2. Диалектика ва унинг муқобиллари
Диалектика (юнон. dialektika – суҳбат олиб бориш, баҳслашиш санъати) – борлиқнинг вужудга келиши, унинг тараққиёти ҳақидаги фалсафий таълимот ҳамда воқеликни билиш ва унга асосланган тафаккур услуби. “Диалектика” тушунчаси фалсафа тарихида дастлаб ҳозирги маъносидан бошқача тушунилган. Юнон фалсафасида диалектика мухолифнинг муҳокамасидаги зиддиятларни очиб ташлаш, мунозара орқали ҳақиқатни топиш санъатини англатган. Кейинчалик бу усул табиат ҳодисаларига татбиқ этила бошлаган, билиш услубига айланган.
Диалектик тафаккур воқеликни билиш жараёни сифатида инсон жамият билан боғлиқликда пайдо бўлган. Воқеликни билиш ва уни инсон манфаатлари йўлида ўзгартиришнинг диалектик услубини англашга интилиш қадимги замонларга бориб тақалади. Бу интилиш дастлаб Шарқда пайдо бўлиб, антик даврда ўз такомилига етган. Фалсафа тарихида диалектика турлича талқин қилинган. “Диалектика” сўзи илк бор Сократ (Суқрот) томонидан қўлланилган. У диалектикани бир-бирига зид, қарама-қарши фикрлар тўқнашуви орқали ҳақиқатни топиш санъати деб билган.
Гераклит ижодида диалектика ўзининг антик даврдаги энг ёрқин кўринишига эга бўлди. Гераклит фикрича, “диалектика – муттасил ҳаракатдаги олам ички жиҳатдан зиддиятли ва у доимий ички жиҳатдан вужудга келиш, ривожланиш ҳамда таназзулга юз тутиш – қарама-қаршиликлар бирлигидан иборат”. Мазкур даврда Гераклит ва юнон файласуфлари таълимотлари негизида софистларнинг салбий тусдаги диалектикаси вужудга келади.
Софистлар ҳақиқатни борлиқ диалектикасидан эмас, баҳслар олами руҳиятидан ахтариб, зиддиятли инсон тафаккурини ҳаракатга келтирдилар, охир-оқибатда билиш фақат нисбий, гумоний, тахмин эканлигини эътироф этишгача бориб етдилар.
Ўрта асрлардан XVIII асргача оддий (мактабда ўқитиладиган) мантиқ илми сифатида тушуниб келинди.
Платон “диалектикани нарсаларнинг идеал моҳиятини билиш мақсадида тушунчаларни бўлак-бўлакларга ажратиш, сўнг бир-бири билан ўзаро боғлаш услуби” деб ҳисоблаган.
Кузалик Николай, Жордано Бруно диалектикани қарама-қаршиликларнинг мос келиши ҳақидаги таълимот деб таъкидлашган.
Немис мумтоз фалсафасида диалектика алоҳида ўрин тутади. Сабаби бу ерда фалсафа тарихида илк бор тараққиётнинг ягона диалектик назарияси ишлаб чиқилди ва у метафизик усулнинг ҳукмронлигига зарба етказди. Диалектиканинг энг юқори нуқтаси Гегель диалектикаси эди.
Кант ўзининг соф ақл антиномияси билан бу услуб асосчиси сифатида танилганди. Унинг фикрича, диалектика воқеликни тажриба, ҳиссий билимлар орқали эмас, балки соф тафаккур асосида билишга интилади. Ундан сўнг Фихте, Шеллинг диалектика тўғрисидаги таълимотни ривожлантирганлар. Диалектика услуби Гегель фалсафий тизимининг барча бўғинларини қамраб олган. Унинг фикрича, тараққиёт услуби сифатида тушунчалардаги зиддиятларни топиш ва уларни ҳал қилиш тушунилади.
Гегель диалектикани борлиқ, руҳ ва тарих тараққиёти зиддиятларини англашнинг умумий услуби деб билади. Унинг фикрича, зиддиятларни қарама-қарши тушунчаларнинг ўзаро тўқнашуви ва уларнинг бирлашуви орқали ҳал бўлиши деб билади. Гегель диалектиканинг асосий мазмуни бир-бирини инкор этадиган ва шу билан бирга бир-бирини тақозо қиладиган қарама-қаршиликлар ва зиддиятлар ташкил этади, дейди. Зиддиятга руҳ тараққиётининг ички манбаи сифатида қаралади, у қадам-бақадам муайянликка ва бу орқали тўлақонли, ҳақиқий натижага қараб интилади.
Бундай илгарилаб йўналган прогрессив ҳаракат, тафаккур жараёнига аста-секин ривожланиш, тадрижийлик хусусиятини беради.
Диалектика марксизмда кўпроқ материалистик нуқтаи назардан ишлаб чиқилди ва мутлақлаштирилди. Ҳозирги замонда услуб ҳамда назария сифатида ўз аҳамияти ва мақомини сақлаб келмоқда.
Фалсафа тарихида диалектиканинг 3 та асосий шакли таркиб топди:
қадимги дунёдаги илк, стихияли, содда диалектика (Гераклит, Платон ва б. );
немис мумтоз идеалистик фалсафаси (хусусан, Гегель);
К.Маркс ва Ф.Энгельс асос солган материалистик диалектика.
Қадимги дунёда Гераклит, “Милет мактаби” намояндалари, пифагорчилар, Аристотель, Зенон, Элея мактаби вакиллари, Платон ҳам ўзининг асарларида диалектикага оид ғояларни илгари сурганлар. Диалектик тафаккур туфайли Шарқ Уйғониш даврида янги-янги фанлар вужудга келди, аввалгилари такомиллашди. Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Форобий асарларида оламдаги нарса, ҳодисаларнинг сабабий боғланиши ҳақида қимматли фикрлар мавжуд. Улуғбек мактаби ҳам диалектик тафаккур маҳсули эди. Янги даврда Декарт, Спиноза диалектик тафаккур намуналарини намойиш қилганлар. XVIII аср охирига келиб, Францияда Ж.Ж.Руссо, Д.Дидро ва бошқа файласуфлар диалектик ғоялар ғоят ҳаётий эканлигини таъкидлаганлар.
Диалектика бир неча минг йиллик босқичларни босиб ўтиб, оддийдан мураккабга, қуйидан юқорига томон ривожланиб, фанга айланди. У фалсафанинг юраги ҳисобланиб, ундаги асосий ғоя тараққиёт ғоясидир. Унинг сабаби, манбаи, ҳаракатлантирувчи кучи нарса, ҳодиса, жараёнлардаги зиддиятлар курашидир.
Диалектикага қарама-қарши зиддиятлар, усуллар, таълимотлар ҳам бор. Диалектика улар билан курашда ривожланган, чиниққан. Қадимги дунё стихияли диалектикасига қарама-қарши муқобил тафаккур услублари метафизика, софистика, эклектика, формал мантиқ, догматика мавжуд бўлган. Фалсафа тарихида турлича тафаккур услуби ҳақиқатни очиб бера оладиган универсал услуб ўрнини босишга ҳаракат қилар эди. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам тарихий тараққиёт жараёнида давр талабига жавоб бера олмаганлиги учун инкор этилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |