11-МАВЗУ. ЎЗБЕКИСТОНДА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ИНСТИТУТЛАРИ ВА МАҲАЛЛИЙ ЎЗ-ЎЗИНИ БОШҚАРИШ
Режа:
1.Ўзбекистонда кўппартиявийлик тизимининг шаклланиши ва ривожланиши.
2.Ўзбекистонда фуқаролик жамияти инстутлари шаклланиши ва ривожланиши ҳуқуқий асослари.
3.Ўзбекистонда ННТнинг фуқаролик жамияти институти сифатида ривожланиши.
4. “Ҳаракатлар стратегияси” – фуқаролик жамияти сари йўл.
Таянч тушунчалар: сиёсий партия, кўппартиявийлик тизими, фуқаролик жамияти, фуқаролик жамияти институтлари, номарказлаштириш, ўзини ўзи бошқариш, нодавлат нотижорат ташкилотлар, ҳаракатлар, учинчи сектор, яшиллар, манфаатлар гуруҳлари, жамғармалар, ҳуқуқий давлат, давлат ҳокимияти, институтлар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги, инсон манфаатлари, артикуляция, интеграция, инсон ҳуқуқлари, ижтимоий табақа (қатлам), эркинлаштириш.
1.Ўзбекистонда кўппартиявийлик тизимининг шаклланиши ва ривожланиши.
Ўзбекистонда демократик принциплар ва фуқаролик жамияти талаблари асосида сиёсий партияларни тузиш фақат мустақиллик даврида амалга оширилди. Мамлакатда ривожланган мамлакатлар тажрибаси ва миллий анъаналардан келиб чиқиб сиёсий партияларнинг жамият институти сифатидаги ҳуқуқий мақоми шаклланди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 60-моддасида сиёсий партияларнинг ҳуқуқий мақоми қуйидагича белгиланган: “Сиёсий партиялар турли табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар. Сиёсий партиялар ўз фаолиятларини молиявий таъминланиш манбалари ҳақида Олий Мажлисга ёки у вакил қилган органга белгиланган тартибда ошкора ҳисоботлар бериб турадилар”1.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 56-моддасига биноан сиёсий партиялар “жамоат бирлашмалари” сифатида эътироф этилади2. Мазкур Конституциянинг 58-моддасида эса “давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамоат бирлашмалари фаолиятига аралашишига, шунингдек жамоат бирлашмаларининг давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди”3, дейилади. Бу билан, биринчидан, сиёсий партиялар жамоат бирлашмалари каби жамиятнинг институти эканлиги эътироф этилади; иккинчидан, сиёсий партияларнинг давлат ҳокимияти органлари фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги конституциявий меъёрлар билан таъқиқланиб, унинг давлат ҳокимиятига дахлдор эмаслиги таъкидланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 34-моддасида жамиятдаги мухолифий ҳуқуқни ҳимоя қилиш мақсадларида қуйидаги қоида мустаҳкамланган: “Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи муҳолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас”4.
1991 йил 14 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонун мамлакатда кўппартиявийлик тизими шаклланишининг ҳуқуқий жиҳатларини таъминлаб бериши натижасида мамлакатда янги сиёсий партияларнинг шаклланиш жараёнлари бошланди. Ўзбекистонда кўппартиявийлик тизимини қарор топишида 1996 йил 25 декабрида Олий Мажлис қабул қилган “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонун муҳим ўрин тутди. Қонун 17 та моддадан иборат бўлиб, унда сиёсий партияларнинг демократик қоидалар асосида фаолият юритишлари учун ривожланган мамлакатлар мезонлари талабларига хос бўлган ҳуқуқий асослар яратилди. Қонуннинг 5-моддасига биноан, “давлат сиёсий партиялар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари муҳофаза этилишиини кафолатлайди, уставда белгиланган ўз мақсадлари ва вазифаларини бажаришлари учун уларга тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради”5. Шунингдек, сиёсий ҳаётда биринчи марта қонуннинг 12-моддасида сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари аниқ ва равшан кўрсатиб берилди: “Сиёсий партиялар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
-ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни эркин тарқатиш, ўз ғоялари, мақсадлари ва қарорларини тарғиб қилиш;
-сайлаб қўйиладиган давлат органларидаги ўз вакиллари орқали тегишли қарорларни тайёрлашда иштирок этиш;
-қонунда белгилаб қўйилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти, давлат ҳокимияти органлари сайловларида иштирок этиш;
-партия фаолияти билан боғлиқ йиғилишлар, конференциялар ва бошқа тадбирларни ўтказиш;
-қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда оммавий ахборот воситалари таъсис этиш ва бошқа оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш;
-Ўзбекистон Республикасининг сиёсий партиялари билан иттифоқ (блок) тузиш, улар билан ва бошқа жамоат бирлашмалари билан шартнома муносабатлари ўрнатиш”6.
Фуқаролик жамиятининг муҳим белгиларидан бири, бу - сиёсий институтларда ва сиёсий жараёнларда турли хил фикрларнинг эркин ифода қилинишига ҳуқуқий асослар яратиб бериш, шунингдек, ҳуқуқий давлат фуқаролари - плюралистик фикрлашга қобил бўлган шахсларни шакллантиришдир. Шу мақсадларда қонуннинг 13-моддасида Олий Мажлисдаги партия фракцияларининг эркин фаолият юритишлари, уларнинг ҳозирги давр илғор мамлакатларидаги меъёрлар талабларига мувофиқ жамиятнинг сиёсий ривожланишига ҳисса қўша олиш даражасига кўтарилишларининг ҳуқуқий жиҳатлардан таъминлашга асос солинди: “Сиёсий партияларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисидаги фракциялари сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган депутатларнинг таъсис йиғилишларида ўз партияларининг сиёсатини уюшқоқлик билан ўтказиш учун тузилади”.
Сиёсий партияларнинг жамиятдаги ва сиёсий муносабатлардаги функцияларини тўла бажара олиш қобилиятини шакллантириш учун уларнинг фаолиятларини молиявий жиҳатлардан ҳам кафолатлаш тажрибаси Ўзбекистонга ҳам кириб келди. 2004 йил 30 апрелда иккинчи чақириқ Олий Мажлиснинг XIV сессияси “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилди. Хусусан, сиёсий партияларга молиявий ёрдам бериш партияларнинг сиёсий рақобатдаги имкониятлар нотенглигини камайтиради, уларнинг алоҳида жисмоний ёки ҳуқуқий шахслар гуруҳларига нисбатан қарамлигини йўқотади. Натижада сиёсий партиялар коррупцияга қарши курашнинг таъсирчан воситасига айланади. Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ, “Сиёсий партия, агар у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайлов якунлари бўйича “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонунига мувофиқ Қонунчилик палатасида сиёсий партия фракциясини тузиш учун зарур миқдорда депутатлик ўринларини олган бўлса, ўзининг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун давлат маблағларини олиш ҳуқуқига эга бўлади”. Шунингдек, қонунда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат маблағларини “олиш ҳуқуқига эга бўлган сиёсий партиялар ўртасида уларнинг Қонунчилик палатасида олган депутатлик ўринлари миқдорига мутаносиб равишда тақсимлайди”7. Шу билан бирга, мазкур қонунга биноан сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатаси ва давлат ҳокимиятининг бошқа вакиллик органларига сайловда иштирок этиши, шунингдек, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партия фракцияларининг фаолияти ҳам давлат томонидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилди.
2007 йилнинг 1 январидан кучга кирган ”Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатда фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш учун ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаб, сиёсий партиялар демократик тамойиллар асосида фаолият юритишлари учун имкониятлар яратади.
“Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” ғояларини амалга ошириш мамлакатда фуқаролик жамияти қуришнинг янги босқичи бошланганлигини англатади. Концепцияда сиёсий партиялар ролини оширишга доир қонунчилик асосларини демократлаштириш ва такомиллаштиришга доир ваифаларни бажариш натижасида давлат бошқарувини халқ иродаси асосида амалга оширишга имкониятлар яратилади.
Концепциясида сиёсий партияларга ҳукуматни шакллантириш соҳасида муҳим давлат аҳамиятига эга бўлган қарор қабул қилиш ваколати бериш таклифи илгари сурилди: “Ўзбeкистoн Рeспубликaси Бoш вaзири нoмзoди Ўзбeкистoн Рeспубликaси Oлий Мaжлисининг Қoнунчилик пaлaтaсигa сaйлoвлaрдa энг кўп дeпутaтлик ўрнини oлгaн сиёсий пaртия ёки тенг миқдoрдaги дeпутaтлик ўринлaрини қўлгa киритгaн бир нeчa сиёсий пaртиялaр тoмoнидaн тaклиф этилaди”8.
