Қарама-қаршиликлар бирлиги ва кураши қонуни – диалектиканинг асосий қонунларидан бири ҳисобланади. Объектив дунёдаги ўз-ўзидан бўладиган ҳаракат ва ривожланишнинг ҳамда билишнинг манбаини очиб беради. Ҳар қандай ривожланиш асосида зиддият – бир-бирига қарама-қарши, ўзаро бир-бирини истисно қилувчи, шу билан бирга ички бирлик ва бир-бирига ўтиш жараёнида бўлган томонлар ва тенденциялар кураши (ўзаро таъсири) ташкил этади.
Қарама-қаршиликлар бирлиги – нисбий, уларнинг кураши мутлақдир. Бирлик зиддият ривожининг бошланғич босқичини акс эттиради (қарама-қаршиликларнинг бевосита бирлиги, уларнинг алоҳидалиги), кураш зиддият ривожининг юқори босқичини – қарама-қаршиликлар ниҳоятда кескинлашганлигини, объектнинг сифат жиҳатидан ўзгаришига ва янги зиддиятнинг пайдо бўлишига олиб келувчи зиддиятни очиб беради.
Зиддиятлар одатда, тафовутдан бошланади. Тафовут эса нарса, ҳодисаларнинг ўз-ўзидан, бир-биридан ажратиб, фарқлаб турадиган белгилар йиғиндисидир.
Қарама-қаршилик деб, нарса, ҳодисаларнинг бир-бирини тақозо қиладиган, айни пайтда бир-бирини инкор, истисно этадиган, жиҳат, хусусият ва майллар бирлигига айтилади.
Зиддиятлар деб, қарама-қарши томон, майл, куч, сифат ва хусусиятлар орасидаги муносабатни, ҳаракат ва тараққиётда ҳал этувчи, белгиловчи асосий сабаб манбаларга айтилади.
Конфликт деб, ижтимоий зиддиятларнинг ғоят кескинлашган ҳолатига айтамиз.
Борлиқ ва онг зиддиятли бўлгани учун уларни билиш жараёни ҳам зиддиятлидир. У билмасликдан билишликка, юзаки билишдан мукаммал билишга томон боради. Инсонларнинг фикри ҳам қарама-қаршилик, зиддиятлар орқали ҳаракат қилади, ўзаро зид, қарама-қарши томонларни, ғоя, фикрларни билмасдан нарса, ҳодисанинг моҳияти, аҳамиятини билиб бўлмайди. Билиш назариясининг ўзи ҳам турли хил оқимлар орасидаги доимий баҳслар, курашлар оқибатида шаклланган ва ривожланмоқда.
Қарама-қаршиликлар бирлиги ва кураши қонуни диалектиканинг шакл ва мазмун, моҳият ва ҳодиса каби жуфт категорияларида яққол намоён бўлади.
Қарама-қаршиликлар кураши уларнинг бирлигини тақозо қилади. Агар қарама-қарши томонлар фақат бир-бирини инкор этиб, улар боғланмаганда эди, ҳар холда улар ўртасида кураш бўлмас эди, бир-бирига қарши курашувчи томонлар ўртасидаги бирлик деганда бу томонларнинг бир-бирини тақозо этиши тушунилади. Масалан, инсон миясида бир вақтнинг ўзида тормозланиш ва қўзғалиш юзага чиқади.
Қарама-қаршилик ва зиддиятлар умумий бўлиб, тараққиётнинг ҳамма босқичларида сақланиб қолаверади, бири ечилиши билан иккинчиси пайдо бўлаверади.
Зиддиятларнинг асосий шаклларига ички ва ташқи, антогонистик ва ноантогонистик зиддиятлар киради.
Биринчидан, ички зиддият бир бутун тизим ёки алоҳида нарса ва ҳодисанинг ўз ичидаги қарама-қарши томонлардир.
Иккинчидан, ташқи зиддиятлар нарса, ҳодиса, жараён ўртасида мавжуд бўлган зиддиятлардир.
Учинчидан, антогонистик зиддиятлар мақсад ва манфаатлари бир-бирига тубдан зид бўлган, ҳеч қачон келиштириш мумкин бўлмаган нуқтаи назарлар, концепциялар, ижтимоий гуруҳ, табақалар ўртасидаги зиддиятлардир.
Тўртинчидан, ноантогонистик зиддиятлар асосий мақсад, манфаатлар, интилишлари ўзаро мос келадиган ижтимоий гуруҳ, табақалар, миллатлар орасидаги зиддиятлардир.
Қарама-қаршиликлар бирлиги ва кураши қонунининг фан ва амалиёт учун методологик аҳамияти беқиёсдир. Фан эски ва янги ғоя, назария ва майллар орасидаги кураш туфайли олға интилади, ижодий юксалади. Агар билиш билан янгиланишни олиб қарайдиган бўлсак, улар нисбий бирликда бўлади ва бир-бирига қарама-қарши курашади. Оламни билиш ўз моҳияти жиҳатидан узоқ, чексиз, жуда мураккаб жараёндир. Билишдаги қарама-қаршиликларнинг бирлиги ва курашининг бир шакли сифатида фандаги турли ғоя, қарашларни олишимиз мумкин. Масалан, фанда бирор-бир янги кашфиёт ихтиро қилинади ёки табиатда бирор янги нарса, ҳодиса маълум бўлади, дейлик. Бунда, албатта, шу ғоя, кашфиёт ҳақида турли ғоя, қараш, мулоҳазалар вужудга келади. Асосан, буларнинг барчаси бир-бирига қарама-қарши ва зид бўлади. Бунда бу зид томонлар ўртасида кураш кетади ва охир-оқибатда ҳақиқатга эришилади.
Демак, қарама-қаршиликлар бирлиги ва кураши:
биринчидан, табиат, жамият ва тафаккур тараққиётининг ички мазмунини, ҳаракатлантирувчи кучини очиб беради;
иккинчидан; шунинг учун бу таълимот диалектиканинг мағзини, мазмун-моҳиятини ташкил этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |