзаки ижоди, дунё ва коинот яралиши ҳақидаги афсоналари, анъанавий фольклор кўшиқлари, европалик сайёҳлар ва миссионерлар кундаликлари, ҳарбий аскарлар, савдогарларнинг таассуротлари, губернаторларнинг мемуарларидан иборат бўлган. Кейинчалик ёзилган бадиий асарлар француз ва инглиз классик адабиёти анъаналари таъсирида ёзилганлиги, фақат шакли-шамойили ва мазмуни Канада воқелигига кўчгани сезилиб туради. XVIII асрнинг охири ва XIX асрнинг биринчи ярмига келиб ҳажм ва мавзу жиҳатидан тор ва жўн бўлган Канада адабиёти кенгайиб боради.
XIX аср француз Канадаси поэзияси ривожланишида Квебек ва Монреаль шеърият мактаблари атрофида бирлашган романтик шоирлар гуруҳининг фаолияти муҳим роль ўйнайди. Франсуа Касавье, Дени Гарно, Гюстав Фрешетт, Шарль Жиль, Эмиль Неллиган, Албер Лазо каби шоирларнинг ижоди аввалги тақлидчиликдан узоклашиб, ўзига хос услубларда ватанпарварлик, озодлик туйғуларига бой, инсон улуғлигини тараннум этувчи хусусият касб этади. Айниқса, “Миллат шоири” деб тан олинган Октав Кремазининг шеърияти ва адабий мероси француз Канадаси адабиётида алоҳида ўринга эга. Кремази поэзиясида шахсий ҳиссиётлар эмас, кўпроқ миллат ва жамиятни уйғотиш ғоялари, инсон орзу-идеаллари устуворлик қилади. Кремази адабий мероси фақатгина шеърият билан эмас, балки франко-канада адабий муҳитининг ривожланиш тенденцияларига бўлган муносабати, ижтимоий-фалсафий қарашлари билан ҳам эътиборга лойиқдир. Октав Кремази 1862 йил “Канада оқшомлари” номли илк адабий журнал нашрини йўлга қўяди ва унда ўз даври адибларининг янги асарларидан парчалар бериб боради. XIX аср франко-канада бадиий адабиётида роман ва ҳикоя жанрларида эътиборга лойиқ асарлар деярли яратилмайди. Катта ижтимоий кучга эга черков руҳонийлари адабиёт ва санъат ривожини чеклаб, ёзилган асарлар нашрини ман этишгача борадилар. Шунинг учун ҳам фақат А.Эммоннинг оддий французлар ҳаёти қаламга олинган “Мария Шапделен” романини эътиборга олмаганда, тадқиқотчилар ушбу даврни “йўқотилган имкониятлар ва ёзилмаган китоблар даври”, деб аташган.
Канаданинг англо-канада адабиётида маърифатпарварлик ғоялари устун бўлиб, асосан, инсон ва табиат, Онтарио кенгликларидаги ҳаёт, мустабидликка қарши кураш мавзулари асосий ўрин эгаллайди. “Сатира отаси” деб ном олган Томас Хамбэртоннинг “Соатсоз”и Канада адабиётининг биринчи энг машҳур ва етук асари ҳисобланади. Хамбертоннинг “Соатсоз” ва “Атташе” асарлари аслида бадиа ёки сайёҳлар кундалик дафтари шаклида ёзилган бўлиб, унда ижтимоий муаммоларнинг ўткир сатира орқали танқидий ёритилиши образлар таъсирчанлигини янада оширади. Муаллиф Сэм образида баъзи америкаликлар характерига хос манманлик, фирибгарлик, оддий ва соддадил одамларга нисбатан беписандлик, товламачилик каби нуқсонларни ёрқин эпизодларда фош этади. “Соатсоз” аввал “Новоскошн” газетасида босилади. Кейинчалик Канадада бир неча бор нашр этилиб, Англия, АҚШ, Франция, Германия ва бошқа мамлакатлар тилларига таржима қилинади. Опа-сингил Катрина Трейл ва Сюзанна Муди ҳикояларида Канаданинг бўйсунмас табиати, қаҳратон совуқ иқлимида европаликларнинг ҳаёт учун кураши, асл канадалик ҳинду-инуитлар билан муносабатларининг ёритилиши жамоатчилик эьтиборини тортади.
XIX аср англо-канада адабиётида муҳим ўрин эгаллаган ёзувчилардан бири Ж. Ричардсон бўлиб, унинг “Текулис – Ғарб курашчиси” поэмаси, “Вакуста”, “Канадада саккиз йил”, “Тугалланмаган 1812 йил уруши” романларида Канада ҳиндуларининг америкалик босқинчиларга қарши мардонавор кураши бадиий талқин этилади.
XIX асрнинг иккинчи ярмида Канада адабиётида миллийлик учун интилишлар даври бошланади. Канада халқининг миллий бирлиги, ягона миллат сифатида ўзликни англаш, ватанпарварлик, бетакрор табиат манзараларини куйлаш франко-канада ва англо-канада ёзувчи ва шоирлари асарларининг асосий мавзусига айланади. Ушбу давр адабиётида поэзия алоҳида ўрин эгаллайди. Англо-канада шоирлариАлександр Маклачлан, Чарльз Мэр, Изабелла Кроунфорд, Чарльз Робертсон,Д. Скотт, Блисс Кармен шеърияти эътиборга лойиқ. Канада табиати куйчиси Арчибальд Лампмен ўша даврнинг энг иқтидорли шоири деб эътироф қилинади. Лампменнинг ижтимоий тенгсизлик, ёвузлик ва босқинчилик қораланган “Ер лирикаси” поэмаси турли тилларга таржима қилинади. Помена Жонсон (асл ҳиндуча исми Техаки Онвейк) поэмалари ва шеърларида она табиат манзаралари, қадим ҳиндулар қўшиқларидаги эрк ва озодлик ҳақидаги орзу-хаёллар ўзининг ёрқин бадиий ифодасини топади.
XX аср Канада бадиий адабиётида кескин бурилишлар, мавзу ва жанр доирасининг кенгайиб бориши, янги замонавий йўналишлар кўзга ташланади. Қишлоқ ҳаёти, фермерларнинг мураккаб турмуш тарзи, ижтимоий муаммолар, табиатнинг шафқатсизлиги Фридрих Филлип Гров, Тимоти Финдлей, Жак Годбу, Рюжан Дюшарм романлари ва Марли Каллахон прозасининг асосий мавзусига айланади. Хью Макленан эса “Барометр’, “Икки ёлғизлик” романларида Канада ижтимоий-маданий ҳаёти учун муаммоли бўлган англо-канада ва франко-канадаликлар орасидаги муносабат, қарама-қаршилик масаласига эътибор қаратади. Канада “юморининг отаси” Мордихай Ричлер асарларида жамиятдаги ижтимоий муаммоларнинг ҳажвиёт орқали ёритилиши Канада адаби-ётини жанр жиҳатидан кенгайтиради. Машҳур романнавис Робертсон Дэвиснинг “Дептфор трилогияси”ни адабиётшунослар XX аср Канада бадиий адабиётининг энг мукаммал асари, деб эътироф этади. Канада замонавий адабиётининг атоқли намояндаларидан бири Тимоти Ирвин Фредерик (адабий тахаллуси ТИФФ) номи Канада адабиёти тарихида алоҳида ўрин эгаллайди. Канада ва Франциянинг Олий орденлари кавалери ТИФФнинг “Урушлар” романи Канада генерал-губернаторининг Олий мукофотига сазовор бўлган. Тимоти Ирвин Фредерик Канада адабиёт Ассоциациясининг уч номинацияси бўйича – “роман, драма ва ҳикоя асарлари учун” мукофотининг ягона совриндори ҳисобланади. Унинг “Зиёратчи”, Анн Эбернинг “Камураска” романлари жаҳон адабиётининг энг сара асарлари қаторидан ўрин эгаллаган. Майкл Ондатже асарлари, Маргарет Этвуднинг ҳикоя ва новеллалари Букер мукофотига, Кэрол Шилдснинг “Стоун кундаликлари” асари Пулитцер мукофотига сазовор бўлиши, Габриэль Руанинг “Тасодифий бахт”, Кинселланинг “Орзулар майдони” асарлари асосида бадиий фильмлар яратилиши, Майкл Ондаатжининг “Англиялик пациент“ фильми “Оскар” мукофоти билан тақдирланиши Канада адабиётининг дунёга чиқишида муҳим аҳамият касб этди.
