ЮҚОРИ МАЛАКАЛИ ЗАМОНАВИЙ МУТАХАССИСЛАРНИ ТАЙЁРЛАШДА МАЛАКА ОШИРИШ ТИЗИМИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ
Раҳмонова Насибахон Юсуфжон қизи
Андижон вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази ўқитувчиси
“Моддий ва маънавий ҳаётни уйғун ривожлантиришимиз керак. Мактаб бу борада асосий бўғин бўлиши лозим. Мактаб таълимини ривожлантириш биз учун буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур”.
Ш.Мирзиёев
Мамлакатимизда ўтказилаётган ислоҳотлар негизида такомиллашиб бораётган, жаҳон андозаларига ҳамоҳанг таълим мазмуни ўз-ўзидан эмас, балки кўп минг сонли педагоглар тажрибаси, изланишлари ва уларнинг ижодий фаолияти орқали амалга ошади. Таълим ислоҳотлари янгича фикрловчи, асримизнинг шиддатли ахборот оқимида тўғри йўл топа оладиган, ахборотлардан ёш авлод таълим-тарбиясида, касб-ҳунар ўрганишида уларнинг қизиқиш ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда унумли фойдалана оладиган, изланувчан, креатив, замонавий ўқитувчини шакллантириш вазифасини қўймоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февраль кунги ПФ-4947 сонли “2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар Стратегияси тўғрисида”ги Фармони барча соҳаларда бўлгани каби таълим ислоҳотларини амалга оширишда дастури амал бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрь кунги «Халк таълими бошкарув тизимини такомиллаштириш буйича кушимча чора-тадбирлар тугрисида»ги ПФ-5538 сонли Фармони, «Халк таълими тизимига бошкарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тугрисида»ги ПК-3931сонли қарорларнинг қабул қилиниши бевосита Харакатлар стратегиясида белгиланган асосий вазифалар ижросини мантикий давом эттириш десак, муболаға булмайди.
Юқоридаги қонуности ҳужжатлардан келиб чиқиб, бугунги кунда таълимда янгича мазмун, янгича ёндашув кечаётганини кўрамиз.Сир эмаски, таълим мазмуни қанчалик янгиланмасин, мукаммал ўқув дастурлари, дарсликлар яратилмасин, ўқув жараёни қанчалик жиҳозлар ва техника воситалари билан таъминланмасин, ўқув-тарбия жараёнининг самарадорлиги ўқитувчининг компетентлиги ва педагогик маҳоратига боғлиқ.
Шиддат билан ривожланаётган бугунги кун малака ошириш тизими олдига катта вазифаларни қўймоқда. Бу эса ўз навбатида таълим сифати ва мазмунини янги босқичга кўтариш учун ўқитувчиларнинг билими ва касбий компетентлигини, педагогик маҳоратини ривожлантириш, ҳар бир ўқитувчининг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг малакасини оширишга бўлган эҳтиёж ва қизиқишларини ўрганиш, амалий кўмак беришдан иборат. Ўқитувчилар малакасини ошириш учун ўқув жараёнини мақсадли ташкил этиш, таълимнинг шакли, услублари ва технологиясини танлаш йўли билан тингловчиларга таълим дастурларини ўзлаштиришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш керак. Бунда малака ошириш жараёнини табақалаштириш, инновацион технологиялардан кенг фойдаланиш, курс тингловчиларига услубий ёрдам ва айниқса, ёш мутахассисларга алоҳида индивидуал ёндашган ҳолда таълим беришни ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев: “Бизнинг фаолиятимиз энг муҳим конституциявий қоидага- ижтимоий адолат тамойилини таъминлашга қаратилиши шарт”28 дея таъкидлаган. Ижтимоий адолат деганда, сиёсий қарашлари, ирқи, жинси, ёши, миллати, тили ва диний эътиқодидан қатьий назар, қонун олдида барча фуқароларнинг тенглигини таъминлаш ва бу орқали фуқароларнинг таълим, тиббиёт ва бошқа соҳалардаги имкониятлар тенглиги тушунилади. Демографик жиҳатдан ёш давлат саналувчи Ўзбекистоннинг педагог кадрлари ичида ёш мутахассислар сон жиҳатидан кўпчиликни ташкил этишини алоҳида эътиборда тутишимиз шарт. Ўқитишни индивидуаллаштиришда курс тингловчиларининг қобилиятлари, истеъдодлари,қизиқишлари, қадриятлари йўналиши ва шахсий тажрибасига эътибор қаратилади. Амалиётчи ўқитувчиларнинг ўзлаштиришда ва таълим олиш фаолиятида ўз-ўзини намоён эта олиш имкониятлари ҳисобга олинади.29 Ёш кадрлар кўп йиллик иш тажрибасига эга бўлган катта ёшли ўқитувчилар олдида ўзларини тўла намоён қилишида бир қатор омиллар сабаб, ўз-ўзини ривожлантиришда бир қатор қийинчиликлар туғдиради.
Таълимни инсонпарварлаштириш – тингловчи, амалиётчи ўқитувчи учун унинг интеллектуал, маънавий-ахлоқий ҳамда шахсий имкониятларини рўёбга чиқариш йўлларини топиш усули механизмидир. Таълим жараёнини бундай тамойил асосида ташкил этилиши тингловчи ва амалиётчи ўқитувчиларни эркин, мустақил, танқидий фикрловчи шахсга айлантиради, бу эса ўз навбатида, ўқитувчининг касбий компетентлигини оширишда муҳим ўрин эгаллайди.
Ўқув машғулотларида интерфаол методлар орқали тингловчиларни бир-бирлари билан очиқ мулоқотини таъминлаш - тажриба алмашишнинг муҳим шарти саналади. Бу усулларнинг самарадорлиги шундаки, очиқ мулоқот, дискуссияларда иштирок этган тингловчи ўзининг хато ва камчиликларини англаб етади ва уни тузатишга ҳаракат қилади. Ўқув машғулотларида бу каби коррекцион ишларни амалга ошириш албатта, малака ошириш ҳудудий марказлари профессор-ўқитувчиларига катта масъулият юклайди.
Малака ошириш курслари тингловчиларининг тўлақонли малака оширишлари, энг аввало малака ошириш ҳудудий марказлари ўқитувчиларининг касбий компетентлиги ва малакаларига боғлиқ. Шундай экан, таълим мазмуни ва сифатини оширишда малака ошириш тизимининг вазифалари долзарб ҳамда масъулиятлилигини хар бир профессор-ўқитувчи теран ҳис қилиши зарур. Зеро, ўзбек педагогикасининг ёрқин намоёндаси А.Авлоний таъкидлаганларидек: “Тарбия-биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, фалокат масаласидир”30.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Президент Ш.Мирзиёевнинг «Конституция –эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир» номли маърузаси
2. И.Каримов.“Юксак маънавият-енгилмас куч” -Т: “Маънавият” 2008й.
3. Ш.Қ.Мардонов, В.Х.Ходжаев ва бошқалар “Ўқитувчилар малакасини оширишнинг инновацион-қадриятли йўналишлари”- Тошкент: “Фан ва технологиялар Марказининг босмахонаси” 2013 й.
Do'stlaringiz bilan baham: |