Кўриниб турибдики, сиёсий партиялар сайловчилар (халқ) иродасини ифодачиси сифатида намоён бўлиб, ҳукуматни шакллантиришда энг асосий сиёсий институт сифатидаги мақомга эга бўлди. Албатта, бу ҳолат фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиларидан бири бўлиб, партиялар воситасида шаклланган ҳукумат халқ иродаси асосида шакллангани учун ҳам у халқчил сиёсат олиб боришга интилади.
Миллий мустақиллик даврида ташкил топган сиёсий партиялардан бири, бу - Ўзбекистон Халқ демократик партиясидир. Партияга 1991 йилнинг 1 ноябрида бўлиб ўтган таъсис қурултойида асос солинди. Ўзбекистон ХДП ўзини асосан ижтимоий адолат ва ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар манфаатларини ҳимоя қилиши, мамлакат сиёсий кучларининг сўл қаноти сифатида фаолият юритишини эълон қилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг асосий мақсади қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга ва ҳимояга эҳтиёжманд фуқаролари манфаатларини ифодалайди ва ҳимоя қилади. Булар – иқтисодиётда банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли, ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёж сезадиган ва ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган одамлар; доимий иш жойи ва муқим маошга эга бўлмаган аҳоли қатлами, бошқа ижтимоий соҳаларнинг ходимлари ва мутахассислари, кам таъминланган ва кўп болали оилалар, пенсионерлар ҳамда имкониятлари чекланган кишилар. Ўзбекистон ХДП давлат томонидан ушбу тоифа кишиларининг манфаатларини кўзлаб изчил сиёсат олиб борилишига ҳаракат қилади, уларни ўзининг электорати деб ҳисоблайди ва сайлов кампанияларида уларнинг қўллаб-қувватлашига умид боғлайди;
–катта ҳаётга кириб келаётган ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, таълим олиши ва ўқишни битирганидан кейин иш ўрнига эга бўлиши учун адолатли, барча учун тенг ҳамда ижтимоий очиқ шарт-шароитлар яратиш; пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум болаларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга кафолат берадиган пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақалар тизимини шакллантириш;
-халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг ҳудудий иш ўринлари яратиш ҳамда ўрта махсус ва олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш дастурларига мослаштирилган хизмат ва товарлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришга доир ўрта муддатли инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш борасидаги ташаббусларини янада ривожлантириш; шу ўринда маҳаллий хомашёдан рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва мавжуд ресурс ҳамда талаб асосида хизматлар кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда9.
Шунингдек, партия бутун жаҳон демократик ҳаракати сўл қанотида қабул қилинган ТЕНГЛИК, ОЗОДЛИК, АДОЛАТ, БИРДАМЛИК, ДЕМОКРАТИЯ ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ, ТИНЧЛИК принциплари ҳамда халқимизга хос бўлган миллий ва умуминсоний гуманистик ҳамда демократик қадриятларга амал қилишини асосий мақсадлардан бири сифатида қабул қилган. Партиянинг ижтимоий идеали – Ўзбекистонда социал демократик давлатни бунёд этишдир. “XXI асрда кучли Ўзбекистон!” ғояси партиянинг бу мақсадга эришишдаги асосий ғояси ҳисобланади10.
Ҳозирги даврда Ўзбекистон ХДП охирги сайловларга ўз сафида 424.5 мингдан зиёд аъзолари билан қантнашди. Партия аъзоларини бевосита бирлаштирадиган 9955 та бошланғич ташкилот фаолият кўрсатади. Партиянинг Қонунчилик палатасида 21 та депутатдан иборат фракцияси фаолият олиб боради.
Партия ўзининг оммавий ахборот воситаларига эга. Унинг марказий нашрлари: ўзбек тилида чоп этиладиган “Ўзбекистон овози” газетаси; рус тилида чоп этиладиган “Голос Узбекистана” ҳафталиги.
Do'stlaringiz bilan baham: |