XX асрнинг иккинчи ярмида Канада поэзияси юксак даражага кўтарилади. Замонавий Канада шеъриятининг ўзига хос мавзу ва услублар ранг-баранглиги машҳур шоирлари Филлис Вебб, Маргарет Этвуд, Гведолин Мак Юин ижодида намоён бўлади. Эрл Берни ижодидаги ижтимоий мавзунинг янгича поэтик ифодаси, Леонард Коэннинг сюрреалистик тажрибалари, Жо Розенблатнинг шаклий экспериментлари, Барри Николь қаламига мансуб шеърий романлар ва поэмалар, Кристиан Бёкнинг “куйловчи” поэзияси, Патрик Лейннинг содда шеърий ҳикоялари, поэзиядаги услубий, бадиий-ғоявий изланишлар кўламининг кенглиги Канада шоирларини жаҳонга танитади.
Канада адабиётининг ривожида мамлакатда адабиёт ва маданият равнақига давлат сиёсати даражасида аҳамият берилишининг ўрни беқиёс. Шу муносабат билан аҳолининг бадиий-эстетик онгини шакллантиришга қаратилган қатор дастурларни эслаш жоиз. Шулардан бири “Шеърият тарбияси” дастури бўлиб, биринчи босқичда 7-12 ёшли болаларнинг бадиий ижодга бўлган қизиқишларини рағбатлантириш учун машҳур шоирларни бошланғич ва ўрта мактабларга устоз сифатида бириктириш ишлари амалга оширилади. Иккинчи босқичда эса олий ўқув юртлари талабалари, ҳукумат идоралари хизматчилари ва турли соҳа ходимларида шеъриятга қизиқиш уйғотиш, ижод қилишлариучун амалий ёрдам сифатида таниқли шоир ва адибларни жалб этиб, ҳаваскорликни рағбатлантиришга эътибор қаратилди.
XX асрнинг 90-йилларида “Канада шоирлари лигаси” ташкил топади. Лига шеъриятга бағишланган турли фестиваль ва танловлар ўтказади, болалар шеърлари тўпламлари, ҳаваскор шоир ва ёзувчилар ижодидан намуналар нашр этиб, кенг тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширади.
Лиганинг яна бир муҳим вазифаларидан бири, хорижий мамлакатларда Канада ёзувчиларининг китоб бозорлари ва ярмаркаларини ўтказиш, дунёдаги адабиёт марказларига Канада шоирлари ва адибларининг янги асарлари ҳақида ахборот тарқатишдан иборатдир.
“Шоирлар лигаси”, Канада ёзувчилар уюшмаси, Канада муаллифлар ассоциацияси, Канада шеърият ассоциацияси, “Ёзувчилар болалар учун”, Канада санъати конфедерацияси каби ташкилотлар ҳамда адабиёт соҳасидаги энг нуфузли миллий мукофотлар кўпмиллатли Канада адабиёти ва саньатининг тараққиётида муҳим аҳамиятга эга.
2013 йилда 82 ёшли ёзувчи Элис Манронинг адабиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлиши Канада адабиётининг мавқеини янада юксакликка кўтарди.
Адабиётлар рўйхати:
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2014 йил № 7.
www. vikipediya
Do'stlaringiz bilan baham: |